Кўзқараш
25 апрел 2021

«Мен сингари йиғламайсиз қон…»

(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг «Императив» китобининг давоми. Матннинг аудиоверсиясини муаллифнинг ўзи ўқиган. Боши “Элтуз” нинг “Императив” рукнида. Давоми бор.)

Мен Ўзбекистонда экологиянинг бузилаётгани ҳақида оҳиста иккинчи мақоламни ёздим ва оҳиста газетага бердим. Улар ҳам анъана бўйича қўрқа-писа чоп этишди.

Яна ўша жавобни ҳайқирдилар: «СИЗ ЎЗИНГИЗ НИМА ҚИЛДИНГИЗ ЎЗБЕК УЧУН, ки бизга ақл ўргатасиз, экологияни энди шоирдан ўрганамизми?» дея.

Сўнгра аёлларимизнинг соғлиғи ҳақида, уларнинг Русия тарафидан эмланаётгани, уларнинг туғишини чеклашаётгани, аҳолимизни озайтириб, ўзбекка қарши дискриминация сиёсати юритишмоқда, деб мақола ёздим. Ҳаялламай жавоб келди: «Шоир шеърини ёзиб ўтирмайдими, нима қиласиз аёлларимизнинг қанча туғаётганини санаб?..” Ва охирида яна ўша экзекуцив савол: «СИЗ ЎЗИНГИЗ НИМА ҚИЛДИНГИЗ ЎЗБЕК УЧУН?» Бу одамлар ёзганларимни ўқимаган ёки ўқиса ҳам – танқидчи Иброҳим Ғафуров эътироф этганидай – «тушунмаганлар». Агар тушунсалар эди, ёнимга келиб мен билан бирга йиғлаган бўлишарди. Бу «тушунтирИШ»ларимдан гўзаллик ахтарманг. Гўзалликлар ҳақида бошқалар ёзсин:

СИЗГА ЯРАШАР

Гул ҳақда куйлашни сизга чиқарган,

Баҳор истеъдоди сизда намоён,

Сизга ярашади, боқиб юқорига,

Десангиз, меники эрур шу осмон!

Ярашар, меники, десангиз ерни,

Чунки алдамайсиз шундай деганда,

Шу ер меники, деб ёзаркан шеърни,

Шубҳага бормайсиз ҳеч қачон мендай.

Бу Ватан меники, десангиз, бирор

Одам туриб демас сизга: «Бу – ёлғон!»

Чунки ҳақиқатни айтасиз такрор,

Айтиб, мен сингари йиғламайсиз қон…

(1984)

«Мен сингари қон йиғламаслар», чунки улар Ўзбекистонни «Ватаним» деса, ҳеч ким уларга «Бу гапинг ёлғон!» демайди.

«Ҳа, албатта, сенинг ватанинг, аммо бу айни замонда бутун буюк совет халқининг, биринчи навбатда? сени одам қилган руснинг ватани», дейишади уларга.

Бу эълондан сўнгра ҳам «сеники-меники» баҳсини давом эттирсанг, сени муҳаққақ қон йиғлатадилар.

Бу ерда ўзбек совет адабиётида бўлмаган бир жиҳатга урғу беряпман: очиқ антисоветизм.

Шонли ўзбек адабиётида 70-80-йиллар ичида ёзилган матнларда совет воқелигини «кўра олмайдиган», унга душман руҳли шеър топиш қийин.

Жадидлардан кейинги бутун адабиёт – гуллик ва гулистонлик. Ўқиб кўринг, 1930-40-50-60-70-8090-2000 йиллар адабиётини, ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Аслида, фақат 70-80-йиллар орасида эмас, 30-йилларда авж олиб, 1953 йилгача (Сталин ўлимига қадар) давом этган репрессияларидан кейин то 90 ўрталарига қадар ўзбек адиблари хотиржам бир даврда яшадилар.

Улар кулиб-ўйнаб, «лирик» шеърлар ва «яшнаган гулистон»да кечаётган бахтиёр совет ҳаёти ҳақида «романлар» битдилар.

40 йил давомида Ўзбекистонда китоблар кутубхоналардан териб олиниб ёқилмади, ахлатга улоқтирилмади. 40 йил давомида цензура бирорта ўзбек адибининг китобини босмахонада терилаётган пайтда босишни тўхтатиб, китобнинг «гранка»лари мусодара қилмади. Бирорта нашриёт директори ёки бош муҳаррири бирор бир «идеологик душман»нинг китобини босишга уринишда айбланиб, ишдан олинмади. Бирорта шоир ҳар қандай бир шеъри учун КГБ тарафидан сўроққа тутилмади, қамоққа олинмади.

Чунки 40 йил давомида Совет Ўзбекистонида ўтга ташланишга арзийдиган, тақиқланишга лойиқ бирорта китоб ёзилмади ёки бунга лойиқ китоблар ёзилган бўлса ҳам КГБ уларни тополмади.

