Кўзқараш
3 октябр 2021

Императив-34. Яшил белбоғ

(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 33-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.)

1995 йилга келиб, каминанинг китоблари кутубхоналардан йиғиштириб олина бошланди. Бу ҳақда ҳар тарафдан хабарлар олдим. Аммо одамлар яшириб бўлса-да, ўқишаётгани ҳақда ҳам хабарлар бор эди.

Бир неча киши бу ҳақда «Озодлик» радиосидан чиқиб гапирганди ўтган йилларда. Ҳолбуки, бу воқеа 1978 йилда ёзилган шеърда ёритилган эди:

КИТОБЛАР

Ҳеч қачон ўлолмас

Асли ўлик бўлган китоблар.

Ҳиди ҳам чиқмайди жасадларидан

Китоб дўконига кирсангиз.

Ҳақиқий китоблар ўлиши мумкин,

Ҳидланиши мумкин

Ҳақиқий китобнинг жасади.

Шу сабаб уларни кўммаса бўлмас,

Ёндирмаса бўлмас шу сабаб!..

(1978)

«Шаффоф уй» (1985)

ЯШИЛ БЕЛБОҒ

1985 йил охирида бошим саждага келди, алҳамдулиллоҳ. Туғилишдан мусулмон ҳисобланган (ота-онаси мусулмон ўлароқ билинган) жуда кўп ёшлар каби мен ҳам ўзимни «одам тўғри бўлса, бас, намоз ва диннинг фарзлари шарт эмас, Аллоҳ юрагимизни билса, бу етарлидир» қабилидаги демагогия билан ўзимизни алдаб яшар эдик.

Аммо 80-йиллар ўрталарига келиб, руҳан ва маънан боши берк кўчага кириб бораётганимни ҳис эта бошладим. Воқеа кутилмаганда юз берди.

1985 йил қиш ойи эди. Метродан иниб, истиқоматимиз «Пушкин-Салар» маҳалласига юрар экан, ичимда шу қадар қўрқинчли бўшлиқ пайдо бўлдики, уни фақат бизни яратганга инонч тўлдира олишини ҳис этдим.

Англамадим, ҲИС ЭТДИМ.

ЯШИЛ БЕЛБОҒ

Оқшом журъат этиб, бобом бисоти –

Ям-яшил белбоғни хуфия олдим

Ва уни ёздим-у, ёзган заҳоти

Ям-яшил оловнинг ичида қолдим –

Оловнинг забтига чидамай, туйқус

Белбоғни силкитган эдим, шу замон

Жаранглаб, тушди-ку ерга бир юлдуз,

Ярқираб кетди-ку тунда беомон!

Лекин ёнаверди лов-лов яшил ранг,

Мен уни сўнгги бор силтдим ҳойнаҳой –

Ҳушдан кетаётиб кўрдим-ку аранг,

Бу сафар жаранглаб тушди ярим ой!» (1985)

«Туш ташбеҳлари» (1988)

Бу шеър руҳимдаги бу инқилобнинг акс тасвири эди. Аллоҳ раҳмат айласин, биздан бир қат юқорида яшайдиган дўстим Эмин Усмондан илтимос қилдим, у фарзандларим (қизим Умида ва ўғлим Темур)га Қуръони карим ўргатадиган иккита муаллим топиб берди.

Эмин Усмон ёзувчи сифатида Ўзбекистон табиати, экологияси мавзусида жуда кўп фойдали мақолалар ёзган фидоий инсон эди. Унга бир шеър бағишлаган эдим:

ҚИШКИ ТУШ

Эмин Усмонга

Қишлоқ бир жимликка юз тутган,

Йўқ бунда қарғанган қарғалар.

Биттаси қолибди юз тутдан,

Узоққа кетибди долғалар –

Жайҳун кўп узоққа кетибмиш,

Тутларни ўзига ияртиб,

Бу ерда қолгани етиммиш.

Алвон яллиғликда куяр тут,

Сўнгги қуш ковакда тўшар пар.

Бу қушнинг кўзи кўр, кўрмайди.

Сукунат. Бундаги ҳар шарпа

Ёдингга умрбод ўрнайди.

(1980)

«Валфажр» (1983)

Эмин Усмон диний эътиқоди учун Ички ишлар вазирлиги ертўласида қийноққа солинди. Ва ўша ерда қатл этилди, иншааллоҳ, шаҳид бўлди. Унинг муборак қони бадалини Каримов ва унинг жаллодлари нариги дунёда мутлақо тўлайдилар.

