Карантинда ёзилган эссе
МОСЁ ТЕСТ БИЛАН МУТОЛАА
(Давоми)
«Соф санъат»
Балки «Мосё Тест»нинг ўз тафаккури устидаги истибдодини битта Эдгар По эмас, балки юқорида саналган барча исмлар тафаккурининг синтези дейиш мумкиндир. Гарчанд, Валери, масалан, Малларме ҳақда: «Шеърият Малларме учун энг теран ва ягона предметдир. Мен учун эса у АҚЛнинг специфик имкониятларига бир иловадир холос», деса ҳам.
Албатта, Малларме учун шеьриятнинг вазифаси тасвир ва ёки насиҳат эмасди. Унинг фикрича, Шеъриятда табиатусти бир мағиз бўлиши керак. Шоир сирли олам билан инсон ўртасида воситачи. У символ(рамз)лар ёрдамида гизланган борлиқ устидаги сир пардасини сидириб ташлаш учун мукаллафдир.
Аслида, Малларменинг максимализми «Мосё Тест» (Валери) максимализмидан фарқ қилмайди. Фақат бири буни шеъриятга, иккинчиси эса умуман тафаккур жараёнига ёяди.
Малларме илҳомга, сирлиликка аҳамият беради. Унинг мухлиси Валери эса битта шеърнинг бир нечта вариантини ёзиш мумкинлигига ишонади. «Кўп вариантли шеър (илҳомнинг муқаддаслигига инонган) авом идроки учун шармандали бир ҳолдир. Мен учун эса бу катта лаёқатдир. АҚЛ қудрати вариантлар сони билан ўлчанади», дейди у.
Бу икки шахс ўртасидаги ягона фарқ: Валери максимум АНИҚликка, Малларме эса максимум «қоронғиликка»(сирлиликка) интилади. Иккалови ҳам бу интилишларида ўз фикрларининг мустабидидирлар. Улар бу интеллектуал истибдодда бирлашадилар.
Француз шеъриятига, Валерининг эътирофига кўра, умуман Оврупа адабиётига таъсир қилган ўз юртида эътибор кўрмаган Эдгар Аллан По ўзининг «The Poetic Principle» маърузасида (санъатдаги)Ҳақиқат ҳақдаги тушунчасини шундай баён қилади: «Ҳақиқатга хар ким каби теран эҳтиром туйган бир киши сифатида мен унинг тадбиқ қилиниш усулларига маълум бир чеклов қўйган бўлардим…Чекловни (ҳақиқатни) тадбиқ усулларини кучайтириш учун қўярдим. Мен уларни сочиб ташлаб заифлаштирмасдим. Ҳақиқат бизга қатъий талаблар қўяди. Унинг дунё билан иши йўқ… Қўшиқни(шеърни) чечаклару қиммматбаҳо тошлар билан безаш уни бачкана бир парадоксга айлантириш демакдир.Ҳақиқат учун курашаркан, биз тилнинг кескинлиги ва шафқатсизлигига эҳтиёж туямиз, унинг ранг-баранг жимжимадорлигига эмас. Биз СОДДА, АНИҚ ва ҚИСҚА бўлишимиз керак. Биз СОВУҚ, СОКИН ва ЭҲТИРОССИЗ бўлишимиз керак».
Пол Валери Шарл Бодлер ҳақидаги маърузасида шундай ёзади: Шарл Бодлер «The Poetic Principle» («Поэтик принцип») дан кўзлари қамашиб, ҳайратга тушганига қарамай – ёки аксинча кўзлари қамашиб, ҳайратга тутилгани учун – уни Эдгар По асарлари (французча таржимаси) орасига киритмади. Аммо бу эссенинг энг муҳим парчасини бироз ўзгартириб, ўзидан қўшиб, Понинг «Ғайриоддий ҳикоялар»и таржимаси сўзбошисига киритди. Агар бу воқеани муаллиф ўзи тан олмасайди, бунинг бир плагиат эканлиги шубҳа остига олиниши мумкин эди. Аммо (Бодлер)Теофиле Готье ҳақида ёзган мақоласида ўша парчани тўла келтириб, унга шу ажойиб изоҳни илова қилади:»парафразадан қочиш учун баъзан ўзимдан иқтибос келтиришимга изн бор деб ўйламаман», дейди у ва ўша парчани келтиради».
