Кўзқараш
26 апрел 2021

Интернетнинг ўзбек сегментидаги ислом

Давлатнинг кўп йиллик зулми сезиларли ортга чекингандан сўнг кўплаб ўзбеклар интернетда ислом динини қатъийроқ талқин қилишмоқда. Баъзи экспертларнинг таъкидлашича, бу кескин оқибатларга олиб келиши мумкин.

Агнешка Пикулицка

Март ойида юзга яқин киши Ўзбекистон пойтахтида ЛГБТ ҳуқуқларига қарши зўравонлик митингига тўпланди. Улар шаҳарнинг асосий майдонида «Аллоҳу акбар» деб ҳайқирганча ЛГБТ жамияти аъзоларини қидириб, ўтиб кетаётган камида иккита ўспиринни дўппослашди. 

Зўравонлик консерватив диний шарҳловчилар ва ЛГБТ фаоллари ўртасида Ўзбекистон Жиноят кодексига бир жинсли муносабатларни жиноий жавобгарликка тортишга оид ўзгартиш киритиш чақириқлари бўйича онлайн мунозарадан сўнг бошланди. 

Худди шу куни ниқобли одамлар ЛГБТ ҳуқуқларини қўллаб-қувватловчи провокацион блогер Миразиз Бозоровга унинг уйи олдида ҳужум қилишди.

Милиция ҳужумни тергов қилаётган бир пайтда ҳукумат динни масхара қиладиган Бозоровни оммавий тартибсизликлар қўзғаганликда айбламоқда. Жамоат арбоблари ЛГБТ жамиятини камситадиган зўравонликлардан кейин баёнотлар беришди.

“Асосий қисмини мусулмонлар ташкил этган бизнинг юртда ғайритабиий эркак ва аёлларни (ЛГБТ) жамият қабул қилмайди! Муқаддас ислом динимиз бунга йўл қўймайди”, деди Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов.

Зўравонлик ва ҳукуматнинг муносабати Ўзбекистоннинг диний манзарасидаги тез ўзгаришларни акс эттиради. Мирзиёев 2016 йилда ҳокимият тепасига келганидан бери мамлакатда сиёсий жараёнлар қизий бошланди. 

Бир вақтлар блокланган онлайн платформаларда янги овозлар пайдо бўлди. Олдинги тузум давридаги бир неча йиллик зулмдан сўнг тақводор мусулмонлар энди динларини жамоат жойларида муҳокама қилишлари мумкин ва диндорлик кучайиб бораётгандек туюлади. 

Шунингдек, ушбу очилиш шарҳловчиларга имонни янада қатъийроқ талқин қилиш учун имконият беради. Баъзилар мажбурий равишда ҳижоб кийишга, шариат қонунларини жорий этишга ва баҳор бошида нишонланадиган Наврўз каби азалий байрамларни тақиқлашга чақирмоқдалар.

Ҳозир Мирзиёев ҳукумати диний ифода устидан очиқлик ва назорат ўртасидаги мувозанатни ўрнатиш борасида муаммога дуч келмоқда. Давлат ҳанузгача радикал деб ҳисоблаган фаолиятни назорат қилмоқда. 

Аммо тобора кўпайиб бораётган диний оммани четлаштиришдан қўрққан расмийлар Ғарб либерал қадриятларига қарши туртки бериб, эски анъаналарга таянган ҳолда қаттиқроқ йўл тутишни бошлашди. Ўтган ойдаги воқеалар инсон ҳуқуқлари ташкилотлари орасида хавотирларни кучайтирди.        

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирги муҳит шундан далолат берадики, агар улар давлат томонидан жавобгарликка тортилмаса, зўравонлик ва таъқиблар янада кучайиб, Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамият ўртасида ривожланиб келаётган муносабатларга хавф туғдириши мумкин. 

Ҳукуматнинг яқинда эълон қилган баёнотлари Ўзбекистондаги аввалги тузумга нисбатан кескин бурилишни англатади. Қарийб 30 йил давомида ҳокимият тепасида бўлган марҳум президент Ислом Каримов ислом динининг расмий давлат талқинидан четга чиқадиган диний оқимларга қарши уруш очганди. 

Хавфсизлик хизмати тақводор мусулмонларни таъқиб қилар, баъзида эса эркакларни шунчаки соқол қўйгани учун қамоққа ташлар эди. Каримов масжидларда азон айтишни, аёлларга ҳижобда юришни тақиқлади. Минглаб кишилар диний экстремистликда гумон қилиниб, қора рўйхатга киритилган.

