Кўзқараш
15 апрел 2020

Кучли иммунитет – ҳаёт, кучсиз иммунитет эса мамот

Ҳаво бугун ҳам бузуқ. Кечаси яна ёмғир ёғди. Туни билан безовта ухладим. Нам ҳавога оёғим оғриди. Кўрган тушларим эса эсимда қолмади. Кеча шомдан ўтибоқ ухлаб қолган эдим. Уйқуга тўйиб уйғонганимда ярим кечаси 3.30 эди. Икки пиёла наъматак дамлаб ичдим. Айвонга чиқиб сигарет тутатдим ва туйқус ўлимдан қўрмаслигимни сезиб қолдим. Ўлим эски латтадай тўзиган танадан халос этади-ку! Биламан, бойлар ва тушкунликка тушган кимсалар ўлимдан ҳайиқади. Мен бўлсам бой эмасман ва кўнглимга тушкунлик бегона. Бир пайтлар узоқ вақт тушкунликка тушиб юрганман. У пайтлар ёш эдим, орзу ва ниятларим мўл эди, атрофдаги гўзалликлар қалбимни қиздирарди, ҳатто юрагимда севги бор эди. Лекин орзуга етиб бўлмасди, ниятларим мустажоб бўлмасди, севгим рад этилганди. Дарахтдай чаман гуллайдиган ёшимда изтироб ўчоғида ўтиндай ёнгандим.

Ёшлик ўтди. Ўзи билан орзу-ҳавасларни ҳам олиб кетди. Энди нечун ўлимдан қўрқай, тушкунликка тушай.

Шундай. Бугун ҳам ҳаво бузуқ. Нам. Кечаси билан оёғим оғриганди.

Ўтган кунги шамол экинларимизга бир мунча зарар келтирди, ҳатто пахтани бузиб бошқатдан экдик. Совуқ шамол ердан энди бош кўтарган ғўза ниҳолларини гўё оловдай куйдириб юборди. Апрель серёғин ой.

Қуёш чарақлаб чиқишни бошласа, ловияларимни экиб олардим. Ловия жийда гуллаганда экилади.

Бир пушта эрта пишар сариқ қовун экаймикин, деяпман. Пишганда маза қилиб еб юраман.

Бугундан кўчамиз жонлангандекмикин…

Эрталаб соат саккизга яқин орқа ойнасига «Текстил» деган ёзув қистирган оқ «Отайўл» автобус ичи тўла аёллар билан шаҳар томонга кетаётганига кўзим тушди. Йўлда у ёқ-бу ёққа «ғизиллаб» ўтаётган енгил мошиналар ҳам етарли, велосипедчилар ва пиёдалар ҳам оз эмас. » Карантин тугадимикин, мен бехабар қолдиммикин», деган оний ўй ўтди хаёлимдан.

Карантинда кўчани, бозорни эмас, инсонни, инсон билан дилдан суҳбатни соғинаркансан. Ҳозирги шароитда ҳатто онанг билан очилиб гаплашолмайсан. Кўчада яқин дўстларингга кўзинг тушса ҳам узоқдан:» Қалайсиз? Карантин! Омонмисиз?» деб тўхтамай ўтиб кетасан.

Ҳеч кимнинг уйига йўқлаб бормайсан, сеникига ҳам биров келмайди.

Лекин деҳқончиликларимиз тўхтагани йўқ, экиш керак бўлган нарсани экяпмиз. Ошинларимиз ишлаяпти. Кенг далада карантин сезилмайди.

Шу ой охирида картошка ва тут пишади. Майский гилос ҳам бозорларда кўриниб қолар. Май ойи ўрталаридан булутсиз осмон, чарақлаган қуёш мавсуми – ёз бошланади.

Ҳозирча баҳор, ёмғир ва карантин.

Қаердан пайдо бўлди экан шу тожўлатларинг?!

Мен жуда кўп постларимда кимёвий қўшимчалар ёрдамида қайта ишланган, GMO маҳсулотлардан тайёрланган, техник ишлов берилган озиқ-овқатларни танқид қилганман. Аввало, тилга олганим нопоб егуликларнинг зарари ҳақида мутахассисларнинг бир қанча тавсия-мақолаларини ўқиганман, шунингдек, бундай маҳсулотларнинг танамизга, ҳужайраларимизга бегона эканлигини ўз танамизда синаб кўрганмиз.

Демак, емишдан қон яралади. Емишингиз қанчали сифатли ва табиий бўлса, ундан яраладиган қон шунчалик тоза бўлади.

Сифатли қон кучли иммунитет дегани.

Аксинча, кимё заводининг чиқиндисига ўхшаш овқат ва ширинликларга ружу қўйсангиз, улардан сифатсиз қон яралади.

Сифатсиз қон кучсиз иммунитет дегани.

Шу кунларда биляпмизки, кучли иммунитет – ҳаёт, кучсиз иммунитет эса мамот экан.

Яъни танангнинг касалликларга қарши кураши кучли бўлса, вирус юқмайди, аксинча бўлса, осонгина касал юқтирасан ва тузалишинг ҳам қийин бўлади.