Ўлканинг китоб дўконларида ёқилишга арзимайдиган китоблар ял-ял ёниб турарди.

Қуйидаги шеърда шундай китоблар тасвирланган:

КИТОБЛАР

Ҳеч қачон ўлолмас

Асли ўлик бўлган китоблар,

Ҳиди ҳам чиқмайди жасадларидан

Китоб дўконига кирсангиз…

Ҳақиқий китоблар ўлиши мумкин,

Ҳидланиши мумкин

Ҳақиқий китобнинг жасади.

Шу сабаб уларни кўммаса бўлмас,

Ёндирмаса бўлмас шу сабаб.

(1978)

Бу шеърни ёзаркан, мен ўз китобларимнинг тақдирини ёзаётганимни билмасдим. 1994 йилдан бошлаб мен ёзган китоблар кутубхоналардан олиниб, йўқ қилина бошлади. Бу китоблар бугун ҳам (2020 йил) Ўзбекистонда тақиқланланган адабиётлар рўйхатидадир. Уларни ўқиган ва сақлаган кишилар эса режимга душман кишилар ҳисобланмоқда.

1983 йилда «ШЕЪРИНГИЗНИ ТУШУНТИРИБ БЕРСАНГИЗ», деб менга мурожаат қилган ва бу шеърлар баҳсини бошлаб берган Иброҳим Ғафуров бу шеърларни тушунгани учун ҳам уларни «тушунтириб беринг!», дея хитоб қилганди.

У биринчи марта 1983 йил сиёсий коньюнктурасида ёқилиши ёки камида тақиқланиши мумкин бўлган шеърларни «кашф» этганди. Яъни у: «Сиз ҳақиқатан ҳам антисоветмисиз? Тушунтириб беринг буни!” дея ҳайқирган эди аслида у мақоласида.

Мана, тушунтириб беряпман шеърларимни. Йиллар кечикиб бўлса-да.

Бу ерда «Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит» услуби йўқ, киноя, писанда бўлмайди. Тўппа-тўғри, тойлоқ бир тасвир. Унга кийимни сиз кийдиринг, ғашингизни келтирса.

Биз, 70-йиллар авлоди маънавий қашшоқ эдик, десам, ҳақсизлик бўлар, маънавий оч эдик.

Биз маънавий оч эдик. Инсон зотининг фақат емак еб, яхши кийиниб, машина миниш ва жилд-жилд китоб чиқариш, сотқин ҳукуматнинг берган унвонни «ювиб», маст-аласт хоин ҳукмдорларга мадҳиялар тўқиб юриш эмас, булардан муҳимроқ бир мақсади бўлиши кераклигини доим ҳис этардик:

«Чўккан кема узра денгиздай

Кўпикланиб турар шўр тупроқ.

Тоғлар чўкиб кетган бу ерда

Оёғимни чўққилар тирнар.»

(1977)

Ҳа, бир пайтлар денгиз бўлган Хоразм тупроқлари остида бугун чўққилар ётибди.

Дунё таниган буюк исмлардир бу чўққилар. Уларнинг исмларини санаш ғашимни келтиради.

Уларнинг исмлари орқасига яшириниб, «ғоз туриш»ни истамайман.

Қолаверса, айни онда ҳам писиб, ҳам ғоз туриш мумкин эмас.

Шунинг учун ҳам бу чўққилар оёқларимни тирнайди, мен ғофилни уйғотмоқ истайди:

«Писиб орқамизга яширинма, биз билан ғурурланишни бас қил, ўзинг бир ИШ қил, шу қул халқингга унинг 135 йилдан бери расман қул эканини тушунтир, бу қулликдан қутулиш йўлларини кўрсат, гуллар ҳақида, булбуллар ҳақида ёзишни тўхтат!

Бизга лойиқ ўғлонларимизни руслар қатл этди, улардан сўнг келганлар бизни хор қилди, энди сизлар ҳам гул ва булбул ҳақидаги ЛИРИК шеърлар билан халқни ухлатишга ёрдам бермоқчимисизлар?» дейди шўр тупроқ остидан оёқларимни тирнаётган чўққилар.

ҲИКОЯНИНГ ДАВОМИ

Мен сенга айтгандим ўтган сафар:

Тоғлар чўкиб кетган бу ерда.

Анов дўнгликка кўмилган зафар,

Инқирознинг қабри – анов уюрда.

«Шу ерда-я?» дейсан менга ишонмай,

Юзингда қалқийди шубҳа тамғаси.

Сен қанча ишонма, мен қанча тонмай,

Ҳа, шу ерда бўлган ҳаммаси!

Шунақа.

Ўйланма.

Бузмагин кўнглинг,

Бу тарих ҳазили, тарих таъбири:

Шуҳрат қўйимгоҳи – қақраган дўнглик,

Гуллаб турган тепа – мағлублик қабри.

