Бахтиёрлик ёки никоҳ учун икки қоп пахта
Инсон бахтли бўлиши учун нима қилиши керак? Севган ёрини топиши керак дерсиз? Лекин Фарғона вилояти раҳбарлари бундай деб ўйламайди.
Никоҳдан олдин улар нақ икки қоп пахта териб, ЗАГС мудирасига топшириши керак! Бу ерда гап асал ойи учун зарур дорихона пахтаси ҳақида кетмаяпти.
Данғаралик ёш келин-куёвлардан бирининг «Элтуз»га маълум қилишича, улардан икки қоп пахта териб бериш ЗАГС гувоҳномаси учун сўралган.
Илгарироқ тармоқда ўзбек имомларининг «Пахта териш ибодатдур!» деган калимасини қайтариш урф бўлган эди. Давлат идораси қароридан кейин улар ҳам энди никоҳ ўқиш маросимини далага кўчиришса керак.
Шунингдек, 2018 йилги пахта мавсуми “Пахтага қўли теккан одам – бахтли одам!” сингари абсурд шиорлари билан тарихга кирди. Ижтимоий тармоқда кулгили мемларга айланган бу шиорлар Фарғона вилояти бозорлари пештахталарига ва теримга қатнаётган автобусларга ўрнатилди.
Албатта, бу ерда ҳам шоҳона-шоҳона болиш ёки кўрпа ичидаги пахта назарда тутилмаяпти. Пахтани териб, уни фермерга топширасиз, фермер ҳокимга, ҳоким вазирга, вазир президентга топширади ва у шубҳасиз бахтли бўлади.
Видео: https://youtu.be/wJ-XOjk5lkI
Eltuz.com