Асосий мавзулар
11 январ 2021

Биллур белбоғ

Таниқли шоир Баҳром Рўзимуҳаммад 60 ёшда

Баҳром ака индамайгина олтмишга кирибди. Ботинан қаралганда, ундай эмас. Баҳром ака индамайгина олтмишга киргани йўқ. Унинг адабий ҳайқириқлари ниҳоятда нафис қораланган шеърларида, шеърият ҳақидаги олимона ва шоирона қалб призмасидан ўтказиб ёзилган мулоҳазаларида, нигоҳинг тушганда бирин-кетин юракда портлайдиган сатрларида ҳамма-ҳаммаси жамулжамдир.

Чўлпоннинг “Кўнгил янгилик қидирадир”, деган таассуфини кўпчилигимиз биламиз. Ҳа, ўтган асрнинг охирги чорагида кўнгилллар янгилик қидираётган бир пайтда шеъриятда Баҳром Рўзимуҳаммад, Абдували Қутбиддин, Азиз Саид ўзларидан олдинги бадиий кашфиётларни инкор этмагани, улар таъсиридан ривожланиб, соясида қолиб кетмагани ҳолда мисли кўрилмаган янгиланишлар қилдилар. Ҳар бири бирдан оғизга тушди: чунончи, ҳар бирининг ўз бадиий йўли, ўз ички оҳанги, ўз манёврлари бор эди.

Баҳром Рўзимуҳаммадни кимдир ҳашоратлар ҳақида ёзиб юрадиган шоир ўлароқ писанда этар, бироқ нима ҳақда ёзмасин, уни санъат даражасида инкишоф эта олди. Чумоли ҳақида қойиллатиб ёзолмаган одам Амир Темур ҳақида ҳам бирор нимани дўндирмаслиги аниқ. Ҳазрати Аттор айтмоқчи: “Сен унинг жуссасига эмас, қалбидаги ишқига боқ. Ишқ мўъжизалар яратар”.

Мен Баҳром Рўзимуҳаммаднинг илк шеърларини ўқиганимда 13 яшар қизалоқ эдим. “Орзу фуқароси”, “Сабр дарахти”, “Гуллаётган тош” каби китобларни ўқиб, ҳайратларимни йиғиштириб ололмай юрган кезларимда қўлимга Баҳром Рўзимуҳаммаднинг “Теракка яқин юлдуз” китоби тушди.

Бу китоб орзуларим йўлини тамомила буриб юборди. У менга “тошни тош, гулни гул, юлдузни юлдуз”, деб эмас, ундан ҳам чиройлироқ ном билан аташ мумкинлигини ўргатди.

Бир томонда Муҳаммад Солиҳ, иккинчи томонда эса Рауф Парфи шеъриятни ва ўқувчини инсон юраги етмаган чўққиларга олиб чиқиб кетаётган бир дафъада ўқувчининг ҳиссиётини электр симлари янглиғ жимирлатиш учун тамомила янги бир овоз, янги бир соз керак эди.

Назаримда, Баҳром Рўзимуҳаммад ана ўша долғали пайтда ўзига хос йўлни топа олди ва унинг шеърлари жуда тезлик билан юраклар қатидаги ҳар бир қатимга сингиб кетди.

Агар Европа ва Шимолий Америкада модернизм 1800 йиллар охирида Францияда бошланган ва бу ҳодиса Марсель Пруст номи билан боғланса, у 1950 йилларда Америкада Роберт Лоуэлл ва Сильвия Плат шеърлари билан охирига етди.

Ўзбек шеъриятида эса бу ўтган асрнинг 70-90-йиллари шеъриятида авж нуқтага кўтарилди. Унинг олдинги сафларида Баҳром Рўзимуҳаммаднинг номи тилга олиниши бежизга эмас. Чунки модерн адабиёт ривожида ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатдан Баҳром Рўзимуҳаммаднинг ҳиссаси беқиёсдир.

“Модерн” истилоҳининг ўзи “замонавий” маъносини англатади. Ана шунда замонавийликнинг охири борми? Замонавийлик қаердан бошланади-ю, қаерда тугайди, чунки ҳар қандай “мода” ҳам урфдан қолади-ку, деган фикрлар пайдо бўлади.

Аслида адабиётда мода эскирмайди, урфдан қолмайди, замонавийлашиш абадий давом этади. Символизм, футуризм, акмеизм, имажинизм, дадизм, экспрессионизм – буларнинг ҳаммаси бирлашган ҳолда модернизм дарахти соясида тўпланадилар.