Пойингдаги оқ суяклар, иним,

Хоразм деган бир дарахт илдизи.

Бу ҳам пахта эмас, Мангубердининг

Ерга қулаб тушган юлдузи!

Ишонгинг келмайди…

Атрофда сукун.

Ҳаммаёқ теп-текис…

Кўзинг алданар!..

Ахир, яна қандай бўлиши мумкин

Оёғи осмондан келган салтанат?!.»

(1983)

«Оёғи осмондан келган салтанат» билан ғурурланиш жараёни 70-йилларга келиб маънавий озиқ бўлишдан тўхтади. Шонли ўтмиш ортиқ бизни илҳомлантирмасди.

ТАБИАТ МУҲОФАЗАСИ ҲАҚИДА

Сенга нима бўлди, жоним, Қорақум

Қайга ғойиб бўлди буюк шамоллар,

Улуғ исён қани, қани талотум,

Жайронлар қаерда, қани жалоллар?..

Бир қошиқ қонимдан кечсанг, айтаман:

Қорақум, сен қумсан, оддий қумсан, бас!

Сени ташлаб кетди ёввойи саман,

Сени аллақачон тарк этди йўлбарс!..

Тоғларим, сизга-да бир бало бўлди,

Салобат йўқ бордош* (чордона) қуришингизда,

Кўрдиму кўзимга жиққа ёш тўлди

Тоғларим, шиддат йўқ туришингизда…

Агар шафқат қилиб ўлдирмасангиз,

Сизга ҳам чин гапни айтай шу нафас:

Бугун ҳеч ким қўрқмас гулдирасангиз,

Бугун хўмрайсангиз ҳеч ким чекинмас!»

(1985)

«Олис табассум сояси», 1986

Бизга таклиф этилган маънавий озиқ нейлондан эди. Маънавий саросима давом этмакдайди. Совет аросатида эдик. Пастдаги шеърда шу ҳолат сурати акс этган:

Оч одамга нонни ўйламоқ

Куллий азобдир.

Тўрт девор ичида ўтириб,

Қанот орзу этмак ундан-да ёмон!

Шундай экан, қўшиб юбормоқ зарур

Бу икки тасаввур, икки орзуни.

Яъни учаётиб нонни унутсин,

Нон еркан, ўйламасин парвозни одам!

«Валфажр», (1985)

(1980)

Аммо парвоз қилишни истарди атрофда ҳамма. Нонни еяётиб, дўппини маҳкам кийиб, парвоз қилишни истарди куллий зиёли зоти.

Юқоридаги шеър шуҳрат шаҳватига мубтало бўлган ўзбек интеллигенциясига қарши заиф бир ирония, холос. Шу қадар заифки, ҳатто бу маҳаллий интеллигенциянинг кўксига қўлларини қовуштириб саломлашадигани рус цензураси ҳам шеърнинг ирония эканини сезмасдан нашрига рухсат берди…

Биз юртимиз русларнинг мустамлакаси эканини ўжарларча тан олмаган, ўзини ўтмиш билан овутиб, буюк келажак эмас, «буюк хотиралар» билан яшашга маҳкум этилган бир жамиятга айлантирилган эдик.

Биз мустамлакачилар билан эмас, қушлар билан ҳисоблашардик жуда нари борса:

ҚУШ БИЛАН СУҲБАТ

Ер – меники, Сеники – осмон.

Яъни ўртамизда чиқмайди жанжал.

Сен ҳужум этмайсан менга ҳеч қачон,

Мен ҳам ўқталмайман сенга ҳеч ханжар.

Агар пахта экмоқ мумкин бўлсайди

Сенинг ўша мовий осмонингга,

Қазилма бойлиги тўкин бўлсайди,

Мен даpров борардим ёнингга!..

Ҳозирча, ер – меники, осмон – сеники.

«Тун ташбеҳлари», (1988)

Mуҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
22 июн 2016
Истанбулнинг Бақиркўй туманидаги саккизинчи оғир жазо маҳкамасида давом этаëтган суд жараëнида қотиллик ташкилотчиси дея кўрилган Собир Шукуров ва қатлни ...
24 апрел 2020
15 апрель куни Германиянинг Шимолий Рейн-Вестфалия бўлгасида тўрт нафар тожикистонлик ИШИДга алоқадорликда айбланиб қўлга олинган. Бундан олдин бу экстремистик ...
3 июн 2024
1 июн Болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Тошкентнинг Ашхобод боғида текин музқаймоқ тарқатилиши ҳақида эълон берилгани ортидан Истироҳат ...
7 июл 2016
«Ҳуррият» газетаси Рамазон ҳайити муносабати билан эълон қилган «Эътиқод эркинлигининг тоза ҳавоси» сарлавҳали мақола юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳайит намозини адо ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...