Cатира
4 феврал 2020

Давлат амалдори ойлигига нечта костюм харид қилиши мумкин?

Президент Мирзиёев 31 январь куни Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида ўтган учрашувда «бир кичкина божхона пости раҳбари»нинг уйидан 400 минг доллар пул чиққани ҳақида гапирди.

«Дунё ҳамжамияти бизни тан олсин деб шунча ҳаракат қилиб ётибмиз, битта постнинг бошлиғи эса 400 минг доллар ўғирлаб турса — нима бўлади?» — дея тадқиқотчи олимларга риторик савол билан юзланди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, амалдорнинг мол-мулки унинг даромадига номувофиқ бўлса, у буни изоҳлаб бериши керак.

«Буларни қаердан олдингиз, деб сўралади. Амалдор ёзиб беради. Йўқса, тўнингни ташла-да, халқнинг ичида раҳбар бўлишга ҳаққинг йўқ.

Амалдорнинг бир йиллик ойлигидан нима қилиш мумкин, нечта костюм олиши мумкин, оиласининг топгани билан нима қила олади, президентнинг ойлиги билан нима қилиш мумкин, бошқа катталарнинг ойлиги билан нима қилиш мумкин — ҳаммасини ёзиб берамиз. Биз бунга жуда катта тайёргарлик кўряпмиз», — дея ёзғирди президент.

Дунёдаги деярли барча демократик давлатларда президентдан тортиб, то оддий раҳбарларгача тегишли ташкилотларга даромад декларациясини тақдим қилишади. Бироқ бу усул авторитар давлатларда ҳалигача йўлга қўйилмаган, десак хато бўлмас.

Ўз вақтида Ўзбекистоннинг марҳум Президенти Ислом Каримов ҳам, Қозоғистон Элбошиси Нурсултон Назарбоев ҳам амалдорларнинг тегишли ташкилотларга даромад бўйича декларация топширишини йўлга қўйишга ваъда берган эди.

Аммо уларнинг ваъдалари ваъдалигича қолиб кетди. 2019 йилда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев имзолаган «Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш, микромолиявий хизмат ва солиқ солиш масалалари бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда умумий декларациялаш ишларига 2021 йилдан бошлаб босқичма-босқич ўтилиши таъкидланган эди.

Ўтган ҳафта Қозоғистон парламенти сенатида бўлиб ўтган давра столида ана шу масала муҳокама қилинди. Молия вице-вазири Қанат Баедилов давра столи иштирокчиларига мамлакатда яшовчи ватандошлар қандай даромадлар бўйича декларация тақдим қилиши кераклиги хусусида тушунчалар берди.

Вице-вазирнинг айтишича, Қ.Тўқаев имзолаган қонунга биноан 2021 йилдан бошлаб Қозоғистон умумий декларациялашга босқичма-босқич ўтади. Шундай қилиб, 2021 йил 1 январдан Қозоғистонда давлат хизматчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар ҳамда уларнинг эрлари (хотинлари) декларация топширади.

Иккинчи босқичда – 2023 йил 1 январдан давлат идоралари ва квазидавлат секторлари ишчилари ҳамда уларнинг эрлари (хотинлари), учинчи босқичда – 2024 йил 1 январдан юридик шахсларнинг бошлиқлари, муассислари ва хусусий тадбиркорлар ҳамда уларнинг эрлари (хотинлари), тўртинчи босқичда – 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб қолган тоифадаги барча ватандошлар декларация топширадилар.

Маълумотларга кўра, Қозоғистонда декларация топширувчиларнинг умумий сони тахминан 13 миллион кишини ташкил этади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 май 2016
Ҳаво исиши билан сиқилган газнинг биржадаги нархи арзонлади, бироқ бу нархларнинг ахолига даҳли йўқ. Сўнгги ойларда биржа бозорида сиқилган ...
15 март 2023
«Бриллиант қўл» кинофильми қаҳрамони чет элда «ит одамга дўстдир» «бизда эса домком дўстдир» дейди. Ўзини «домком» ëки «этажком» деб ...
21 январ 2019
Zeromax компаниясининг собиқ раҳбари Миродил Жалоловнинг озодликка чиқарилиши Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга расмий ташрифига боғлиқ бўлиши мумкин. Мазкур ...
31 январ 2018
“Эрк” демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ “Элтуз” мухбири билан суҳбатда ўз тасарруфидаги маълумотларга асосланиб “Иноятов тарафдорларини заифлаштириш анча қийин ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...