Асосий мавзулар
20 апрел 2020

Миллий ғурури сокин уфуриб турарди…

Хотираларимда ўтган асрнинг 70-йиллари аурасига кириб қолдим, чиқиш осон бўлмаяпти…

Ғарб шеърияти ҳақида ёзилган туркум мақолаларга жаҳли чиққан, ўзини фатво мақоми деб билган шахслардан бир-икки кибр тўла хат олдим. Улар менинг санъатга «ружу қўйганим» учун мусулмонлигимга, тақвомга шубҳа билдириб, «насиҳат»лар қилибди.

Ҳам уларга жавоб, ҳам савоб дегандек, яхшиларни яна санъат орқали эслашни ният қилдим ва қуйидаги матнни ёздим. Эртагача омон бўлсак, иншаАллоҳ, мусиқа ҳақда ёзиш ниятим бор.

Буюк рассом Чингиз Аҳмарни эслаяпман. Раҳматли ўз ҳаёт тарзи ва хҳатти-ҳаракати билан бизга адабдан дарс берган бир муаллим эди.

Унинг «Россия» меҳмонхонасига яқин бир сўлим кўчада устахонаси бор эди. Ўзи ҳам бир қават тепада турар эди янглишмасам.

Шогирди рассом Темур Саъдуллаев ва қўлёзмалар институти аспиранти Аҳмад Аъзам билан бу маконга тез-тез бориб турар эдик.

У сохта илтифотдан йироқ, чизган портретларидаги қаҳрамонлар чеҳрасидаги нимтабассумга менгзар бир ифода билан юзланарди инсонга. Тавозеси билинмаган тавозе соҳиби эди. Ҳазил ҳам қиларди. Киноя ҳам. Аммо бу ҳаракатларининг ҳаммаси туғма адаб ичида содир бўларди.

Ёшлар билан ҳам, катталар билан ҳам айни тавозеда суҳбатлашарди.

Столида Ғ.Ғулом нашриётида чиққан «Ёшлик баёзи»ни кўриб ҳайратланганим эсимда.

Бу китобда менинг ҳам катта туркум шеърларим босилганди.

Чингиз Аҳмар адабиётни кузатиб борарди, фақат катта шоирларни эмас, ёш ижодкорлар фаолиятини ҳам кузатиб борарди. Ёшларни ўзига тенг кўриб гапирарди.

Етмишинчи йилларда биз ҳамон ёш саналардик.

Чингиз Аҳмар каминага қараб, «Муҳаммадсолиҳ, сизнинг бўйингиз узун, Худога биздан яқинроқсиз», дея ҳазиллашарди раҳматлик.

Ёки бир куни «Сиз нима ҳисобига яшайсиз, Аҳмадбойдан эшитдик, Ғафур Ғулом нашриётидан ҳам ишдан қувилибсиз..», деб қолади.

Мен «қорақалпоқ халқ шоирларининг шеърларини ўзбекча қиляпман, гонорари бизга етади», дейман. Ва Устага бу ишнинг жуда осон эканлигини тушунтирган бўламан. Масалан, бу иш рассомларнинг ишидан анча осон, дейман дабдурустдан.

Нега осон, деб сўрайди Чингиз оға.

Мен ҳам илҳомланиб, қора юмор билан англата бошлайман: Масалан, бир шоир урушдаги ҳаётини тасвирлаётиб бундай сатр ёзади: «Шивиндей «шив» учиб ўтди ўқ», мен бу сатрни айнан «чивиндек «чув» этиб учиб ўтди ўқ», деб ўзбекча қиламан. Ва сатр тайёр, 55 тийин ишладим демак. Бундай сатрлардан бир кунда қанча «тайёрлашим»ни нашриётдагилар билишади ва «таржима истамасин», деб мендан қочиб юришади, дейман бироз муболаға қилиб.

Кейин урушдаги немис ўқининг чивин каби лаллайиб, эринчоқлик билан парвоз қилаётганини қўл ҳаракатлари билан кўрсатиб бераман.

Чингиз оға самимий қаҳ-қаҳа отади. Сиз сатира ёзинг, қобилият бор, дейди.

Кейин бирдан жиддий тортиб (ёки қувлик қилиб), Муҳаммадсолиҳ, сиз нега шеърларингизни қисқа ёзасиз, сиз боймисиз?

