Кўзқараш
18 феврал 2019

Ўзбек тилининг нечта варианти бор?

Тиллар ўртасидаги чегаралар аниқ эмас. Қўйингки, ҳатто “тил” тушунчаси ўта баҳсли. Ким тилга аниқ таъриф бера олади? Унинг аниқ жиҳатларини кўрсатиб бера олади? Шева, тил, диалект каби тушунчаларни ажратиб кўрсатиб бера олади? Ҳеч ким. Фанда бу саволларга жавоб йўқ.

Ўта шартли даражада, илмий истеъмол учун қулай бўлиши учун қуйидагича схема таклиф қилинган: қайси тил ёки шеванинг ёзма меъёри бўлса, у тил ҳисобланади. Ёзма шакли бўлмагани эса шевалар гуруҳи деб аталади. Илгари тилнинг конвергент ва дивергент ривожланиши ҳақида гаплашгандик. Бунга қўшимча айтиш мумкинки, тил ҳеч қачон бир жойда турмайди — у доимо ёйилишга, шеваларга бўлинишга мойил бўлади. Қадимда, коммуникациялар яхши ривожланмаган, интернет бўлмаган замонларда янги шевалар ҳосил бўлиши анча осон иш эди. Аммо ҳозир дивергенция жараёнини тутиб турадиган, конвергенция ва жипслашувга хизмат қиладиган омиллар кўп. Булар адабий меъёр, матбуот, мактаб таълими, интернет ва умумий маданиятдир. Қадимда булардан фақат адабий меъёр бўлган, лекин у ҳам оммавий саводсизлик туфайли дивергенция жараёнига тўсқинлик қила олмаган. Демак, қадимдан тиллар дивергенция ва конвергенция жараёнларининг ўзаро кураши асносида ривожланиб келган; қадимда дивергенция устунлик қилган бўлса, ҳозир тиллар ўзаро яқинлашишга кўпроқ мойиллик кўрсатмоқда. Бунда ҳал қилувчи ўрин тутувчи омил, албатта, адабий тилдир.

Лекин айрим тилларнинг иккита ва ундан ортиқ меъёри бўлиши ҳам мумкин. Инглиз ва форс тиллари бунга яққол мисолдир. Лекин ўзбек тилининг ҳам бир нечта меъёри борлигидан хабарингиз борми?

Ёзма меъёр тилнинг оғзаки қиёфасини ҳам белгилаб беради. Ҳали юз йил олдин ўзбек тили умуман бошқача эди, аммо йил сайин адабий меъёрга уйғунлашиб бормоқда. 1920-йилларда ишлаб чиқилган илк ўзбек адабий тили қипчоқ шеваларига асосланган ҳамда унда сингармонизм қоидалари сақланган эди. Агар адабий тилнинг бу шаклидан воз кечилмаганида, ўзбек тили бугун умуман бошқача қиёфага эга бўларди.

Шунга қарамай, ўзбек тилининг бошқача вариантлари ҳам сақланиб қолган. Афғонистонда 2,9–3,2 миллион атрофида ўзбек истиқомат қилади. Улар орасида тарқалган ўзбек тилига совет даврида яратилган ўзбек адабий меъёрлари таъсир кўрсатмаган. Бунинг натижасида улар ўзига хос қиёфасини сақлаб қолган. Афғонистон ўзбекларининг адабий тили ҳам бошқа — араб хатига асосланган анчайин архаик ўзбек тили бўлиб, фонетикаси, луғати жиҳатидан фарқ қилади.

Афғонистондаги ўзбек адабий тили устида маҳаллий олимлар энди-энди иш бошлади. Нуруллоҳ Олтойга ўхшаган тилшунослар унинг лексикасини, фонетикасини тартибга солиш билан машғулдир. Унинг биз ишлатадиган ўзбек тилидан фарқли томонлари нимада? Биринчи галда луғатда — Афғонистон ўзбекчасида русча ва рус тили орқали ўтган байналмилал сўзлар йўқ, лекин инглизча сўзлар кўп. “Байсикл”, “мубойил”, “чарж” каби сўзлар шулар жумласидандир. Форсча сўзлар ҳам анча кўп. Совет даврида ўйлаб топилган ёки истеъмолга киритилган сўзлар уларда йўқ (чигит, шанбалик, уюшма, бирлашма ва ҳоказо).

Араб хатидан фойдаланувчи ўзбеклар, бундан ташқари, Покистон ва Шинжонда яшайди. Покистонликлар Афғонистон ўзбекчасидан фойдаланса, Шинжондаги ўзбеклар амалда уйғур тилида ёзишади, лекин буни ўзбекча деб ҳисоблашади. Уйғур ва ўзбек тилларининг бир-бирига жуда яқинлиги шундай социолингвистик вазият юзага келишига сабаб бўлган. Дарвоқе, айрим европалик олимлар ўзбек ва уйғур тилларини бир тилнинг икки варианти деб ҳисоблайди, форс ва тожик тиллари сингари.

Хуллас, тилда мана шундай нозикликлар бўлади, бу нарсага кўпчилик эътибор бермайди. Шунчаки маълумот учун келтирдим.

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
21 май 2021
“Абдулла Ғариб продакшн”, рассом Элсевар, рассом Туз ва “Элтуз” янги сиёсий сатирик анимацион фильмлар туркумининг олинчи қисмини тақдим этади. ...
12 апрел 2022
Коллумнист Комил Жалилов 12 апрел куни ўзбек ва рус тилларида газета.уз нашрида чоп этилган мақоласида ўқувчилари эътиборини бугунги ўзбек ...
3 ноябр 2017
1 ноябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп грин-карт лотереясини бекор қилишга чақирди. Нью-Йоркда террорчилик ҳужумини амалга оширган Ўзбекистон ватандоши ...
8 март 2019
​​Жаллод деганда бошига қоп кийдирилиб, кундага қўйилган каллани ойболта билан чопадиган бақувват одамни тушунишади одатда. Лекин аслида вазият бироз ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...