Пол Валери ўз салафи Бодлер ҳақидаги бу майин, дўстона киноясидан қатъий назар, Эдгар По қўйган бу мезонлар Мосё Тест(Валери)нинг ҳам ЭҲТИРОСли мушоҳадалари тамали бўлди. Балки буни эҳтироссиз(совуқ, сокин) матн ясаш ЭҲТИРОСИ, деса аниқроқ бўлар. Бу таъбир ҳикоямиз аввалида қўлланилган «муз машъала» табирининг яна бир варианти.
Пол Валери америкалик буюк шоир ва мутаффакирнинг шеъриятга қарашини таҳлил этаркан, хулосасини Бодлерга нисбатан очиқроқ ва дангалроқ ифода этади: » Эдгар По шеъриятнинг ўзини давр йўналишига уйғун ислоҳ этиши кераклигини англаганди. У (шеърият) ўз табиатини кашф этишга, уни СОФ ҳолида ўрганиш учун даво қилишга ҳақлидир. Шеърий ЭҲТИРОСнинг таҳлили ва саралаш воситасида Мутлақ Шеъриятни белгилаши билан Эдгар По (таркибида) МАТЕМАТИКА ва МИСТИКА йўғрилган ниҳоятда муросасиз, жозибали бир доктринани ўртага қўйиб, йўл кўрсатди».
Эдгар По «Принцип»идаги «Шеъриятнинг ўзини СОФ шаклда ўрганишга ҳаққи бор» жумласига эътибор беринг.
Бу жумла жуда муҳим сентенция.
Бу жумла 19 асрда бошланган адабиёт доҳийларининг қитъалар аро муҳосабаси моҳиятан санъатдаги СОФЛИК учун берилган мужодала эканлигидан далолат беради.
Албатта, бу СОФЛИК талқинидаги нюанслар, фарқлиликлар айри бир масала.
Бизнинг адабиётда, унинг Совет босқичида бундай муҳосаба ерости (underground) тор адабий гурунгларидагина тортишилди. Коммунистик мафкура учун «соф санъат» бир ҳақорат эди. Бугун ҳам ўзбек адабиёти (балки бутун собиқ совет адабиёти) бу мафкура асоратидан қутилмагани кузатилмоқда.
Бу хусусда бултур бир матн тайёрлаган эдим. Ундан бир парча: » Бизнинг замонимизда «Соф санъат» ва бу тушунча тарафдорлари социалистик реализм адабиётшунослигининг танқид объекти эди. Гарчанд 20 аср совет адабиётининг илғор ёш наслининг ботиний доҳийлари айнан «соф санъат » тушунчаси вакиллари эдилар. Улар совет мафкураси тарафидан тарғиб қилинган совет ёзувчи шоирлари эмас, балки кўпинча таъқиқланган Ғарб ёзувчи-шоирлари эдилар. Ёш совет шоирларига «Ғарб шеъри тақлидчиси» тамғаси урилиб, улар миллий илдизларини инкор этган осийлар дея эълон қилинарди. Аммо бир оз вақт ўтгандан кейин айнан бу «осийлар» яратган адабиёт «энг миллий » адабиёт эканлиги ўртага чиқарди»…
Балки бу фикр бироз иддаоли кўриниши мумкин. Аммо бу камида тортишилаётган «соф санъат» ғоясини Совет режими каби мустабид сиёсий тузум ҳам ўлдираолмаганига бир гувоҳликдир.
6.04.2020
Этика ҳақда
Бу глобал муҳосаба иштирокчиларининг адабий дунёқарашидаги уларни умумлаштирадиган яна бир жиҳат бу ўз адабий қарашларини этикадан узоқ тутганлари ва ёки уни санъатда муҳим унсур мақомига юксалтирмаганидир.
Табиийки, бу асло уларнинг аҳлоқни менсимаганини кўрсатмайди.
Бу бир интеллектуал таржиҳ (танлов) эди.
Буни санъатда анъанавий насиҳатгўйлик тенденциясига қарши рефлекс дейиш ҳам мумкин.
Пол Валери Бодлернинг «Ёвузлик гуллари» (ёки «Қабоҳат гуллари») китобини йўримлар (тафсир қилар) экан, шу жумлани қуради: «Ёвузлик гуллари»да на тарихий поэма, на асотир бор. Ҳикоячиликка(сюжетга) асос берадиган ҳеч нарса йўқ. Унда баландпарвоз фалсафий парчаларни ҳам кўрмайсиз. Сиёсатга ҳам ўрин йўқ. Тасвирлаш сийрак ва ҳамиша тамғали. Аммо унда жозиба, мусиқа ва ташқи дунёдан тозаланган, қудратли моҳият бор… Барк урган яшиллик, образ, тотли шаҳват бор».