Акмеизм асосчиси Николай Гумилёв 1911 йилларда “шоирлар цех”ини ташкил қилган ва бу цехда Анна Ахматаова, Осип Мандельштам, Василий Гиппиус, Владислав Ходасевич, Игорь Северянин бирлашган.

Гумилёвдан “шоирлар цехида нима қиляпсиз?” деб кинояомуз сўрашганида, “Конфет билан чой ичяпмиз”, деб ҳазиломуз жавоб қайтарган экан.

Аслида ушбу цех янги йўналишда ижод қилаётган шоирларни бир жойда тўплаш, шеърларини чоп этиш ва уларни тарғиб қилишни ўз зиммасига олган эди.

Баҳром Рўзимуҳаммад шеърлари ҳақидаги мулоҳазаларга қайтсак. Унинг шеърларида ҳаддан ортиқ нафосат бор: сўз нафосати, туйғуларни чертиш нафосати, тафаккур нафосати. Муздан гуллар ясайдиган санъаткор янглиғ муздан ҳам гул ясаш мумкинлигини шууримга жойлаган китобдир “Теракка яқин юлдуз”.

Оқ рангга бошқа рангни қўшиб бир неча бўёқлардан ранг ҳосил қилиб кўрганмисиз ҳеч? Ранглар қўшилганда оқ ранг иккинчи рангни очофатлик билан шимиб олади.

Баҳром Рўзимуҳаммад шеърларининг қалбга ташрифини ана шундай бир неча ранглардан бўёқ ҳосил қилиш жараёнига менгзаш мумкин. Шеърий, бадиий намойишларга мунтазир турган қалбимиз янгиликни шу лаҳзанинг ўзидаёқ шимиб олади. У қалбимиз рангига мослаша бошлайди кейин.

Япроққа қўл теккизсангиз
сувратдаги дарахт новдасига
ниначи қўнади

қабилидаги шеърларни ўқиганимда кечаси билан ухлолмаганим рост.

Ғалати. Аввало, сувратдаги дарахт, кейин у моддийлашади, унга ниначи келиб қўнади, учади, қайта қўнади, моддийлик ўрнини яна руҳоний жозиба эгаллайди.

Моддий ва руҳий оламимиз ўртасидаги ана шу ажабтовур олмос кўприкни қургани ва ундан ҳисларимизни етаклаб ўта олгани билан ҳам сирга тўладир унинг шеърияти.

Шеърий идрокимнинг тамомила янги бир дунёга дўнгани, инсон тасаввури каби тафаккури ҳам чексиз ва чегарасиз эканини англаганман.

Унинг шеърларида гўзаллик қотиб қолган эмас. Улар улғайиб боради, шоир ноаён мўлжаллаган нуқтага етганда ҳаддан ортиқлик мақомига кўтарилади, товланади. Ўқиган сари катталашади. Бир марталик малҳам каби жонингизга атиги бир мартагина ҳузур бахш этмайди.

Уларни ҳар ўқиганингизда янги-янги бадиий қатламларини кашф этасиз. Руҳий танангизга ҳар гал завқ тараннуми ёйилади.

Ғунча очилаётган лаҳзада
бақирмоқни унутинг бирпас,
ахир, гўдак каби нафисдир ғунча.
Ёмғир ёғар экан
ичкиси келади руҳимнинг
ювилган, зангори ҳавони.

Ушбу шеър Баҳром Рўзимуҳаммаднинг “Ой тўлишган тунда” шеъридан олинган. Ғаройиб шеър. Ички оҳанг тилидами бу, дунёга битта – ботиний нигоҳ деган дарчадан қарашми ёки воқеаликка нисбатан эстетик мулозаматми?

Эҳтимол, ҳаммасидир, нима бўлганда ҳам шоир бизни ўзининг бадиий эволюцион ҳислар чизиғидан олиб юради, шууримизни шеърни ўқиб тугатгач ҳам қўйиб юбормайди. Шоир шаклда, усулда, услубда, ифодада тамомила янгилик қилишга эришади. Баъзан эса лингвистик оғишлар туйғуларимизда ёриқлар пайдо қилади. Бу ёриқлар эса бир вақтнинг ўзида мисли кўрилмаган бадиий ва тимсолий топилмалар билан тўлади.