“1990 йилларнинг охирига келиб, Каримов ҳукумати минглаб тинчликсевар диндорларни кўпинча соқол қўйиш ёки масжидга бориш каби амаллар учун таъқиб қилишни бошлади”, – дейди Марказий Осиё бўйича инсон ҳуқуқлари соҳасида адвокат, Жанубий Калифорния университети доценти Стив Свердлов. 

АҚШда терроризмга қарши уруш бошлаган билан бир вақтда Каримов дастлаб АҚШ учун муҳим минтақавий шерик бўлиб хизмат қилган глобал саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида исломнинг айрим кўринишларига қарши шафқатсиз курашди.  

2016 йилда Каримов вафотидан кейин сайланган Мирзиёев марҳум устози меросидан воз кечиб, Ўзбекистонни хорижий инвестицияларга очиш учун сиёсий ислоҳотларни бошлади. 

У қатор таниқли диний маҳбусларни озод қилди ва бир вақтлар экстремист сифатида судланган мусулмон диндорлар номини қайта оқлади. 2017 йилда ҳукумат номаълум қора рўйхатдан 16 000 та исмни ўчирди. 

Ўтган йил декабрда АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинлик бузилганлиги учун алоҳида хавотирга соладиган давлатлар рўйхатидан чиқарди. 

Аммо Каримов давридаги бир неча йиллик зуғумдан сўнг кўпгина диндор мусулмонлар исломнинг давлат томонидан масжидларни назорат остига олиб, диний матнларнинг талқин қилинишини чекловчи расмий усулига ишонмайдилар. 

Бундан ташқари, Мирзиёев ҳукумати ҳали ҳам диндорларга босим ўтказмоқда. Рухсатсиз диний фаолият жиноий жавобгарлик сифатида қолиб, норасмий диний гуруҳлар давлат томонидан радикал деб топилганларни назорат қилиш ва ҳибсга олиш ваколатларини сақлаб қолган хавфсизлик хизматларининг босимига дуч келмоқда. 

“Мусулмонлар идораси муллалар ва имомлар ҳамда улар ўқиган ваъзларга амалда виртуал монополияни амалга оширмоқда ва хавфсизлик хизматлари диний идораларни назорат қилишда давом этаётгани аниқ”, деди Свердлов.

Чуқур олиб борилган ижтимоий тадқиқотларсиз Ўзбекистондаги диндорлик тўғрисида ишончли баҳо бериш қийин. Аммо бутун мамлакат бўйлаб янги масжидлар қурилмоқда ва жонланиш, айниқса, Тошкентда сезилмоқда. 

Бир неча йил олдин пойтахтда ҳижоблилар камдан-кам учраган бўлса, ҳозир кўплаб аёллар тақводор. Бозорлр анъанавий исломий кийимлар билан тўла.

Каримов ҳукмронлиги даврида Ўзбекистонни тарк этганлар исломнинг норасмий шакллари шунчалар тарқалиб, кучайиб бораётганидан ҳайратланишмоқда. 

Мусулмон феминистик фаол Феруза Иззат 2011 йилда давлатнинг диндорларга кўрсатган босимига дош беролмай, Туркияга кўчиб келган. У университет талабаси сифатида ҳижобини олиб ташлашдан бош тортган эди. 

«Менга университетдан ҳайдалиш билан таҳдид қилишди ва ҳатто ўқишда бўлсам-да, ўқитувчилар менга дарсга келмаган белгисини қўйишар эди, – деди Иззат. – Ҳозирги кунда одамлар янада диндор бўлишмоқда, афсуски, янада радикал».

Расмий диний муассасалар ислом динидан қатъий ибодат қоидаларидан ташқарида эркин фойдаланишга интилаётган ва ислоҳотларга даъват этаётган ёш авлодга жуда оз имконият беришади. 

Аммо интернетда эркинлик ошгани сайин ёшлар ҳукумат радикал деб ҳисоблаган имомларнинг ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги ваъзларига бемалол киришлари мумкин. Шунингдек, улар исломнинг қатъий турларини қабул қилган жамоат арбобларини кўришади. 

Машҳур қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов 2020 йил декабрда қўшиқ куйлаш шариат қонунларига зидлигини айтиб, тўсатдан саҳнани тарк тугатди. 

«Қодир Худо менинг касбим билан хайрлашишимни исташини англадим, чунки унинг баъзи қоидалари шариатда қабул қилиниши мумкин эмас», деди у.