Бу Валерига кўра соф шеъриятнинг кўзга ташланган сифатлари. Бу сифатларнинг қисман Эдгар По «Принципи» таъсирида шаклланганини сезиш қийин эмас.
Этика масаласига қайтсак: Пол Валери ҳалафи Шарл Бодлер шеърларини таҳлил этар экан, унинг самимияти унинг интеллектуал рақобат туйғусини доим жиловлаб турганини ва Бодлерга бўлган юксак эҳтиромини баралла эътироф этганини кўрамиз: «…Леконт де Лил(парнасчи) унга (Бодлерга) қисирлик айбини қўйди. У чинакам маҳсулдорлик шоир учун унинг шеърлари сони билан эмас, шеърлари таъсирининг умри билан ўлчаланади. Бу ҳақда ҳукм чиқариш учун асрлар керак. Бугун олтмиш йил ўтишига қарамасдан унимнг (Бодлернинг) кичик ҳажмли бир асари ўзи билан бутун бошли шеърият иқлимини тўлдириб турибди», деб ёзади Валери.
Икки фикр одами ўртасидаги бундай аҳлоқий муносабат постмодерн адабиётда сийрак учрайдиган бир сифат.
Ўзбек адабий муҳитида яшаганим бир воқеа эсимга тушади.
1979 йилда шоир Чўлпон Эргаш ҳақида «Соддалик жозибаси» деган бир мақола ёзгандим, газеталар узоқ вақт босмади. Адашмасам, икки йил ўтиб, «Ёшлик» журнали чоп этди. Эсимда йўқ, балки бошқа бир иккинчи даражали нашр…
Шу икки йил ичида Чўлпон Эргаш ҳақида унинг тенгдошлари тарафидан менга берилган даккиларни эсаласам бу қадар бағри тош инсонлар эди бу инсонлар, деб ўйлайман. Ўз сафдошига бир илиқ сўзни раво кўрмаган инсонлар.
Бор-йўқ сабаб 70-йил ўрталарида Чўлпон Эргаш ҳақида коммунистларнинг газетаси «Совет Ўзбекистони»да бир фелъетон чиққани. КГБ нинг буюртмаси билан шоир хотинбозликда айбланиб ёзилган эди фелъетонда.
Ҳолбуки, ишғолчилар Чўлпон Эргаш шеърларидаги силлиқ кўринган маъжозларда миллий ҳислар уйғотиш потенциалидан қўрққан эдилар. Бу ўзини ва миллатини таниган бир мунаввар учун албатта шараф эди. Аммо бизда бунинг шараф эканини идрок этадиган бир адабий жамоа шаклланмаган эди 70-йилларада. Шаклланган бўлсайди, сафдоши ҳақда мақола ёзган биттасига «нима топдингиз бу қофиябозда?» деган шармсиз савол бермасдилар.
Бу шоир ҳақда унинг буюк шоир бўлгани учун ёзмаган эдим. Услуб жиҳатидан ҳам мендан жуда узоқ эди бу шоир.
Хар нарсадан аввал унинг миллий мавзудаги инсоний орзулари ўзига жалб этганди мени.
Масалан, у «Қариганимда, бир куни ярим тунда эшигимни чертсалар, эшигимни очсам-да, остонамда русларга қарши курашаётган ўзбек партизанларини кўрсам, улар «Чўлпон ака, бизни уйингизда яшираоласизми, қувиб келишаяпти!» десалар ва мен уларни дарҳол уйимда яширсам, деб хаёл қукраман! Шундай кунлар келармкин-а, Солиҳ?, дея жилмаярди раҳматли хаёлпараст шоир.
Ўзбекнинг ўз уйига сиғмагани ҳақда унинг шеъридан парча:
Хайр энди ўғлоним, хайр энди, бор!
Сен борки жон сақлар муштумдек жоним,
Ҳамиша мени деб топганинг озор,
Ўз уйингга ўзинг сиғмайсан доим!…
Бундай ғариб шоирларнинг қадрини биладиган, авайлайдиган адабий жамоа бизда бугун борми ажабо?..
