Кўзқараш
18 март 2020

«Эргаш, ҳууу…»

(Ҳикоямас, бўлгани…)

Эргаш ўлипти…
Ўзбекистонда ҳамма коронавирус ваҳмаси-ю, бозор давраси ташвишида… Гўёки оч қолиб кетгудек. Мен эса баҳорнинг илиқ тунларида келган машъум хабар тўлқинида чўкиб кетаётгандек бўламан.
Олдин ширин эсланган, йиллар чангида беланган эски хотиралар энди маъюс…
Ўтган асрнинг (қаранг-а, ўтган аср дейдиган ҳам бўлиб қолдик, классиклармидикки? ) етмишинчи йиллари охири, саксончи йиллар боши…
Вузгородокда ижодкор талабаларга маълум ва машҳур 2-ётоқхонанинг иккинчи қаватида тимқора қош, тимқора кўз, сулувданда-сулув, Бухоронинг шоира қизи барно йигитга эланади
– Эргаш, нууу…
Ҳали студент бўлмаган биз абутуриентлар эшик тирқишидан бир нималарни кўрмоқ бўламиз, дилларимиз ширин энтикиб, Эргашга ҳам ҳавас, ҳам… муҳаббатга, ўткинчи ишққа бахиллик билан қараймиз. Кейин… оқшомга яқин саксон бешинчининг тўртинчи қаватига кўтарилиб, кўҳна ўлканинг ғариб қишлоқларидан Тошкент томон оч чумчуқдек донга учиб келган, ҳали қиз лаби таъмини билмаган бўз йигитларга – бизларга кўзлари ёниб, бироз нописанддек гапиради:
-Шеърлари зўр! Ўзи ундан-да зўр!
-Ҳа-а-а…
-Уҳҳҳ!
-Ээээ… опқочма!
-Учинчи курсда ўқиркан, тўрт ёш катта бўлса… нима қипти? Мопасаннинг суйгани ўзидан 16 ёш катта бўлган! Ана, Бунин ҳам студентлигида… Есенинни ўқиганмисизлар ўзи?!
Эргаш ишқлар дарёсини тасвирлаб кетади, қуюқ сочларини ғалати силаб қўяди.
Мопасанни, Буниндан ўрисча ўқиганимиз «Аллея любви»сини эслаб, тамшангандек бўламиз, «Азизам»да ёнамиз… Есенинга ўхшагимиз келади.
Ҳам ҳавас, ҳам сулув қизга ички бир ўсмирлик бахиллиги, қизғаниш ва соғинчлик ишқ тўлқинида анграямиз, чунон эпкинамизки, адоғи йўқ…
Қишлоқдаги уйимда ранги униқаётган адёлга бурканганча яқин хотираларни ёдга келтираман, ҳали бузилмаган сандал кули оёғимга тегади, илиқ…
Ўтган қишнинг совуқча кунида Тошкентга келиб, оқшомда ҳар доимгидек Эргашга телефон қилдим.
-Қаердасиз? Ҳозир етиб бораман, нима олиб борай?…
Ярим соат ўтар-ўтмас, қўлида халта, туркман элчихонаси олдида пайдо бўлади.
-Уйга кирмаймиз, ҳаммаси шетда,- халтани шалдиратиб қўяди Эргаш.
-Хоп.
Йўлак бўйлаб, талабалик давримизда «Биринчи муҳаббатим»ни ширин хиргойилаб берган қизнинг хотираси ҳурматига ҳар доимгидек «Голубая купала»га қараб юрамиз.
-Обба, Равшан-ей! Жўра, зап иш қиласиз-да келиб-кетиб, а биз… ҳечки бу қурилиш-турмушлардан бундай ортиб… – чуқур хўрсинади у. Меҳрибон, йиллар оша соддалик инган олдинги қув кўзлари менга соғинчлик қарайди, Қобилни сўрайди.
-Телефон қилдингизми, келмадими?- атрофга аланглади.
