Кўзқараш
9 декабр 2019

Шоир Абдували Қутбиддин вафот этди

Абдували Қутбиддин 8 декабрь куни 59 ёшида Тошкентда вафот этди. Замондошлари наздида у ўзбекнинг далли бир шоири эди. Ундан бир-биридан гўзал ва бетакрор шеърлар қолди:

Бебаҳо матога томган доғдайин
Ўчмайди шафақлар минг ювилса ҳам.
Сарсари, шақиллаб ўтса-да, йиллар
Сен ўша, ўша…

Томчи-ла тасвирлаб бўлмайди сени,
Ҳатто англатолмас билса-да кўршаб.
Тап-таранг тасмадай кокилларингни
Тараган исёнлар бермас изоҳлаб.
Сен ўша, ўша…

Беҳуда даъволар қиламан гоҳо,
Хобгоҳинг қўриқлар фалак лашкари.
Ошкор этмоққа тутинаман гоҳ,
Ақлдан ташқари,
Фикратдан ташқари….

Воажаб, ингичка қилдан ҳам нозик
Иплар чувагувчи балогир сарҳад
Аро, минг йиллик бутхона янглиғ
Тоқатни тоқат-ла тилгувчи қаҳат –
Ўша, ўша…

1988

Шоирнинг ўлими муносабати билан унинг замондошларидан бири Абдувоҳид Ҳайит ушбу ижтимоий тармоқда улашди.

Мерганча қишлоғидаги фожеа

Адашмасам, 1998 ёки 1999 йил эди, Абдували аканинг оталари вафот этди. Биз Азиз Саид билан Ургутдаги Мерганча қишлоғидаги Абдували аканинг улуғ боболари яшаб ўтган ўша ҳовлига таъзияга бордик. Ҳовлида Абдували аканинг укаси Фаридун оиласи билан яшарди. Биз борганда майит чиқарилганди. Ҳовлида каттагина боғ ҳам бор эди, боғнинг ўртасида бир ҳандақ қазилган, ҳандақнинг катталиги 4-5 метрча бор, чуқурлиги, чамамда, 2 метрга яқин ва ҳандақ тўла сув эди. Аёллар ичкарида йиғи-сиғи билан овора, бир туда болалар ҳовлида, боғда ўйнаб юришганди. Бир пайт “фалончи қани?” (исмини эслолмайман) деган ваҳимали қичқириқ бошланиб кетди. Ҳамма Абдували ака синглисининг тўрт ёшли ўғилчасини изларди. Бу болачанинг дадаси сал олдинроқ Тожикистонда автоҳалокатда ҳалок бўлган ва шу бола ёлғиз ёдгор бўлиб қолган экан. Ҳамма ҳандаққа томон югурди. Абдували аканинг амакиларидан бири ўзини сувга отди. Сув лойқа, биринчи шўмғишда тополмади, иккинчи шўмғишда… жуда ширин бир болачани фарёд билан сувдан чиқарди. Зудлик билан болани касалхонага олиб кетишди. Аммо бола 20 минутча сувда қолиб кетган.

Воқеа бундай бўлган экан: ҳандақнинг бир чеккасида кесилган дарахтдан қолган тўнка бор экан. Бола ўша тўнканинг устига чиқиб сув ўйнамоқчи бўлган, лекин тўнка сув тегиб сирпанчиқ бўлиб қолгани учун оёғи сирпаниб сувга тушиб кетган. Болалардан бири югуриб келиб буни унинг онаси айтган.

Бироз ўтиб болани касалхонадан олиб келишди. Ҳақиқий қиёмат қойим бошланди. Ҳамма йиғлади. Эсимда, ўшанда менга худди осмон ерга яқинлашгандай туюлган. Шу издиҳомни эсласам, ўшанда супада ўтирган Абдували аканинг бир амакиси, юзидан нур ёғиладиган нуроний эшонбуванинг қиёфаси қалқиб чиқади. Оппоқ соқоли кўксига тушган ўша нуроний инсон хаёлга ботиб супада ўтирибди. Кўзларида ёш йўқми, деб эьтибор бериб қараганимни эслайман. Лекин унинг кўзларида ёш йўқ, қандайдир у дунёю бу дунё бирлашган бир нуқтага тикилиб тургандай, бутун издиҳом унинг атрофида айланаётгандай туюлди менга.

Узоқ вақт бу таассурот таъсиридан чиқолмай юрдим. Бу воқеаларни эсламоқчи эмас эдим, лекин Абдували аканинг ўша ҳовлидан сўнгги манзилга кузатилганини, ўша гўдакни қўйиб келган қабристонга чиқаришганини эшитиб, хотира қайта жонланди.

Бу ҳам бир тарих, эртага Абдували Қутбиддин ҳақида ёзувчилар балки шу эпизоддан ҳам фойдаланар, балки у кишининг шеърларида ўша куннинг ҳам изи қолгандир, қолаверса, ўқиганлар Абдували аканинг оталари, ўша мурғак гўдак ҳақига ҳам дуога қўл очарлар, деб ўйлаб ёздим.

Барчаларининг охиратлари обод бўлсин!

Абдувоҳид Ҳайит

Тағин ўқинг
1 декабр 2022
Дастлабки шикоят Қашқадарёдан: Бойқўрғоннинг омонат кўприги Қашқадарёдаги кўприк ибтидоий қурилишнинг ноёб намунаси каби сайёҳларни ўзига жалб қилиши мумкин. Аммо ...
7 ноябр 2019
Кескин танқидий чиқишлари ортидан таъқибу тазйиқда қолган 48 яшар таниқли журналист Давлатназар Рўзметов 7 ноябрга ўтар кечаси автоавария оқибатида ...
1 март 2021
(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми) Шахсан ҳеч қачон рус халқига кин ва нафрат туймадим. Аксинча, ёшлигимда Русия билан боғлиқ ишларимда ...
9 июн 2017
Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси талаби билан пойтахтдаги Рассомлар уйида бузиш ишлари вақтинчалик тўхтаган бўлсада, бунинг душанба кунидан давом ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...