Адабиётдаги толеранс муҳити ва танқид маданиятининг савияси адабиёт ривожини белгилайди.
Бундай муҳит ва маданиятнинг пайдо бўлишига эса ўз асарлари ва аҳлоқий прициплари билан буюк шахслар туртки беради.
Ўрта асрларда Навоий ва Жомийнинг ўрнак дўстлиги Жанубий Туркистонда шундай толеранс муҳитини яратганди. Биноийларнинг кустоҳлиги ҳам бу муҳитни задалай олмади.
Чунки у муҳитда хатто кустоҳликка ҳам ўрин бор эди.
7.04.2020
Мусиқавийлик ҳақда
«Соф санъат» фидоийларининг Шеърият учун муҳим санаганлари яна бир хусус бу шеърдаги мусиқа: ритм, оҳанг, қофия.
Шарқ адабиёти учун бу хусус ҳеч қачон тортишув мавзуси бўлмаган. Шарқ учун шеърдаги ритм, оҳанг, кофия доим Шаклнинг табиий унсурлари бўлган. Лекин Шарқда ҳеч қачон бу унсурлар шеърдаги таъсир манбаининг муҳим қисми сифатида қийматлантирилмаган.
Бундай қийматлантиришни Ғарб адабиёти бажарди.
Улар бу масалага ҳам мукаммалиятчилик (максимализм) билан ёндошдилар.
Шарл Бодлер Эдгар По ҳақида ёзган мақоласидан бир иқтибос: » Мусиқа – ўзининг ритм, ҳижо ва қофия кўринишларида – шу қадар муҳимки, буни инкор этиш ақлсизликдир, мен унинг мутлоқ аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтирмайман… Ҳатто сонетга ҳам аниқ план зарур – каркас, замин – бу руҳ ижодининг сирли ҳаёти учун муҳим шартлардир».
Эдгар По ҳам ўзининг «Қарға» шеърида математик ҳисоб билан қурилган ритм, такрор ва қофия системаси воситасида юксак мусиқавий, мистик эффектга эришганини эътироф этади.
«Математик ҳисоб» ва «мистик таъсир» – бир-бирга зид (рационал-иррационал) қутблар – мўжизавий шаклда бир-бирларини тўлдирадилар ва шоирнинг ақли ва ҳиссиёти ўртасида мукаммал бир уйғунлик – гармония яратади. Бу мукаммал гармония шеъриятда акс этганида бу мукаммалликнинг яратилишида қатнашган ақл ва ҳиссиёт иккинчи планга ўтиб, майдонга аввал кўринмаган Руҳ сулдори(силуэти) чиқади.
Руҳ – соф санъат йўлчиларининг маёғи.
Аслида, санъатда Шаклнинг камида Мазмун каби муҳим эканлигини идрок етган хар қандай мутаффакир мусиқавийликнинг шеърда нақадар муҳим рол ўйнашини билади. Фақат биз мансуб бўлган адабиётнинг кейинги (Совет) босқичи санъатнинг бу ҳаётий, профессионал жиҳатларини менсимаган бир мафкурага таянарди. Шу сабабдир-ки, адабий ҳақоратлар умумият-ла «шаклбоз», «қофиябоз» қабилида бўлган. Бу атамалар худди «хотинбоз», «масхарабоз» сингари бир сўкинч эди.
Шарл Бодлер мусиқавийлик фақат шеър эмас, наср учун ҳам муҳим эканини урғулайди. Унинг фикрича, шеърнинг ниҳоий ҳадафи гўзаллик бўлса, новелла учун кўпинча ҳақиқатдир. Бу йўлда новеллага ҳам ритм керак. Ритм бўлса, мантиқий сюжетга қурилган бу жанрда
ёзувчи – соф шеърият чўққилари савиясида бўлмаса ҳам – нисбатан авом ўқувчига тушунарли мукаммал асарлар бериши мумкин.
Камина 70 – йилларда верлибр (сарбаст шеър) ёзиб кўрдим.
Бу ҳаракат шоир Эркин Воҳидов таъна қилганидек, «ёшларнинг сунъий янгилик яратиш» олифталиги ёки шунчаки механик интилиш эмасди.
Бу руҳнинг қолиплардан чиқиш инстинкти, интеллектуал эрк истаги эди. Аммо ҳис этганимдек, у жабҳада ҳам матнлар мендан мусиқавий озиқ талаб килди:
«Мен сенга энг аччиқ сўзларимни титраб
Бугун айтаман.
