Асосий мавзулар
27 сентябр 2023

Парфиёна ёки Рауф Парфи ҳақида бадиҳа

Бугун Рауф Парфи номи эсланаркан, унинг асл шогирдлари билан бир қаторда устознинг номига суйканиб, «бир нарсалик» бўлиб қолиш илинжидаги қаламтебратарлар ҳаракатини ҳам кузатиш мумкин.

Юмшоқ қилиб айтганда, Рауф Парфи ижодини ҳар ким ўз андозаси билан ўлчашга интилади.

Рауф Парфи ҳақида ўзим ҳам бирдан, эга-кесимини келиштириб, шипиллатиб ёзиб ташлай олмайман. Чунки мендаги тайёр андозаларнинг бирортаси ҳам унга мос эмас.

«Мен сизни тушунаман, Қудратбек. Ўзингизни катта бир дарахт соясига тушиб қолгандай ҳис қиляпсиз», дея тасвирлаган эди бир вақтлар мендаги бу ҳолатни Рауф Парфининг ўзи.

Хотирамнинг заиф маҳсули бўлган бу бадиҳани «Парфиёна» дея атадим. Бир томондан, у Рауф Парфи ҳақида бир вақтлар ёзганим ушбу шеър изоҳи ҳамдир:

Чағалайнинг йиғиси
каби денгиз яна бўрон уфурар…
У бир ҳазин қўшиқ айтади,
У бир яқин ҳамдард қидирар…
Кўтарар-у қадаҳни ичмай
йўлак узра отар:
«Йўл хато!»

Рауф Парфи қўлёзмаси

Журналистика факультетининг биринчи курсини тугатиб, 1983 йили армияга кетдим. Бу орада акам Шуҳрат Бобожон бир даста шеърларимни Рауф Парфига элтиб берди.

Шу зайл икки йил Қозоғистон чўлларида ҳарбий ҳизматда юриб, Рауф Парфига ғойибона шогирд тутиндим.

Ёзув машинкасида терилган шеърларимни Рауф Парфи қўлда таҳрир қилиб, қайта кўчириб, акам орқали менга юборгани эсимда.

Бу туркум шеърлар, эсимдан адашмасам, 1994 йили «Хоразм тарафдан эсди шамоллар» умумсарлавҳаси остида «Шарқ юлдузи»да босилди, айни туркум ўша йили «Ёшлик» журналида ҳам чоп этилди.

Шоирнинг содиқ дўстларидан бири Хуршид Даврон бу шеърлардан диктор ижросида композиция тайёрлаб, республика радиосида эшиттирди.

Лекин мен учун расмий нашрлардан кўра Рауф Парфи қўлёзмаси азизроқ бўлиб қолаверди.

Хоразм тарафдан эсди шамоллар,
Елканлар елкамга қўйдилар қўлин.
Хоразм тарафга кетди бетизгин,
Учқур хаёлларим бир кема бўлиб…

Шогирдлик даври

Хуллас, 1985 йили армиядан қайтгач, кўп шогирдлари қатори устознинг олдига тез-тез борадиган бўлдим.

Албатта, қўлёзмаларимни кўтариб. У киши ҳам ортиқ қўлёзмаларимларни таҳрир қилмасликка «сўз берди».

«Хато қилдим. Таҳрир билан сендаги табиийликни ҳам қайчилаб қўйгандекман», деди у ҳаддан ташқари камтарлик билан.

«Улар энди сизнинг шеърингиз каби жаранглайди…», дедим очиқроқ қилиб.

Бир сафар япон шоири Басё таъсиридаги учликларимни у кишига олиб бордим, кейинроқ Лотин Америкаси адабиёти таъсиридаги қўлёзмаларимни ўқиб бердим.

Мени тинглаб туриб, устоз қўлёзмаларимни қўлига олиб, ҳижжалаб узоқ ўқий бошларди.

Дилором опанинг аччиқ нигоҳига кўзим тушиб, устозни ортиқча «эксплуатация» қилаётганимдан ташвишга тушардим.

Лекин, Рауф Парфи аёлининг эътирофича, бу машғулот ҳар ҳолда шиша атрофида давом этадиган ўтиришлардан кўра беозор эди.

«Сарлавҳаларда ортиқча олифталик бор. Шеърий техникадан кўра бошқа бир нарса ҳам керак…» .

Шеърларимдаги етишмаётган унсур ҳақида бир соатларча гаплашдик. Мен бу суҳбатни бугун хатосиз, тўлиқ келтира олмайман. «Муҳими, кўп ўқи ва кўпроқ ёз!» дегани эсимда қолган.

У қайтариш шарти билан, ҳар сафарги одатига кўра, навбатдаги китоб – Борхесни қўлимга тутқазди.

Менинг ижодим 1987 йилга қадар «сермаҳсул» бўлди. Ўша даврда бирин-кетин «Юракдаги ҳовур», «Синиқ Чилтор» шеърий туркумлари, «Ўлик шаҳар афсоналари», «Ёруғ кун» каби ҳикояларни ёздим…

Бироқ менинг барча қўлёзмаларим Рауф Парфи нашриётда ҳали муҳаррир бўлган йиллари нашриёт тахмонларига қандай тахлаган бўлса, шундайлигича қолди.

