Кўзқараш
3 май 2020

Асанов формати: Хоразм туркчаси тушунарлидир

Жанубий Хоразм шевалари ва Хоразм қарлуқчаси ҳақидаги саволларга берган жавобларим комментларда баҳсларга сабаб бўлди. Шуларга бироз аниқлик киритиб кетаман.

1. Жанубий Хоразм шеваси адабий тилдан узоқлиги ва тушунарсизлиги халқ орасидаги стереотипдан бошқа нарса эмас. Умуман, тилшуносликда “тушунарлилик-тушунарсизлик” категориялари ўта мавҳум ҳисобланади, чунки бу ҳар бир одамнинг субъектив тажрибасидан келиб чиқадиган хулосадир. Мен учун, дейлик, Жанубий Хоразм шевалари жуда тушунарли. Бошқа тарафдан, баъзилар учун бу шевалар тушунарсиз бўлиши мумкин; яна кимлар учундир Жанубий Хоразм шеваларидан кўра Наманган шевасини тушуниш қийинроқ.

Жанубий Хоразм шеваларининг бир қарашда адабий тилдан узоқ туюлиши уларнинг асоси ўғузчалиги билан боғлиқ. Аммо Хоразм ўғуз шеваларининг ягона ўчоғи эмас. Ўғузча шевалар Туркманистонда, Қорақалпоғистонда, Бухорода, Самарқандда, Қашқадарёда, Сурхондарёда, Шимолий Афғонистонда, Жиззахда, Тошкентда, Жанубий Қозоғистонда тарқалган. Яъни ўғуз шевалари ўзбек лисоний картинасининг одатий, узвий қисмидир. Дарвоқе, Жанубий Қозоғистон ўғуз шевалари Жанубий Хоразм шеваларига нисбатан қадимийроқ (чунки ўғуз тиллари шу нуқтадан бошлаб тарқалган) ва “тушунарсизроқ”дир.

2. XIV асрда Мисрдан Сибиргача бўлган ҳудудларда туркий адабий тилларда ёзма матнлар яратилган. Улар турли ўлкаларда туғилиб ўсган муаллифлар томонидан ёзилган бўлиб, ҳар хил шеваларни акс эттирган. Лекин туркологияда бу борада чалкашликлар кўп. Асосий муаммо шундаки, олимлар турли минтақаларда ёзилган матнларнинг диалектал асосини тўғри аниқлай олмайди ёки чалкаштиради. Бунинг икки сабаби бор:

– у пайтдаги туркий адабий тиллар бир-бирига жуда яқин эди, катта профессионал бўлмасанг, фарқлай олмаслигинг мумкин, шунчаки чалкаштирган ва хато қилган олимлар кўп;

– матнларни ўрганадиган айрим ўзбек, қозоқ, татар ёки озарбайжон олимлари бу матнларни ўзбек, қозоқ, татар ёки озарбайжон адабий меросига нисбат бериш учун атайлаб уларнинг тилини қипчоқча ёки ўғузча деб эълон қилади; бу ҳақиқат бўлмаса ҳам.

Бу масалани россиялик олим Вадим Понарядов билан жиддий ўрганиб, маълум хулосаларга келганмиз. Матнларни ўрганиб, қуйидаги адабий тилларни ажратиб кўрсатиш мумкин:

– Олтин Ўрда қипчоқ тили. Илгари бу ҳудудда ўғузлар яшагани туфайли уларнинг тили қипчоқчага муайян таъсир ўтказган, шу боис баъзан бу тилни ўғуз-қипчоқча дейишади. Бу тилда Мисрда ҳам ёзишган. Жиддийроқ ўрганса, Миср қипчоқчасининг фарқларини ҳам ажратиб кўрсатса бўлади;

– ғарбий турк адабий тили ёки ўғуз адабий тили. Кейинчалик усмонли тилига асос бўлган бу тилдан Эронда, Мисрда, Кичик Осиёда, Сурияда фойдаланишган;

– Хоразм қарлуқ тили. Хоразмлик муаллифлар турли тилларда ёзган – баъзилари қипчоқчада, баъзилари ғарбий туркчада. Лекин уларнинг каттагина қисми хоқонийя тилининг давоми бўлмиш қарлуқ адабий тилида ижод қилган. Бу тил Чиғатой улусида кенг тарқалган, лекин XIV аср ёдгорликлари, асосан, Хоразм билан боғлиқ бўлгани учун Хоразм қарлуқ адабий тили, деб юритилади.

Хоразмда алоҳида қарлуқча адабий тил бўлганини баъзи олимлар тан олмайди. Улар бу гуруҳ ёдгорликларини Олтин Ўрда қипчоқчаси корпусига киритиб юборади. Лекин бундай тил бўлганини конкрет лингвистик фактлар билан исботлаб бериш мумкин. Бу фактларни кейинги постларимда келтираман.

Ўғуз-қипчоқча ва хоразмча адабий тилларни чалкаштириш, асосан, рус тилли туркологияда учрайди. Инглиз тилли китобларда хоразм қарлуқчаси доим ажратиб кўрсатилади ва чиғатой тилига ўтиш босқичи сифатида тавсифланади.

Дарвоқе, бу тилнинг барчамиз яхши биладиган энг муҳим ёдгорликларидан бири – “Қиссаси Рабғузий”.

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
23 май 2023
Cалом қадрли мухлислар Элтуз порталига келган навбатдаги бешта хатни ўқиймиз. Улар Ташкент, Қашқадарё ва Cамарқанд вилоятларидан келган. Дастлабки шикоят ...
26 январ 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 38-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) Ҳаёт – илмдир. ...
27 ноябр 2020
АҚШ ва Ўзбекистон 2021 йилда “стратегик ҳамкорлик мулоқоти”га ўтишни мақсад қилган. Ўтган ҳафта Вашингтон президент Дональд Трампнинг 4 ноябрдаги сайловда ...
19 сентябр 2016
«XXI аср» газетаси (17.09.2016) Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партиясидан бўлажак давлат раҳбари сайловига вақтинчалик президент ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...