“[Катта авлодларга] буни қабул қилиш бироз қийин, аммо ёш авлод Қуръон ва ҳадисни ўқийди ва янада диндорроқ бўлади, – дейди ўз хавфсизлиги учун махфийликни сўраган 19 ёшли талаба Акбар. – Биз YouTubeда исломий видеоларни томоша қилишимиз мумкин ва диний блогерлар сони ҳам кўпаймоқда, чунки диндорлар сони ортиб бормоқда».

Ўзбекистоннинг диний тикланиши ва исломнинг норасмий талқинлари равнақи, эҳтимол, шунча йиллик қатағонлардан сўнг муқаррар эди. 

Бироқ Тошкентда жойлашган Минтақавий таҳдидларни ўрганиш маркази раҳбари Виктор Михайловнинг сўзларига кўра, ишончли диний раҳбарият бўлмаган тақдирда интернет орқали исломни топадиганлар сони тобора кўпайиб бораётгани радикаллашувга олиб келиши мумкин. 

«Тафсир эркинлиги кўпинча сиёсий исломни кучайтиради ва одамлар исломга муқобил йўқ, деб баҳслаша бошлагач, бу дунёвий давлатнинг ўрнини эгаллаши кераклигини англатади», деди у.

Интернетда радикал мусулмон шарҳловчиларнинг кўпайиши аллақачон ўзбекистонлик фуқароларга нисбатан тажовузкор баёнотларни, жумладан, ўлим билан таҳдидларни келтириб чиқарди.    Ислом динини қатъий талқин этишни тарғиб қилувчи диний шарҳловчилар либерал журналистлар ва блогерларни нафрат мазмунидаги хабарлар, зўравонлик таҳдиди ва Ўзбекистонни беқарорлаштириш учун Ғарб фитнасини амалга оширишда айблашлари билан нишонга олишди.

Ўз хавфсизлиги учун аноним қолишни истаган Санжар ўтган йил октябрда ўзбек атеистларининг шахсий гуруҳида ўзининг ислом ҳақидаги дадил ҳазилларини кўрган. Унинг телефон рақами ва уй манзили кўрсатилган скриншотлар Facebook ва телеграмдаги турли мусулмон гуруҳларида пайдо бўлди. 

«Одамлар менга ижтимоий тармоқларда қўнғироқ қилиб, ўлдиришларини ёзишди, – деди Санжар Foreign Policy нашрига. – Оддий кийимдаги милиция ходимлари уйимни қўриқлашарди».

Михайловнинг таъкидлашича, баъзи ҳолларда бундай онлайн ҳаракатлар янада жиддий зўравонликларни келтириб чиқаради.

«Ёшларнинг радикаллашуви катта муаммо бўлмаслиги мумкин ва бу жуда хавфли эмас. Аммо кейинги босқич бор – террористик ташкилотларга ёллаш», деди у. 

Бу ҳали ички таҳдид эмас. Михайловнинг сўзларига кўра, жиҳодчи ташкилотларга қўшилган Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти хорижда, айниқса, Москвада ёлланган. Меҳнат муҳожирлари дуч келадиган дискриминация ва бегоналаштириш чуқур диндорлик билан бирлашиб, ёлловчилар учун қулай замин яратади.

Ёшлар кўпинча ўз жамоалари билан чамбарчас боғлиқ бўлган Ўзбекистонда бу шароитлар ҳозирда мавжуд эмас. Аммо ўтган ойдаги зўравонликлар ва Санжарга қилинган баъзи таҳдидлар мамлакат ичидаги зўравонликни ақлга сиғдириб бўлмаслигини кўрсатмоқда. 

Келаётган йилларда ҳукумат олдида улкан вазифа турибди ва исломий таълимотларни ўз назоратидан ташқарида талқин қилишга чақираётган диндорлар ҳаракатининг кучайиб боришини энди эътиборсиз қолдириб бўлмайди.

Мақола Foreign Policy журналида эълон қилинган. Элтуз таржимаси. 

Тағин ўқинг
11 март 2024
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та мактубни ўқиб эшиттирамиз. Улар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидан келган. Дастлабки ...
2 май 2023
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 30 апрел куни кечқурун Туркия разведка кучлари томонидан “Исломий давлат” гуруҳи етакчиси Абулҳусайн Ал-Қурайший ...
17 апрел 2023
Салом қадрли дўстлар. Бугунги кўрсатувимиз ноодатий форматда. Кўпчиликнинг эҳтимол хабари бордир 15 апрелдан бошлаб Элтуз сунъий интеллектдан фойдаланиб хабарлар ...
11 май 2018
Cобиқ совет даврида рангтасвир асарлар яратиб, ёрқин шуҳрат қозонган саноқли ўзбек рассомларидан бири Неъмат Қўзибоев бундан 14 йил бурун, ...
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...