«Муҳаррир бўлатуриб ўз қўлёзмаларимнинг ҳам аҳволи шу-ку. Бизни босишмайди», деди Рауф Парфи цензура қайчилаб ташлаган «Қайтиш» китобининг қаламда тўғриланган вариантини мендагиси билан айирбошларкан.

Дарвоқе, гап бу ерда менинг шеърларим ёки шахсим ҳақида эмас, Рауф Парфининг таъсири ва унинг менга кўринган томони ҳақида.

Дарахт ўсар бу йўлак аро…
Бу дарахтнинг барглари яшил,
Бу дарахтнинг барглари қизил
Бу дарахтнинг барглари қаро…

Туш таъбири…

Адашмасам, 1989 йилнинг февралида Тошкентда ғалати бир туш кўрдим. Эрталаб саҳар Хоразмдаги уйимизда уйғонибман. Уйимизга қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов меҳмонга келган эмиш. Мен хурсанд бўлиб, дафтарларимни кўтариб, уйимиз тўридаги залга, унинг ёнига ошиқдим.

Барваста қоматли Чингиз Айтматов дадам раҳматли билан бир столда жиддий мавзуларда суҳбатлашиб, чой ичиб ўтиришарди. Мени кўриб ўрнидан қўзғалди.

«Рауф Парфи форуми бошланди. Хабаринг йўқми?» деди тушимдаги қирғиз ёзувчиси.

Дадам эътироз билдиришга уринди. Бироқ Айтматов кескин оҳангда шу бугуноқ Тошкентга учишим кераклигини айтди.

Шошилиб ташқарига чиқдим. Аммо Урганч аэропортига борганимда осмонни аллақачон қоронғу тун қоплаган. Кимсасиз аэропортда ёлғиз оппоқ улкан учоқ турарди…

Учоқ зинасидан кўтарилиб, салонга кирдим. Ҳеч ким йўқ. Учоқ товушсиз ва сокин бир тезликда ҳавога кўтарилди.

Учоқ қўнганида ичимда бошланган ғалати хавотир кучайди. Тошкент ўз жойида эмас ёки шаҳар кимсасиз ҳувиллаб ётарди.

Терминалдан чиққанимда ёлғиз трамвайга дуч келдим. Унинг ичида фақат битта қария газета ўқиб ўтирарди. Трамвай қўзғалди. Мен кейинги бекат номини сўраш учун қариянинг олдига бордим.

Кўзимга тушимдаги бу киши Шукрулло домла бўлиб кўринди. Кейин унинг юзи бошқача тус олди. Безовта қилганимдан дарғазаб, даҳшатли оҳангда ва рус тилида «Ты не со своим братом связался!» деди.

Совуқ тер босди. Трамвай суянчиғини ушлаб, тезроқ узоқлашмоқчи бўлдим.

«Сен шу дамда форумда бўлишинг керак», дея шипшиди чол тағин Шукрулло қиёфасида рўпарамда пайдо бўлиб, у ёқ-бу ёққа қўрқув билан алангларкан.

Трамвай эшиги ғижирлаб очилиши билан чопа бошладим. Атрофда оқ кийим кийган тумонат одам, бир томонга, тепаликка қараб интилишарди. Издиҳомга қўшилдим. Баландлик тепасида оппоқ ва узун ридо кийган Рауф Парфи турарди.

У кафтларини бошим устида баланд тутиб туриб бундай деди:
«Бошқа шеър ёзмагин!»

Қора терга ботиб уйғонганимда, ҳали соат саҳарги бешлар чамаси эди. Бошқа ухлолмадим. Тушимни кейинроқ устозга гапириб бердим. У заррача ҳайратланмади.

«Ҳақиқатан ҳам шеър ёзадиган пайт эмас шекилли. Мен ҳам ёзмай қўйдим», деди жиддий оҳангда, бўлаётган сиёсий воқеалар, миллий мустақиллик учун кураш ҳаракатларига ишора қилиб…

Силкинару улғаяр дарахт.
Ниқоблари жиққа қора тер,
Болта урар иблислар карахт.
Шивирлайди Биринчи Иблис:
“Дарахт эмас, қурисин Илдиз!”

«Бор! Тирикларни чақир!»

Шу тушми ё бошқа сабаб, деярли анча вақт шеър ёзмадим. Тўғрироғи, мақолалар, сиёсий шиорлар, памфлетлар, варақаларга матнлар ёздим. Ўша пайтда ёзган шеърларим ҳам кўпроқ сиёсий чақириқ каби эди.

90-йиллар бошларидаги бир шеърим бундай якунланган экан:

…Ортиқ эслама мени,
Тилим лол, кўзим сўқир.
Сенга эш керак бўлса, –
Бор! Тирикларни чақир!

Муҳаммад Солиҳ  дастлаб 1990 йили «Эрк» ҳаракати ва сал ўтмай шу номдаги партияни тузганида Ўзбекистондаги кўпчилик шоир, ёзувчилар айни партияни қўллаб-қувватлай бошлашди.