Давлат шеърнинг ҳар сатрига фалон тийин бераман деб турганда, мана Барот Бойқобилов каби туркум достонлар ёзиб ташласангиз бўлмайдими, дейди Буюк Уста.

Мен танбалман, бунинг устига оригинал шеърларни чиқариш таржималарни чиқариш қадар осон эмас, дейман.

Буюк Уста бу баҳонанинг қисқа ёзишга алоқаси йўқлигини яхши билгани учун ҳикматли нимтабассуми билан жавоб беради.

Чингиз оға муҳофазакор анъанадан келишига қарамай, бизнинг узун сочли «хиппи» кўринишимизга қараб, асло киноя қилмаган. Ҳолбуки, 1973 йилда университет талабаси экан, раҳматли домламиз Очил Тоғаев «сочингизни Политбюро аъзолари «прическа»си стандартида олдиринг», деган амрига бўйсунмаганим учун мени имтиҳонига олмаган эди.

Чингиз оға бизни борлиғимизча қабул этар ва тенгдошлари каби насиҳатгўйликка эҳтироси кучли эмас эди.

У менинг санъат идеалимга яқин бир рассом эмас эди.

У замонларда бизни Эдвард Мунк каби мистик, иррационал тафаккур соҳиблари кўпроқ жалб этарди. Лекин Чингиз оғанинг портретлари ўз наивлиги, соддалиги билан ойдин бир кайфиятга туртки бўла оларди.

Ҳар сафар унинг устахонасини зиёрат этар экан, бу кайфиятни яққол ҳис этардим ўзимда.

Чингиз Аҳмар ўз ишларида баъзан социалистик тузум ҳаётини мавзу олганди. Биз ёмон кўрган тузум мавзуларини. Ҳатто Сталин даврида мукофот ҳам олганди рассом. Аммо унинг бу таржимаи ҳоли ҳам биз каби антисовет томири қабарган миллиятчи ёшларни ўзидан узоқлаштира олмади.

Унинг соф кишилиги, соxталикдан узоқ табиати бизни ўзига тортганди.

Унинг ўша соцреализм чорчўпи ичида ишланган асарлари ҳам рассомнинг мусиқий чизгилари туфайли тортишмасиз бир қиймат касб этганди биз учун.

Чингиз Аҳмар Шарқ миниатюрасини монументал форматга кўчирган нодир шахсият эди.

Унинг фрескаларини каттайтирилган миниатюралар, десак муболаға бўлмайди.

Уларда нур-соя перспективаси йўқ. Худди миниатюралардаги каби композициянинг пастида яқин план, юқорида – узоқ план. Ва сулдорлар (силуэтлар) кўринишда (визуал) катта бўлса ҳам худди миниатюра каби муҳташам бир ҳафифликка ғарқ бўлган!

Бу ҳафифликни аввал ранг гармонияси, кейин рассом мўйқаламининг майин чизгилари яратар эди.

У бизга италён рассомлари Мазаччо ва Жоттони мадҳ этарди.
Аслида, у ўзи севган миниатюра санъатини мадҳ этарди.

Жотто ва Мазоччо Чингиз оға наздида Шарқ миниатюра услубини эслатганликлари учун буюк эдилар.

Унинг санъатдаги миллий ғурури шундай сокин уфуриб турарди.
Аллоҳ муборак руҳига ғани ғани раҳмат айласин.

Муҳаммад Солиҳ
2020

Тағин ўқинг
11 ноябр 2020
Пост деб ёзишга арзигулик фикр ва кечинмаларим ҳам қолмабди, чамаси. Мумтоз шоира Нодиранинг: Сен на учун дунёга келдинг,Кайфиятинг баён ...
9 сентябр 2021
6 cентябрдан Ўзбекистон олий ўқув юртларида янги ўқув йили бошланди. Айни пайтда вилоятлардан пойтахтга келиб ўқиётган талабалар учун турар-жой ...
26 сентябр 2016
«Адолат» газетаси (20.09) «Адолат» социал демократик партияси сиёсий кенгаши мажлиси бўлиб ўтгани, унда партиядан Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этадиган ...
15 август 2024
Элтуз манбаларининг маълум қилишларича, Салим Абдувалиевнинг ўлгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. 11 августда баъзи телеграм каналлар жумладан Qoraxabar “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Қирғизбоевич Абдувалиевнинг вафот этгани ҳақида хабар тарқатди. “Тарқалган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...