– Банд экан, мажлисга чақиришипти, шофёри айтди. Кетаверарканмиз, бўшаса, ўзи телефон қиларкан.
-Кемайди, телефонам қилмайди, катта одамнинг мажлиси кўп. Эндии…Баҳорни соғиндингизми? Келяптими ўзи, ёмғири йўқ-ку?-муғомбирона тиржаяди. Кейин жиддий тортиб, бугунги ташвишлар, ички туризм ҳақида гапиради.
-Туризмни ривожлантириш керак, журналлар олиб келдим. Хўжанд ҳам Қўқонга қарарди, бир юртнинг болаларимиз. Бизга қўшилинг, ҳали яна бирлашамиз, топишмасак бўлмайди. Кўпроқ келиб туринг, ишлайлик. Зап иш қилгансиз лекин Би-Би-Сига ўтиб!
-Би-Би-Симас, «Америка овози»!
-Фарқи нима, ҳаммаси бир гўр! Хаммаларинг…- тўхтаб қолади у.
-Душманмизми?
-Унақамасда-а, жўра-а. Душман дедимми?- соғинчга йўғрилган ва яна бир нима ташвишларга кўмилган кўз билан менга тикилади:
-Юринг, …ни эслайлик.
Ўша кунлари «Мовий гумбазлар» таъмирда эди. Атрофи ўралган жойдан ҳар доимги жойимизни топиб, қайси бир қурувчи қолдириб кетган комбензон билан чангларни тозалаган бўламиз, жойимизни ажратиб, халтани бўшатамиз. Менам уйда шоша-пиша това қиздириб пиширганим, ҳали совумаган «Тўхтаниёз ота» колбасаларини, пишлоқ, балиқ ва тўғралган пиёзни пакетдан чиқараман.
-Ҳиммм. Пиёзни… яхши қилибсиз. Саксон бешинчи обшежитнинг сексияларида 15 тийинлик қатиқ билан а?…- хўрсинади Эргаш. Кейин айлана тўғралган пиёз парраларини негадир бармоқлари билан ёяди, бир нима излаган бўлиб, алаҳсийди. Менга ўйланиб қарайди-да:
-Равшан, сиз мани гапларимгаям, анувиларгаям хафа бўлманг. Американи минг ёмонламасин, мағзава ағдариб янисалар ҳам, ўзини панада тутсаларам ҳаммаси кўкча қоғозга, ўша тепакал бобосига намоз ўқийди, орзуси ўша бари муттаҳамларнинг! Қани, олинг!-дейди шаҳд билан. Кейин қорайган осмонга, дарахтларга қараркан, эслайди:
-Анави ердаги дарахт кесилиб кетипти, ёдингиздами, «…бизлар ёнган парча шуъламиз, дарахтларга исм битамиз»… Сизники келмаганди-а? – муғомбирлик билан кулиб қарайди. – Ҳозир қаердайикин, невара қараб юргандир, катта қилиб? Алоқа борми, Телеграм, Имо деганлари? Силани топмаганларинг йўқ-ку.
-А йооо, бари қоп кетти. Ҳаммаси… «Ҳаммаси тугади, бари ўтганлар, Умидим қабрига гулхан ёққанлар»,- Гулчапчап деб номлаганимиз …дан ёд айтдим.
-Ҳааа… қандай бўлиб ёдингизда қолипти? Ўзингиз ёзганни ўзингиз билмасдингиз-у,-кулади у. Кейин эски бугунги улуғлардан улушини эслаб, бирдан аччиғи келади
-Сиз тўғри қиласиз! Босинг, босинг газни! Қизағар… Америкадан қайтиб келиб, мақтаб ётипти-ю! Эсингиздами, чириган империализмни қанақа ёмонларди,- машҳур давру давронни тилга олиб, яниб қўяди.
– Ҳа эндиии, майли-да, юртнинг юлдузи бўлса у. Устоз бўлса, айтгани айтганда,-дейман кулиб.
