Асосий мавзулар
6 ноябр 2018

Фарғоналик собиқ нотариуслар реабилитация истамоқда

Фарғона вилояти нотариал идораларининг бир гуруҳ собиқ ходимлари ўзларига нисбатан Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) томонидан уюштирилган жиноят иши юзасидан “адолат истамоқда”.

Уларнинг “Элтуз” таҳририятига юборган мактубида ёзилишича, 2016 йилда 22 нафар давлат нотариуси ва нотариал идораларнинг элликка яқин ходимига нисбатан “қасддан ғайриқонуний равишда жиноят иши қўзғатилган”. Бир кимсанинг нотариус устидан ёзган аризаси асосида Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Риштон, Бағдод, Учкўприк, Бувайда, Ўзбекистон, Қува, Тошлоқ туманлари, Қўқон ва Фарғона шаҳарларидаги нотариуслар жавобгарликка тортилган.

Мактубда жиноят иши фақат махсус тузилган рўйхатга киритилган нотариусларга нисбатан қўзғатилгани, “буни бемалол “нотариуслар иши” деб атаса бўлавериши” таъкидланган.

Хатда баён этилишича, нотариуслар фуқароларга хизмат кўрсатишда ортиқча пул олганликда айбланган. Жиноят ишларида ҳеч қандай далиллар бўлмаган, фақатгина фуқаролардан мажбурлаб, алдаб, қўрқитиб олинган сўроқ баённомалари мавжуд, холос.

Мактуб эгаларининг маълум қилишича, тергов ҳаракатларини Фарғона вилояти прокуратураси томонидан тузилган тергов гуруҳи амалга ошириши лозим бўлган ҳолда бу ишларга ноқонуний ҳолда молия ва солиқ, СВОЖҚКД, ИИБ ходимлари жалб қилинган.

Тергов томонидан кўрсатмалар қўрқитиш, алдов, тазйиқлар воситада олингани, ҳатто вафот этган баъзи фуқаролар иштирокидаги сўроқ баённомалари расмийлаштирилгани иддао қилинади мактубда.

Унда яна ёзилишича, судланган нотариусларнинг ҳар биридан миллионлаб сўм (баъзиларидан қарийб юз миллион сўм) “зарар” давлат фойдасига ундирилган.

Собиқ нотариуслар бу ишларнинг бошида МХХ Фарғона вилояти бошқармасида ўша пайтда суд ва адлия соҳаси куратори бўлган Сардор Қурбонов турганини, тергов гуруҳи аъзолари ва судьялар унинг кўрсатмасини сўзсиз бажарганини маълум қилган.

“Эшитишимизга қараганда, Фарғона вилояти адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Мирҳаёт Назаралиев Фарғона вилояти ҳокими ва МХХ вилоят бошқармаси бошлиғи билан чиқиша олмай қолганлиги учун уни ишдан бўшатиш мақсадида юқоридаги “қирғинбарот” уюштирилган, адлия бошлиғи эса МХХ ходимлари қўлида қўғирчоқ бўлиб қолганлиги сабабли шу нохақликларнинг юз беришига кенг йўл очиб берган ва ходимларини қурбон қилган”, дейилади мактубда.

Собиқ нотариуслар ўзларининг реабилитация қилиниши, ўзларига қилинган “ноҳақликлар” фош этилишини сўраб Президент қабулхонасига, Бош прокуратурага, Олий судга, Судьялар олий кенгашига, Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилишганини, шунга қарамай, бу мурожаатлар айнан терговни олиб борган Фарғона вилояти прокуратурасига юборилаётганини билдирган.

Мактуби сўнггида собиқ нотариуслар “адолат қарор топишида ёрдам” сўраган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 март 2018
Россияда 18 март куни Владимир Путиннинг яна бир бор президентликка сайланиши кутилмоқда. Федерация ҳудудларидан ташқари 2014 йили Россия ишғол ...
11 август 2021
“Хива шаҳри – турк дунёси пойтахти” дастури доирасида Туркиянинг Невшеҳир вилояти ҳудудида жойлашган Ўртаҳисор ёки бошқа номи Кападокия шаҳарчасида ...
3 январ 2019
Швеция пойтахти Cтокгольмнинг Солна тумани судида террорчиликни молиялаш ва терактлар тайёрлашда гумон қилиниб ҳибсга олинган 6 нафар ўзбек устидан ...
19 апрел 2016
«Маънавият соҳасидаги энг жиддий хавфли таҳдид ватансизлик ғоясидир. Мафкуравий кураш арсеналида ватансизлик энг хавфли қуроллардан бири ҳисобланади», деб ёзди ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...