Адабиётшунос олим Раҳимжон Раҳмат Баҳром Рўзимуҳаммад шеърлари ҳақида тўхталаётиб, уни “сув остидаги гулзор”га менгзайди: дарҳақиқат, тоза, ишвали, ғуборсиз ва ниҳоятда гўзал гулзор бу.

Зилол сув остида гуллаб турган гулзорни тасаввур қилишнинг ўзи ниҳоятда ёқимли ахир. Сув остида таралаётган ифор! Сувга чайинган ифор! Мутлақо топ-тоза! Ҳайқириб юборгингиз келади бу софликка қараб!

Шунингдек, олим ўз мушоҳадаларини давом эттириб, унинг поэзияси ниҳоятда софлигини, даврий ва тузумга хос воқеликлардан холиликни эътироф этганди.

Дарҳақиқат, шоирнинг шеърларини вақт машинасида Навоий даврига бориб қолган шеърсевар ўқиса ҳам худди 15-асрда ёзилган шеърдек қабул қилиб ўқийвериши аниқ. Чунончи, улар вақт шамолларида эврилмайди, тусланмайди:

Шундай шамол бўлдики,
чайқалди
сувратдаги дарахтнинг сояси
шундай шамол бўлдики,
ўрнидан ыўзғалди юрак ҳам
бироқ барибир
ифорини тарқатмади Сўзлар

Эҳтимол, бу шеърни бундан беш аср кейин ҳам ўқувчи худди ўз замонининг шеъридек тушунчалар билан қабул қилар. Ўз асрида кечаётган шамоллар билан сувратдаги дарахт соясини чайқатгиси келар. Тасаввурининг кучига таянар…

Тоғлар борлигини билмайман.
Бу кесакни сиз муштдек дедингиз,
ҳақиқий тоғдир у мен учун,
чўққисига қарарканман ўша кесакнинг,
дўппим учиб кетар бошимдан.
Катта бир сир бордир бу ерда, дейман,
Донишманд чўқмор ҳассаси билан
майда бўлакларга бўлмоқчи сирни,
яъни имо-ишорага чўзмоқда қўлин.
Чинқириб юборар азобдан
тасаввури чил-чил синган бир одам,
тажовузкорона ялтиллар,
жаъмики кўзларга солганча таҳдид.
Мен тасаввур синиқларини
йиғиб оларканман ҳеч иккиланмай,
алланиманингдир аксин кўрдим-у,
кўрмаганга олдим бирдан ўзимни.

Бу шоирнинг 1993 йилда ёзилган шеъри. Роппа-роса 28 йил олдин ёзилган. Модернизмнинг радикал қанотларини белгилаган айрим шеърларда ақл ва тафаккур монополиясини кўриш мумкин.

Мен бу шеърни бекорга тўлиғича келтирганим йўқ. Чунки шеърдан баъзи парчаларни узиб олиб ўқиганда худди ана шундай тушунчалар пайдо бўлиши мумкин эди.

Бироқ шеърни тўлиғича ўқир экансиз, тасаввурингизнинг кўп қиррали бурчаклари ҳамма ёққа ёйилади. Идрокингиз эринчоқликдан тозаланади.

Шеърлар бор фожеаларга, яраларга, чандиқларга тўла. Ҳатто чарчатиб қўяди маврид-бемаврид оҳу фиғонлар. Жазава, бетин жазава… бир марта ўқийсиз, иккинчи марта ўқишга юрак бетламайди.

Ана шунда туйқус унинг бир марталик (однозаровый) дард эканини тушуниб етасиз. Баҳром Рўзимуҳаммад эса трагедиянинг туғилишини машқ қилмайди.

Шахсий жазаваси билан ўқувчининг шуурига портлаш мосламаларини улоқтирмайди. Уларда сокин бир хаёлчанлик, жозибали тафаккур, ярқироқ манзараларни кўрасиз. Бадиий идрокингиз дам олади, ҳузур туяди, ифорланади.

Улар билан бир неча кунлаб бирга руҳоний сафарга чиқар экансиз, безмайсиз, аксинча, ажралолмай қоласиз. Манзаралар гапиради, сувратлар мусиқа тинглайди, ҳолатлар қўлингиздан тутади ва лаҳзалар минг бўлакка бўлиниб ял-ял товланади.