– Битиб кетди қисталоқ! …ни ўлдириб юборди!- алам билан эл суйган шоирни эслайди. – Билармидингиз? Сизлар билмаган нарса йўқ-ку.
-Ҳааа… қўяверинг. Эртага «Камолон»га борамизми?
-Иее?! Сизни зиёратгоҳингиз «Чиғатой» эди-ку? Нима адашяпсиз? …ни эсладингизми? Ўшагинанинг ўлигиям Тошканда қолиб кетди-э! Э, санақа эр топганни! Марказлик билан марказда ном чиқарармуш, тарихда қолармуш. Центр керак экан, мана, ёёёётипти кўкариб! Майли, майли, хўмрайманг, обораман! Борамиз!!!- кўкат солиб димланган балиқни бўлаклаб туриб, Бухорони эслатди.
-Лаби ҳовуздаги мўйсафидни топдингизми?
-Йоооо, Севара… келсангиз, бирга излаймиз деяпти,- деб кулдим.
– Ааа, уми? Тополмайди. Сиз яхшисии… Хивага боринг, чолни… Бобони ўша ерда ўлдиришган.
Қирқ йил олдинги анграйишим такрорланди.
-Нима деёпсиз ўзи? У чол… бобо қоптими? Қанақа ўлдириш?
-Э, Равшан, «Қуёш ҳаммага бир нур сочади» дермидингиз? Айттим-қўйдимда, олинг!
-Йооо, Эргаш! Яна кимни ўлдиришди?
-Ҳеее! «Отаси ўлмаган ким бор, Онаси ўлмаган ким бор?» Ҳаммани! Ҳаммамизни ўлдиришяпти, сўйишяпти! Ёлғонми гапим?! Баримизни етимча қилишди, тирқиратишяпти, боримизни шилишяпти! Сиз ўзи… Нега жимсиз?! Сизларга мумкин-ку!
Эргаш билан гапимиз қочгандек, у Мен бўлгандек, Мен эса У…
-Муҳаммаджон акани…
-Ўлди! Ҳа, яхши одам эди, бўшатишиб хато қилишди, Сталинга амал қилиб, Сталинни эслашмади-э! Портлашлардан кейин ўғли қамалиб кетганди. Касофат!-картон стаканни бўшатиб, балиқдан газак қиларкан, Эргаш қалин қошларини кўтариб, «яна кимни эслайсиз», дегандек менга тикилди.
-Туркистонни кўтараман деган…
-Оббооо! А уям кетти, қозоқда ҳозир. Хотинини ўқлоғида юргандир. Лекин сииз… Хўжанддан келиб Туркистон дейсиз? Очангизни кўрсатишмайдими?
-«Дебате о свободе»чи? Юриптиларми?- устозни эсга оламан.
– Бэээ! Домлани жин урармиди, қип-қизил коммунист-ку! Булбуллари сайраган!
-Ҳааа… бир айтишиб эди. Майли-да, сайрагани дуруст, «Боғларида гуллар чаман» бўлса.
Эргаш кулади.
-Олинг! Хотиннинг дастидан уйда тунамаган шоирлар учун!-Эргаш ароқни негадир секин ичаркан, тўлқин сочини бармоқлари билан тараб қўйди. Оламиз.
Эски шаҳарни, Соғбон кўчадаги кичкина ҳовли, Акром, Рўзибой, Оллоёр, Ўлмас ака, Эшқобил акаларни эсладик.
-Ўшанда жуҳуднинг уйида нима бўлганди? Ўлмас ака немисча шеър ўқирмиди анунга?Дерезани нега синдиргандиларинг ўзи?-Эргаш бир нималарни эслагандек ғалати қаради. Кейин яна саксонинчи йилларда янги қурилган тўққиз қаватли ётоқхонада Қашқадарёнинг бўлажак номдор шоира қизи билан бўлган хира суҳбатни эслаймиз.
– …устозини эр қилганда … ака ўлмасди! Бу қиз қишлоқда гап бўлса, қирқ кун бўларди. Зато … ака билан яшарди, ана, бугун унақалар болалаб кетишди-ю!