Мен сени бугун аямайин сира,
Сен-чи ғазаблан.
Мен айтиб титрайин, сен сўздан титра,
Титра нигоҳдан.
Бугун менинг сўзим, сенинг ғазабинг
Ўтсин никоҳдан!»
1975 («Бешинчи фасл», 1977. Ғафур Ғулом нашриёти)
Ҳатто ғирт насрий жумлаларни эслатган қуйидаги қофиясиз сатрларда ҳам ички оҳанг эшитганим учун уни бармоқ вазнига солмадим:
Август.
Ҳеч кимнинг кўнглига тегмайдиган илиқ бир фасл.
Япроқлар саросимада бу майинликдан.
Тунда шивирлаб кўр,
Ойга эшитилади шивиринг.
Жим қадам босасан
Юлдузлар тўкилиб кетмасин дея…
Август.
Япроқлар саросимада.
1975 ( Бу матн ҳам айни нашрдан)
Аммо сарбаст шеърга бўлган таважжуҳ узоқ давом этмади. Бир муддат сўнгра яна ўша қафас, ҳижолардан қурилган олтин панжара орқасидаги СИР мени ўзига жазб этабошлади. Сарбаст матнга саёҳатдан сиқилган руҳим, худди туғма аскар каби, яна интизомни соғина бошлади. Ва ниҳоят, ўша қатъий, деспотик шаклга қайтдим.
Нега қайтдим? Чунки «деспотик шакл» мен учун сарбаст шаклларга нисбатан шеър ғоясини (гўзалликни) кўпроқ бўрттириб кўрсатадиган бир чорчўп(ром)эди.
Қофиянинг категориялари бор, албатта. Аския усталарининг қофиясидан тортиб, яллачиларнинг яллаларидаги қофия ҳам қофиядир.Биз бу ерда тортишаётган категория ишнинг профессионал аҳлига оид категориядир.
Шарл Бодлер ўзининг «Эдгар По ҳақда янги битиклар» мақоласида шундай дейди. «У (Эдгар По) қофиядан олинган лаззатни икки мисли орттириш учун унга дафъатанлик ато этди. Унинг иккиламчи, учламчи қофиялари, рефренлари замонавий шеъриятга леонин (Ўрта аср латин шоири Леонинг сатр ичи қофиялари.М.С.) услубининг яна-да аниқ, ажойиб намуналарини туҳфа этди».
Қофиянинг ҳеч ким урғу бермаган бир жиҳати бор. Бу унинг юзаки қараганда парадоксал, теранлашганимизда мантиқли кўринадиган табиати: Қофия метафористик шеър матнида қийин, сюжетли матнларда жуда осон қўлланилади.Қофия суверен бир унсур ўлароқ, эркин ҳаракат килиш учун шеърдан ўзига кенгроқ майдон талаб қилади. Бу майдон унга берилса, бу ҳолат ташбиҳ тизимини сиқиштириб қўяди, метафоранинг кучини заифлаштириб, уни майиб қилади.
Аммо уста шоирлар метафора ва қофия ўртасида куч мувозанатини ўрнатиши мумкин.
Бу мувозанат ўрнатилганида санъатда юқорида зикр этилган юксак гармонияга эришилади.
«Соф санъат» ва Декаданс
Юқорида тортишганимиз бутун мавзулар Эдгар По ўз ҳаётида уйғулаган, Шарл Бодлер кашф этган, Пол Валери исм берган зеҳниятнинг санъат оламидаги тадбиқотидир.
Бу зеҳният инсон тафаккури инжаликларини математик ҳисоб билан таҳлил қилиб, чиққан хулосани санъатнинг барча турларига феълан тадбиқ этади.
Пол Валери ўз қаҳрамони Эдмонд Тэстнинг ҳаёт тарзини шундай тасвирлайди: » Унда инсонни сархуш қилувчи тажрибаларга бўлган даҳшатли қайсар бир эҳтиросни сезардим. Бу ўзининг кўпқирралигида ғарқ бўлган, ўзининг системасига айланган, озод ақлнинг қўрқинчли интизомига ўзини таслим этган, сурункасига бир қувончини иккинчиси билан ўлдирган, заифини кучлисига алмаштирган, оний ва ўткинчи бўлганини, тамалли қувончга, тамалли қувонч умидига алмаштирган бир мавжудот эди. Мен унинг ўз фикрининг хўжайини эканини ҳис этдим».