Ҳа, Баҳром Рўзимуҳаммад шеъриятига жазиба ва ғалаён тамомила ётдир. Унинг моҳиятида ҳам, сиртида ҳам гўзал ва сокин бир ғулуни кўриш мумкин, холос.

Ҳатто дардни ҳам бу қадар гўзал йўсинда чекиш усулини фақат Баҳром Рўзимуҳаммад шеъриятида туяман.

“Одам одамга банги” деб ёзганди рус шоираси Татьяна Зоммер. Ҳа, айнан мана шу руҳоний, ҳиссий бангилик бошланади бу шеърлар билан.

Ёлғизман,
юрагимнинг ичи қоп-қоронғи зулмат,
яна қоронғилашар ўйлаганим сайин,
ниҳоят қизиқроқ хаёл топаман,
охир-оқибат
нима ёритабиларкан шундай зулматни.

Баҳром Рўзимуҳаммаднинг шеърлари юракнинг орқа планига мўлжалланган шеърлардир. Уларда воқеликнинг, тасвирланаётган объектнинг орқа плани бош планга чиқади: кўнгилнинг орқа томони, хаёлнинг орқа томони, ҳаётнинг орқа томони.

Инсон тасаввурининг, инсон тахайюлининг чексиз-чегарасиз, ҳадсиз-ҳудудсиз бепоёнликларида сайр бошланади. Тафаккур ўйинларини, идрокнинг шаҳдини ўткирлаб беради улар. Шеърдан кейинги ҳаёт бошланади шуурда.

Анъанавий шеърлардан фарқли ўлароқ, шоир ўз шеърларида ўқувчига эмас, ўзига, хаёлларига, ботинига мурожаат қилади. Ўзининг ола-бўла ўйлари ичида шарпа янглиғ кезиб юради, энг муҳими, ўзини қайсидир маъшуқасидан жабр кўрган ошиқ монанд ачинарли аҳволда чизмайди, минг турли қиёфада кўриниш беради: баъзан ғолиб, баъзан мағлуб, гоҳида масрур, гоҳида мағрур. Улар онг остининг турли ковакларида бизни янги-янги саргузаштларга чоғлайверади.

Ўтган аср охири ва янги аср бошларида қайсидир “оқсуяк” сарой ёзувчисининг фатвоси билан модернистларга тош отиш урфга айланган эди. Модернистларга ғарб соясида қолиб кетган бир унсур ўлароқ тавқи лаънатлар бошланди. Бир томондан, яхши ҳол эди бу. Ўзини модернист санагичларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратди.

Баҳром ака ўз йўлида собит турди. Хусусан, шу аср бошларида ўзининг модернизм, постмодернизм, декадентлик, символизм, сюрреализм ҳақидаги мақолалари билан мунтазам чиқишлар қилди. Баҳсларга киришди.

Худдики, Андрей Белийга қарши чиқишлар қилиб Саша Чёрний ўзига “Чёрний” тахаллусини қўллагани янглиғ, адабий “олишув”лар қизигандан қизиганди.

Энг муҳими, Баҳром аканинг адабий-танқидий мақолалари бир асар монанд ўқилади. Улар ҳеч кимни ўзининг ҳиссий қаричлари забтига олмайди. Баъзан катта адабиётшуносликка дахлдор кашфиётларни кундалик адабий истилоҳ монанд айтиб ўтиб кетади.

Шеър ҳақида ҳамма ёзиши мумкин. Бироқ шеър ҳақида шоирнинг ёзгани ўзгача кечишини ҳаммамиз баъзан билдириб, баъзида билдирмай тан оламиз.

Фароғат Камол, Абдували Қутбиддин, Ҳалима Аҳмедова, Хосият Рустамова, Бектемир Пирнафасов, Ойдиннисо шеърияти ҳақидаги ҳар бир мақоласини адабий-танқидий-бадиий асар, ноёб бир китоб ўлароқ мутолаа қиласиз.

Уларда биз «шеър нима, шоир ким» қабилидаги мангу саволларга мангу жавоблар излаган ҳолда “сувни тарозида тортиб бўлмас”лигига ишонч ҳосил қиламиз.

Яна бир жиҳати, Баҳром ака Навоий ижодига чексиз меҳру муҳаббат билан ёндашади. Бу эса модернчилар ғарбга тақлид қиладилар, деган қарашларни куппа-кундуз куни чиппакка чиқаради.