-Тўғри!
-… акаям қишлоққа қайтмасди! Ўлмасди, ўлсаям… Тошкентда ўларди, кейин кўмишарди-да, ўша қишлоққа! Нима топди таппидан бошқа?! Ўзи… Гулчапчапга ўхшаган эркак қиз қолмади бу ерда. Манга қаранг, қизингиз борми?
-Бор.
-Бўлсааа… Очил Тоғаевнинг айтганларини қиласизми?
– Йўқ! Ўзининг танлагани бўлади, лекииин… Худонинг ўзи домлани йўлига соляпти чоғим.
-Аааа, ана кўрдизми?! Сиз барибир «тоғанинг ўғли»сиз. Сиз балооо!… «Тепакал»ни бекорга беришмайди.
Ўзимни мақталгандек туйиб, ўнғайсизланаман, Эргашга ёв қарайман…
Ўша даврларда номи энди чиқаётган хипча, бугун донғи кетган санамлардан, телеюлдузлардан, яна бир-икки эски «жинди»лардан, бугунги бевалардан сўзланамиз, сурпаси юпқалигича ўлиб кетган зўрларга картон стакан уриштирамиз.
-Манга қаранг, бууу… Америка яна нимани бошлаяпти? Туркистонни одам қиберармиди?
– Нимани бошларкан?-ўзим билмаган бир нимани англагим келади…
Гурунгимиз айни қизиганда бир йигит келди, бу ердан суриш керак экан. Турамиз.
-Равшан, кетдик, «Навоий»га борамиз, шетдагиси етар. А сан бўлсанг, одобни ўрган мишиқи! Ким катта қилган сани?- Эргаш йигитга хезланди.
-Юринг, ҳаммаси жойида, унга тиркалманг, атроф ўралган, аслида киришимиз тўғримасди,-дедим уни босиб.
-Нимаси тўғримасди, нимаси тўғримасди? Гулчапчапга нима дердик кейин?
Кулиб юбордим, бояги қоровуллик қилган йигитга қарадим, у ҳам қизиқсиниб турган экан.
-Амаки, шоирмисизлар? Қанақа бомжлар кирдийикан деб бироз кузатдим, шеър ўқийсизлармией?
-Бироз шунақароқ.
-Унақа бўлсааа… Рауф Парфини танирмидиларинг?…
Йигитга астойдил қизиқиб қарадим.
-Бу Рауф акани сўраяпти-ку, Эргаш. Ўзимизникиларданга ўхшайди.
Энгашиб, пакетларни тахлаётган дўстим бошини кўтарди.
-Билса, ўқисин-чи. Қани ўқи, ярамас мишиқи!- у йигитга олайиб, жуда яниб қаради.
Водийнинг боласига ўхшайди. Бироз ийманди, пича ўйланди-да, қўй кўзларини қисганча маҳзун ўқий бошлади, овози ширали экан.
Чиқмасми қуёш балқиб
Боқмасми қодир худо!
Алвидо, она халқим,
Алвидо эй, алвидо.
Ўзбекмомо авлоди,
Ўзота ўғлонлари,
Рост бўлди юрак доди,
Қонларга тўлғонлари.
Денгизи қуриб битди,
Дарёлари оқмасми,
Наҳот бизни ер ютди,
Қодир худо боқмасми?
Туркистонни бўлдилар,
Парчаланди бемажол.
Устимиздан кулдилар
Ул ёвузлар бемалол.
Чиқмасми қуёш балқиб…
Эргаш каловланиб ўтирди, турди, яна ўтирди.
-Сааан, манга қара, яхши болага ўхшайсан, ич буни!- Эргаш ароқ қуйилган қоғоз стаканни йигитга узатди.
-Амаки, мен ичмайман. Бу – ҳаром!
-Ҳаром?! Гулчапчапнинг дарахтини ким кесди?! Нимага чинорларимизни йиқитдиларинг?! Майдонингни бошимга ураманми ман? Балки, ану чиройли қизларнинг қўлидагилар ҳам ҳаромдир? Ҳалол нима қолди ўзи?!-Эргашники тутди.
