Асосий мавзулар
3 май 2020

Давлатни ўз тилига қайтаринг

Ҳеч қачон рус халқига кин ва нафрат туймадим. Аксинча, ёшлигимда Русия билан боғлиқ ишларимда (адабиётда каби сиёсатда ҳам) жуда кўп содиқ дўстларим руслар орасидан бўлган. Бир-биримизни қардошча қўллаб-қувватлаганмиз.

Русчага таржима қилинган шеърларимнинг таржимонлари руснинг иккита буюк шоири – марҳум Виктор Соснора ва марҳум Алексей Парщиковдир. Бири петербурглик, иккинчиси москвалик эди. Иккаласи ҳам Тошкентга уйимга келган, мен ҳам уларнинг уйларида меҳмон бўлганман, оилаларимиз ҳам бир-бирлари билан дўст бўлишган.

Ҳозир ҳам Истанбулга жуда кўп рус дўстларим зиёратга келиб туришади. Улар билан адабиёт, сиёсат ва ҳар нарсани қардошча муҳокама қила оламиз ва орамизда миллат ва ирқ муаммоси ҳеч қачон бўлмаган.

Албатта, русларнинг ичида, ҳар қандай бир халқ ичида бўлгани каби, яхшилари ҳам ёмонлари ҳам бўлади. Бир ёки иккита руснинг, бир ёки икки рус гуруҳининг негатив тарафларини бутун рус халқига мол қилиш инсофсизлик бўларди.

Масалан, Жириновкий ёки Дугинларнинг шовинизмдан ҳам ошиб тушган ирқчи сиёсатларини бутун рус халқига мол қилиш мумкин эмас. Ҳатто Жириновскийнинг партиясига миллионлаб руслар овоз бераётган бўлса ҳам. Ҳатто бу арбоблар баъзи «нозик масалалар»да рус ҳукуматининг ғайрирасмий «тили» бўлиб вайсаётган бўлса ҳам. Ҳатто бу арбоблар кўксига Русия президенти тарафидан давлат нишонлари тақилаётган бўлса ҳам.

Биз булар учун рус халқини айблай олмаймиз.

Аммо бу толеранс менинг рус шовинизми ва ирқчилигидан нафратланишимга тўсиқ бўла олмайди.

«Мустақил» бўлиб, рус шовинизмидан қутулдик, деб ўйлагандик, аммо Ўзбекистондаги бугунги аҳвол бунинг тескарисини кўрсатяпти.

Рус шовинизмининг ўлкамиздаги зуҳуроти баъзан қип-яланғоч ва ҳақоратомуз шаклда юз беради.

Сўнгги пайтлардаги рус босқинчиларига Тошкентда ўрнатилган «тарихий мемориал»нинг таъмири, рус тилини яна давлат тили мақомига кўтариш орзуларининг суверен бир давлатда тараддудсиз тилга келтирилиши рус шовинизмининг Ўзбекистонда ҳали ҳам кучли омил эканлигини кўрсатмоқда.

Ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинганига 31 йил бўлди, аммо бу тил ҳалигача давлат тили бўла олмади. Ўзбекистонда яшаётган ўзбек бўлмаган аҳоли ҳам 5 йил ичида давлат тилини ўрганиши керак эди, 90-йилларда олинган қарорлар бўйича.

Ўзбек бўлмаган бу нуфуз мустамлака Туркистонда 135 йил яшаб ўзбекчани ўрганмади, 31 йилдан бери мустақил бўлган Ўзбекистонда ҳам ўрганиш нияти йўқ.

Бунинг асосий сабаблари:

а) Ўзбекистон раҳбарларининг Русияга яхши кўриниш каби пасткашлик комплекси. Улардаги ўзбек тилига нафрат.

б) Ўзбек тилини менсимаслик сиёсати, ўзбек тили ўқитувчиларининг камситилиши, маошларининг озлиги.

в) Давлат идораларида ҳали ҳам ҳоким позицияларда ишлаётган рус тилли кадрларнинг саботажи.

г) Ерли бўлишларига қарамай, рус тилида ўқиган ва бу тилни турли позицияларда қўллаётган манқурт кадрлар.

«Ўзбеклар рус мактабларида ўқишни таржиҳ қилишяпти, биз нима қилайлик?» дея ўзларини оқлашади идораларда ўтирган рус тилли манқуртлар.

Қаранг, Ўзбекистон президенти қизларидан тортиб, куёвлари, қариндошлари, бутун сулоласи рус тилида ўқиган, болалари ҳам рус тилида ўқияптилар.

Яъни ўзбек тили тақдири ўзбек тилини билмаган, ўзбек тилидан нафратланган, турли соҳаларда раҳбар бўлиб ишлаётган кадрлар қўлида.

Булар манқуртлар синфидир.

Бу синф Ўзбекистонда жуда кучли «олтинчи колонна»ни ташкил этади.