Бироқ Рауф Парфи «Бирлик» халқ ҳаракати тарафида қолди. Ҳолбуки, у бир умр Муҳаммад Солиҳнинг энг яқин дўсти, маслакдоши эди.

Кейинчалик, 1992 йили ҳам аслида мустақиллик ғоясининг тирик душмани бўлган президент Ислом Каримов тарафига заррача оғмади.

Давлат мансабларидан, мукофотларидан, мустақиллик ҳақидаги баландпарвоз дабдабали чиқишлардан ўзини узоқроқ масофада тутди.

Силкинару улғаяр дарахт.
Ниқоблари жиққа қора тер,
Болта урар иблислар карахт.
Шивирлайди Иккинчи Иблис:
“Томирига туташдир денгиз”.

Мустақилликдан сўнг

Президент Каримовнинг ҳаддан ошган сиёсий босимлари сабаб Тошкентда ортиқ қолишимнинг имкони бўлмади. Ундан аввал Ўзбекистонда парламентнинг Эркин Воҳидов раислигидаги Ошкоралик қўмитаси тугатилди.

1994 йили Хоразмга қайтиб келиб, кичикроқ дўкон очиб, тижорат қила бошладим. Ўша йилнинг 12 апрелида акам Шуҳрат Бобожон ва укаларим билан биргаликда «Эй Эл Си» телекомпаниясига асос солдик.

Ишимиз юришгандай кўринди. Бироқ ўша кезларда Тошкент қаҳвахоналаридан бирида мен Рауф Парфини жуда эзилган ҳолда учратдим.

Мен у кишига сўз эркинлиги соҳасида мисли кўрилмаган режаларимиз борлиги, Хоразм адабий муҳити Рауф Парфи билан учрашувни кутаётганидан гапирдим:

«Аэропортдан Урганч шаҳри кўчалари бўйлаб шоир кортежи юриб келади. Кўчаларга устознинг расми акс этган бир нечта билборд ўрнатилган бўлади. Ёшлар гуллар билан… Муҳими барчаси ТВ орқали Хоразм, Қорақалпоғистон ва Туркманистон ТВ зонасидаги 3 миллион аҳолига олиб кўрсатилади…».

Ўз фантазиямни узоқ ва мароқ билан гапирдим. Устоз мийиғида кулиб эшитди. Ҳис-ҳаяжонимга қўшилиб, қўшимчалар қилди.

«Тадбирда шоир ўзининг ҳалигача чиқмай, нашриёт тахмонларида ётган янги китобига дастхатлар ёзиб беради. Қарсаклар, олқишлар…»

Кейин иккимиз ҳам ерга тушдик.

«Мени бир масхарабоз каби томоша қиларкан-да халқ?» деди жиддий тортиб… Устоз ҳамиша ясама ялтироқлик, қалбакилик, сохталик каби иллатлардан йироқ эди.

Менинг андозамдаги бу тадбир ўтказилмади. Кейинги йилларда ва шоирнинг ўлимидан кейин ҳам юбилейлари бирин-кетин олий даражада нишонланмагани каби…

Кейин давр шамоли янада кескинроқ эса бошлади. Демократлар қатағонидан кейин Каримовни қўллаган исломчилар ҳам қувғинга олинди.

Кўп ёзувчи ва шоирлар ҳам минг хил товланиб, даврга мослашиб ўзгарди.

Бизнинг телестанциямиз ҳам кўп ўтмай ёпилди. Хоразмдаги дўконим устига ҳам бульдозер солинди.

Рауф Парфи эса умрининг охиригача ўзлигича, мискинлигича қолди. Шу зайлда 2005 йилнинг 28 апрелида Тошкентда  вафот этди.

Силкинару улғаяр дарахт.
Ниқоблари жиққа қора тер,
Болта урар иблислар карахт.

Шивирлайди Учинчи Иблис:
“Томир эмас, қурисин Денгиз!”

Чағалайнинг йиғиси каби
Денгиз яна бўрон уфурар…
Кўтарару қадаҳни ичмай,
Йўлак узра отар: “Йўл хато!”

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 октябр 2023
Мана азизлар яна сизлар билан юзма юзман. Сизларга яхши гап айтгим келади. Ëмон гап айтиб кимнидир кўнглига озор берганимдан ...
12 феврал 2021
Минутлар, соатлар ва кунлар ўтиб яна сиз билан мулоқотдаман. Бугун 2021 йилнинг 12 феврали. Бундан 140 йил аввал Россия ...
12 сентябр 2016
Бош Вазир Шавкат Мирзиёев ўзининг муштумзўрлиги билан, шунингдек, Тошкентдаги аҳоли уй-жойларини, гаражларини бузиш, пойтахт аҳолисини оммавий тарзда шаҳар чеккасидаги ...
13 май 2016
Ўқитувчиларга маош ўрнига берилаётган «жўжанинг давлат курси» бозор нархидан икки баравар қиммат экани ҳақида урғулайди Озодлик радиоси. Eltuz.com Нукус ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...