-Э, амаки, мен кесмадим, яқинда келганман Тошкентга,- қоровул йигит ҳадиксиранди, атрофни номигагина ўраган чодир оша ўтган-кетганларга қарай бошлади.
-Яқинда кепти, бузилмапти ҳали бу бола,-Эргаш озғин йигитни елкасидан тутганча ўзига қаратди.
-Парфини таниган… ичади!
Йигит унга тик қараб турди-да, туйқус стаканни кўтариб, ичиб юборди. Ростданам ўрганмаган шекилли, ўқчиди, кўзлари ёшланиб кетди, ўзини тутиб жилмайди. Ўнг юзида қиз болага ўхшаб, кулгичи бор экан.
– Сан бола-а, манга қара, водийга қайт, бу ерда пачоғинг чиқиб кетади, тандир сомса пиширсанг ҳам кунинг ўтади. Бу ерда… бу ерда сомсангга гўшт тугул, отқулоқ ҳам тегмайди санга, тушуняпсанми?…
Эргаш яна бир нималар демоқчи бўлди, ғудранди-ю, йигитчанинг елкасига қоқиб қўркан, чап қўли билан кўксидан итарди.
– Санга жавоб, кетавер! Бизам кетамиз, юринг Равшан, ҳали Гулини эслашимиз керак… Йўқ, тўхта! Эй, менга қара-чи,-кетаётган йигитни чақираркан, қўлимдаги пакетларни юлқигандек олди. Ёнига келиб қолган йигитчага тутди.
-Қани, мана буларни ол! Ол деяпман санга! Пулинг борми?
Жавобини кутмасдан, курткасидан бир нечта эллик мингталик пулларни олди, довдираган йигитнинг шими чўнтакларига тиқди.
-Уйингга қайт, мол боқ, теплица қил, уй сол, хотин ол, бола туғдир, ўғил бўлсин. Лекин… Отини Эргаш қўйма! Энди Эргашлардан қўрбоши чиқмайди. Бор энди, кетавер! Кет дедим!!!
Эргаш бир зум тин олди, йўлаклардан чодир оша чўчинқираб қараётганларга эътибор бермаганча, мениям ёддан чиқариб, катта йўлга чиқиб кетди.
Бирданига олдинги учрашувимизда ўзига сўраган олти тонна цемент ёдимга тушди. Эргаш уни сўрамади-ку? Қурилиш килаётганди, нима бўлдийикин?…
Ортидан тикилиб қолдим. Назаримда Эргаш елкасида олти тонна цементни орқалаб кетаётгандек эди…
Эргаш ўлипти…
Ўлмадинг дўстим, узоқ хотираларимизда, жўралик ёдимизда бир умр яшайсан Эргаш!..
Сиз Эргашни танирмидингиз?… Аллаев фамилияси…

Равшан Шамс
Фейсбук саҳифасидан

Тағин ўқинг
26 март 2016
Суд мажлисидан чиқаётган АҚШ элчихонаси вакилларини ташқарида Жиззах вилоят телевиденияси мухбирлари Дилмурод Абдурахимов ва тасвирчи Умид Носировлар кутиб олишди. ...
31 декабр 2020
«Элтуз» рассом Элсевардан Янги йил арчасига бағишланган навбатдаги суратни тақдим қилади. Коррупционер ўзбек амалдорлари: «Сигир йили келяпти, халқни соғамиз». ...
2 феврал 2017
Янги йилдан сўнг январнинг қоқ ярмигача Ватан ҳимоячиларини мадҳ этишга устивор эътибор қаратган Ўзбекистон телеканаллари кейин президентнинг кетма-кет имзоланаётган ...
31 август 2018
Тошкентнинг Шайонтовур туман Маъмурий суди, 30 август куни таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, 67 яшар, Аъзам Турғуновни «ҳокимиятга бўйсунмаганлик»да айблаб бир ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...