Ўзбекистонда совет даврида ерли аҳолини назорат остида тутиб туриш учун КГБ рус тилли аҳолидан фойдаланарди. Уларнинг жуда кўпчлиги КГБ билан ҳамкорлик қилгани учун юксак лавозимларга кўтарилган.

Биз бу қатламни «бешинчи колонна», деб атар эдик.

«Бешинчи колонна» ҳали ҳам фаолиятда.

Рус босқинчиларига қўйилган мемориални таъмир қилиш ғоясини Мирзиёевга қабул қилдирган ва таъмир ишларини қисман молиялаштирган, келиб чиқиши ўзбек, «бешинчи ва олтинчи колонна»лар мансуби миллиардер Алишер Усмоновдир.

Усмонов «карантинни ватанимда ўтказаман», деб Тошкентга келганига сабаб ватан соғинчи эмас, Путинга «мемориал жести»дир. Мирзиёвни ҳам «Путинга яна-да яқинроқ бўласан», деб бу таъмирга илҳомлантирган Усмонов, дейишмоқда манбалар.

Совет даврида каминага қарши ёзилган бутун негатив мақолаларнинг муаллифлари шу «колонна»дан эди.

Уларнинг минбарлари «Правда востока», Ташкентская правда», «Вечерный ташкент» каби газеталар ва ТВ даги рус тилидаги дастурлар эди.

Бугун улар ўзларига ўша газеталардан мустақил сайтлар очиб олиб, аввалги ўзбек миллий қадриятларига қарши фаолиятларини давом эттирмоқда.

Бу «мушкетёр»лардан биттаси ўзининг «мустақил» сайтида қамоқда ўтирган диссидент Акром Малик ҳақда бундай ёзади: «Биз фабрикация қилинган ҳар қандай уйдирма жиноят ишига қаршимиз ва одам содир қилмаган иши учун жазо ўташини қоралаймиз. Жумладан, Маликнинг ҳам. Лекин Акром Маликдан конфет ясаш ҳам керак эмас”, деб Акром Малик ёзган мақоланинг русча таржимасини ёйинлайди.

Акром бир мақоласида “халқ давлат бошқарувининг шариатга асосланган шаклини танласа, бу унинг ҳаққидир”, деб ёзган экан…

Бу «бешинчи колонна» мухбирининг ДХХга ёзма ихбори(«донос»)дир.

Яқинда Акром Маликни озод қилиш хақида ўзбек зиёлилари давлат раҳбарига мактуб ёзишиб, савоб иш қилишди.

Лекин «бешинчи колонна» аскарлари донослар ёзиб, унинг турмадан чиқмаслиги учун ғайрат қилаётгани ҳам аниқ.

ИншаАллоҳ, Акром бу зулмдан қутулсин.

Лекин биз учун бугун энг катта муаммо «бешинчи» эмас «олтинчи колонна»дир.

У «бешинчи колонна»ни қўллаб-қувватлаётган, ичимиздан чиққан хоин бир қатлам.

Фақат давлат тили масалаларида эмас, иқтисодни ҳам, ташқи сиёсатни ҳам бу «олтинчи колонна» дизайн этмакда.

Бу «колонна»ларни бартараф қилишнинг ягона йўли – Ўзликни танишдир.

Халқ, оз бўлса-да, бу йўлда масофа олди, деб умидланмактаман.

Биринчи навбатда, ҳукуматни ўзбек тили ўқитувчисининг ижтимоий мақоми ва обрўсини кўтаришга мажбур қилиш керак. Унинг маошини кескин оширишга эришмоқ керак. Ўзбек тилида ўқиш ҳам моддий, ҳам маънавий тарафдан жозиб бир танлов ҳолига келиши керак.

Халқимиз 89-йилда ўзбек тилининг давлат тили бўлиши учун қандай мужодала қилган бўлса, бугун ҳам айни шижоатни кўрсатиши лозим.

Давлатни ўз тилига қайтариш керак.

Муҳаммад Солиҳ

2020

Тағин ўқинг
21 апрел 2022
“Элтуз”га Тошкентдаги ўнлаб корхонани бирлаштирган “O‘zbek-O‘mon investitsiya kompaniyasi” жамғармаси ишчи-хизматчилари бош директор, ўмонлик Муҳаммад ал-Лаватий (Mohamed Al Lawati ) ...
21 апрел 2016
«Адолат» газетаси пичоқдан жароҳат олган фуқарони операция қилган шифокор беморнинг яқинларидан пул олгани учун жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида ёзди. ...
2 декабр 2019
Самарқандга бағишлаб суратга олинган бу фильм режиссёр Н.Гаврюшкин томонидан «Госкино»нинг 3-фабрикасида 1930 йили ишланган, 2011 йили эса бир гуруҳ ...
19 июн 2017
Президент Мирзиёев 13 июн кунги йиғилишида судьяларнинг порахўрлигини кескин танқид қилди. «Дўкон эмаску бу, бир соатда юз доллар, икки ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...