Бу характеристика «Соф санъат» доҳийларининг аксариятини у ёки бу даражада таърифлайди.
Гарчанд бу таърифидан кейин Валери: «Мен бу ерда абсурд ёздим, ҳисларни тасвирлаш доим абсурддир», дея илова қилган бўлса ҳам.
Қизиғи шундаки, Пол Валерининг ижодий келиб чиқиши, унинг илк илҳом қайноғи декаданс (чўкиш) оқимининг ҳомийлари (Бодлер, Малларме, Верлен)нинг асарлари бўлса-да, эссе қаҳрамони мосё Тэст шиддатли тафаккур тарзи билан декадентдан кескин фарк қилади.
Бу қаҳрамонни пессимист дейиш қийин. У меланхолик ҳам, декадентларга иснод этилган «чиркинликдан гўзаллик аҳтарадиган бадбин» ҳам эмас. У ўз фикрининг толмас тафтишчиси, юқорида ёзилганидай, ҳур ақлини темир интизомга бўйсундирган, танаффусиз тафаккур ичида яшаётган бир зотдир.
Аслида, «декаданс» сўзи декадентлар ўйлаб чиқарган ном эмасди. Бу сўз уларнинг адабиётдаги мухолифлари томонидан камситиш учун уларга урилган тамға эди. Бу тамға биринчи марта Виктор Гюго ва умуман романтизмга қарши қўлланилди. Кейинги авлод вакиллари Теофил Готе ва Шарл Бодлер эса бу уят тамғасини ғурур билан қабул этдилар. Улар бу сўзни «бачкана прогресс» инкорининг рамзи сифатида қўллана бошладилар.
Бодлер: «Декадент адабиёти!.. Бу иборани классик эстетиканинг «муқаддас» дарвозаларини қоровуллаб турган сирсиз сфинксларининг баландпарвоз эснашида эшитамиз. Хар сафар бу тамға жаранглаганида, демак, «Илиада»дан ҳам қизиқроқ бир асар ҳақида гап кетаётганини таҳмин қилиш мумкин».
Адабиётдаги хар янгиликка «декаданс» дея ҳужум қилган «классика» қоровулларини Совет-рус дабиётида ҳам, бизнинг Совет-ўзбек адабиётида ўам кўрдик.
Совет-рус шеъриятида Аҳматова, Манделштам, Пастернак декадентча пессимизмда айбландилар.
Бизда эса асосан Абдулҳамид Чўлпоннинг баъзи асарларини, хусусан, унинг символизм охорли шеърларини бу категорияга киритиш мумкин эди. Ва киритдилар.
Фақат Чўлпоннинг шеърияти каби, насрида ҳам Оврупа декаданс(символизм) адабиётидан кескин фарқ этган муҳим бир ҳусусияти бор. Бу Туркистон миллиятчлиги.
Чўлпон Оврупа шоир-ёзувчиларидан фарқли ўлароқ, Чор Русиясининг мустамлакаси бўлган бир ўлкада етишган ойдин эди. У символизмни миллий руҳни ўртиш учун бир парда ўлароқ қўлланди.
Яна бир марта урғулайлик: суҳбатимиз мавзуси «соф санъат» вакилларининг аксарияти Паул Валери қаҳрамони Тэст каби «декаданс» таърифига тўғри келмайди. Бу тамғага соҳиб чиққанларнинг энг буюклари бу тамғага жорий адабиётни инкор қилиш учунгина соҳиб чиқдилар.
«Соф санъат» тарафдорларига эстетик чўкиш(декаданс)куйчилари, дея ҳужум қилган мухолифларга жиддий зарбани Бодлер берди. Унинг фикрича, шеъриятнинг вазифаси виждонни мустаҳкамлаш ёки бошқа бир «фойдали» акцияни амалга ошириш эмас. Шеърият учун асосий ҳадаф унинг ўзидир. Аммо бу Шеърият охир-оқибатда хулқни олижаноблаштирмайди дегани ҳам эмас. У охир-оқибатда инсонни тубан манфаатлар узра юксалтириши мумкин.Фақат шеърдаги насиҳатгуйлик шеърнинг поэтик кучини заифлаштиради.
Соф санъатчиларга кўра, санъат соф бўлиш учун бошка қусурлар қаторида дидактикадан ҳам тозаланиши керак.
Муҳаммад Солиҳ
9.04.2020