Демак, тождор вирус хуружидан биринчи хулосамиз шуки, еяётган озиқ-овқатимизга эътиборли бўлишимиз, кимёвий озуқалардан парҳез қилишимиз даркор.

Асли иммунитети кучли одамга ҳеч қачон грипп юқмайди, юқса ҳам енгил кечади. Коронавирус ҳам иммунитети кучли кишилардан нари бўлишини мутахассислар ёзяпти.

Нима қилмоғимиз керак?

Биринчи навбатда, аҳоли дўкон ва супермаркетлар растасини тўлдирган GMO маҳсулотлар, рангли ичимликлар, техник ишловдан ўтган егуликларни сотиб олишни камайтириши керак.

Иккинчидан эса мутахассисларимиз тилга олганим нобоп маҳсулотлар зарарини аҳолига тушунтириши керак.

Учинчидан шуки, аҳолининг иммунитети мамлакат мудофаа тизимининг муҳим бир қисми, деб ҳисобланиши керак.

Боғларни кўпайтиринглар, дарахтларни кесишни бас қилинглар!

Шарбат деб ичаётган заҳарларингни неандертал кимса ҳам ичмайди.

Болаликда итимизга печенье, қоғозли қанд берардик. Ерди. Суюниб ерди. Ҳозирги қанд ва печеньеларни ит емаяпти, десам ишонаверинг.

Ҳалиям ҳаво булут. Қуёшдан дарак йўқ. Бунақа ҳавода далаям тўхтаб туради. Ерлар нам, лой бўлса, кетмон кўтариб бир иш қилиб бўлармиди. Ҳаволар яхшиланса, ловиямни экиб олардим.

Картошкаларим – огородимда – кўзга кўриниб қолди, шу ой охирида пишиб қолар. Қизим пюрени ёқтиради. Пюрега уй сарёғи қўшилса, ғоят тотли бўлади. Деярли ҳамма таомни пиширишни биламан. Ҳар қандай оғир шароитда яшаб кета оламан. Қизим: «Дада, сиз кимсасиз ўрмонда ҳам ўзингизга шароит яратиб яшаб кета оласиз!» дейди. Ўғлим эса мени эскича фикрлашда айблайди. Лекин ўзининг янги фикри йўқ. Ўғлим Тошкон марказида улғайди, балки шу боис ҳаётда бойликни биринчи ўринга қўяр. Мен унга инсон ҳаётида пулдан муҳимроқ қадриятлар борлиги ҳақида кўп гапираман.

Демак, бизда ҳаво тунд. Аммо ёмғир йўқ. Эрталабдан болаларим учун электр печда нонсолди пиширяпман. Ноёб таом. Устига кўкат сепилиб, озроқ туюлган қизил қалампир қўшилса, янаям ширин
бўлади. Қизимга суви қочган нонларни қаламлаб тўғраб, офтобда қуритиб, сўнг дастурхонга тугиб айвоннинг устунига осиб қўйишни ўргатдим. Бизда нон исроф бўлмайди. Ўйлаб кўрсам, тўғри йўлда яшаб ўтибман. Масалан, ҳеч қачон нонни исроф қилмаганман; ота-онани эъзозлашни юксак қадрият деб билганман; қўшнилар билан уришмаганман; ижодкор ўлароқ ёлғондан, маддоҳликдан йироқ бўлганман.

Шу кунлардаги асосий диққатим тожвирусда. Интернетда эълон этилаётган шу мавзудаги хабарларни кузатаман. Бу китайўлатнинг юқиш қобилиятини чамалайман. Баъзан СВАнинг дўхтирларидан: «Бизларнинг ҳудуд тинчми?»дейман. «Тинч», дейди улар. «Яхши», дейман.

Демак, шу кунлардаги асосий вазифамиз оиламизни, яқинларимизни ва ўзимизни вирус юқишидан эҳтиёт қилишдир.

Озиқ-овқат жудаям муҳим эмас. Уйда беиш ўтирган одам овқатниям кўп емайди.

Нонсолдиям пишиб қолди. Болаларим уйғонгани йўқ. Уй иссиқ. Газимиз гуриллаб ёняпти. Чироқ ўчмаяпти. Тефалда чойим ҳам қайнади.

Раҳимжон Раҳмат
муаллифнинг фейсбукдаги саҳифасидан

Тағин ўқинг
23 апрел 2021
Термизлик блогер Отабек Сатторийнинг адвокати Умид Давлатовнинг айтишича, 2021 йил 19 мартда журналистларга интервью бераётган вақтида унга нисбатан шантаж қилишга ...
11 март 2024
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та мактубни ўқиб эшиттирамиз. Улар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидан келган. Дастлабки ...
27 декабр 2019
«Совғанг бошингдан қолсин. Китобдан ҳам совға бўладими? Бир миллион рубль бер, битта коттеж ҳам бер!!!» Кечган йилда россиялик миллиардер ...
10 май 2019
Рассом Туз
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...