Хусусан, Баҳром аканинг “Навоийга татаббу” шеърида ҳазратнинг бир байти бутун бошли шеърда таъриф қилиниши, Навоий ижодига бағишланган адабий мақолалари бунинг бадиий ва назарий ҳужжатидир.

Қолаверса, Баҳром ака билан суҳбатлашсангиз, Навоий шеъриятнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида соатлаб гапиради. Навоийни шу қадар соддалаштириб шуурингизга жойлайдики, беихтиёр уйга келиб Навоийни қўлга оласиз.

Навоийга ҳавас қилиб болалигиданоқ ғазаллар ёзганини суҳбатларидан бирида ўзи ҳам таъкидлаб ўтган. Фироғий тахаллуси билан ёзган ғазалларидан хабаримиз бор.

Ҳатто қайсидир йили унинг “Ёшлик” журналида қофияли шеърлари эълон қилинган эди. Бу ҳам аслида ноанъанавий фикрлайдиган ва бадиий тафаккурида авангард унсурлар бўй кўрсатган шоир шеърларини реал рамз-тимсоллар қолипига жойлай олмади.

Улар ифорни қутиларга жойлаб бўлмаслиги каби, шамолни кишанбанд этиш имконсизлиги монанд бир ҳолни ўзида мужассам этди.

Баҳром ака куни кеча суҳбатимизда юввош бир мулойимлик билан “Мен ҳам Навоийнинг ёшига етдим”, деди. Мен бу гапга ўз вақтида ўзимни эътибор бермагандек тутдим-у, кейин бу гап тез ёрдам машинаси янглиғ руҳиятимда ҳайқириб садо берди: Баҳром Рўзимуҳаммад 60 ёшда!

Сувратида ва сийратида навоийона хокисорликни, одамликка ошиқликни, руҳга харидорликни кўраман. Унинг ёзганлари, адабиётимиз хазинасига қўшган ҳиссаси, таржималари беҳисоб таҳсинга, тадқиққа лойиқ.

Эҳтимол, Баҳром Рўзимуҳаммаднинг адабиёт юки ниҳоятда кўп ортилган елкасига ёпилиши керак бўлган зар тўнни қайсидир графоман аллақачон елкасига илиб қочгандир.

Биламан, Баҳром ака адабиётнинг эстафета таёқчасини бу каби тўхтамларда алмаштирмайди. Унинг тарозиси – сўз, у сўздан уриб қолмайди. Юраги энг гўзал ва энг зарбоф адабий тўнларга ўралган.

Зеро, унинг қалби, виждони олдидаги миссияси ҳеч бир подшо замонида ўзгармайди. Устоз Матназар Абдулҳаким айтганидек, насаби хвостовчи бўлган шоирларнинг йўли ҳам, алпози ҳам бўлакдир.

Ҳар бир шеъри сув остидаги гулзор янглиғ қалбимиз тубида жимирлаб турибди: уларда жозиба бор, чайқалиш бор, янгориш эпкинлари бор. Бу сув тубига ҳар гал тикилганда ниҳоятда гўзал бир саросимани кўрамиз, меҳру муҳаббат саросимаси.

Бу саросима эса умумдунё адабиётининг белига биллур белбоғ бўлиб бойланган. Биз, кўнгил ғаввослари эса сувнинг жимиридан, шеър тубидаги дуру маржонлар шовуридан руҳланиб, ўз туйғуларимизга қайта-қайта ишлов беришда давом этамиз.

Гўзал БЕГИМ

Тағин ўқинг
26 май 2022
Яқинда таниқли адабиётшунос ва шоир Раҳимжон Раҳмат: “Абдувоҳид, турк-ўзбекча исмлар рўйхатини тузиш керак”, деб мурожаат қилиб қолди. Мен: “Буни ...
14 январ 2019
Қуйидаги мақолада келтирилган маълумотлар Давлат ҳавфсизлик хизмати таркибида ишлайдиган шахсдан келиб тушди. Ўзбекистон каби ёпиқ мамлакатда давлат органлари кўп ...
23 май 2015
Ўзим ҳақимда маълумот Нодемократик режим Мурожаат ҳуқуқи Демократик тузум ва сиёсий қарашлар Жаноб Бош Котиб! Мен Формонов Азамжон Турғунович ...
23 июл 2018
Тошкент шаҳри ИИББ наркотиклар тарқатиш иши бўйича айбланаётган тадбиркор Жаҳонгир Умаровга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. ИИББнинг ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...