Эмин Усмон топган муаллимлар ҳафтада икки марта уйга келиб, болаларга Қуръони карим ўргата бошладилар. Бадалсиз, Аллоҳ йўлида бу заҳматга қатландилар. Мен уялдим, ҳеч бўлмаса йўл пулини олинглар, дедим, олишмади. Аллоҳ ҳаммасига ажрини берсин.

Ўтган асрнинг 70-80 йилларида Тошкентда шундай мусулмонлар бор эди. Болалар билан ўзим ва хонимим (Ойдин Солиҳ) ҳам Қуръон ўқишни ўргана бошладик. Муаллимларимизнинг исмларини айтишим керак:

Зоҳидхон ва Анвар. Икки ёш йигит. Зоҳидхон (отасининг исмини унутдим) машҳур қорининг ўғли эди. Анвар эса ўзи адабиётшунос, аммо болаликдан диний илмларни ҳам ўрганган бир йигит эди. Анвар кейин имом бўлиб, исмига «қори» сифати қўшиб айтиладиган бўлди. Каримов даврида ҳукумат сиёсатини қўллаган диний арбоб ўлароқ машҳур бўлди. Аммо менинг хотирамда Анвар қори фарзандларимга динини ўргатган бир мусулмон ўлароқ қолажак.

Аллоҳ унга раҳм айласин, гуноҳларини кечирсин.

Муаллим Зоҳидхон укамизнинг ҳам, унинг аёли Мусалламхонимнинг ҳам (Ойдинхоним ва қизим Умидага Қуръонни ўргатган) хизматларини оиламиз асло унутмайди. Аллоҳ уларга ажрини берсин.

80-йиллар ўрталарига келиб, Ўзбекистон устида Москванинг мафкуравий назорати кучайган, айниқса, ер остидаги миллий ва диний ҳаракатланишлар унинг диққат марказида эди. Болаларга гизли Қуръон ўргатиш ҳам аксилсовет фаолият ўлароқ синфлантирилган эди.

1984 йил ёзилган шеър:

1. МУМКИН

Сўзингни айтмаёқ ейишинг мумкин,

Ҳали ҳам бор бўлса айтажак сўзинг,

«Мўмин мусулмонман», дейишинг мумкин,

Ҳали ҳам мусулмон бўлмасанг ўзинг.

«Оқ туя» кўрдингми?» деб сўрасалар,

«Кўрмадим», дейишинг мумкиндир кўриб,

Агар виждон қийнаб, топсанг ҳафсала

Уйингда йиғлашинг мумкин ўкириб.

Тишни тишга босиб мумкин чидамоқ,

Агар қолган бўлса оғзингда тишлар.

Мумкиндир суякка етгунча пичоқ

Ҳамон бутун бўлса суякларинг гар.

Чидамоқ мумкиндир токи ўлгунча,

Агар аллақачон ўлмаган бўлсанг.

2. МУМКИН ЭМАС

Сиз бетобсиз, бетобсиз, ошна –

Мумкин эмас кўчага чиқиш.

Мумкин эмас дунёқарашни

Бузадиган китоблар ўқиш.

Мумкин эмас номаълум томон,

Олис томонларни соғинмоқ,

Мумкин эмас соғлиққа ёмон,

Севмоқ, чўкка тушиб сиғинмоқ.

Мумкин эмас кийинмоқ қишда,

Мумкин эмас оч бўлсанг, емоқ,

Мумкин эмас ҳатто оҳиста,

Қўрқа-писа «мумкинми?» демоқ!…

(1984)

«Олис табассум сояси» (1986)

Бу икки парчани Аҳмад Аъзамга ўқиб бергандим биринчи марта. Аҳмад: «Буни бостираман деб ўйламанг, ошкора антисоветщина», деб ваҳима қилди. Камина туғма оптимист бўлганим учун: «Босилади, иншааллоҳ, бу аввалги босилганлардан қўрқинчлироқ эмас», деганман. Лекин ичимда бу қадар умидли эмасдим.

Бу шеърни «Солидарност» ҳаракатининг хайрихоҳи, Тошкент университетида ўзбекча ўрганаётган бир полониялик хоним (Элжбета Госчитска) ўз тилига ўгирган ҳам эди. У ёқда босилдими-йўқми, билмайман…

Қизиғи шундаки, бу шеър икки йил ўтиб (Раъно Абдуллаева марказқўм котиблигидан олингандан сўнгра) Ғафур Ғулом нашриётида «Олис табассум сояси» номли тўпламда чоп этилди. Бу ҳам етмаганидек, бу китобни «Госкомиздат» деган ташкилот «йилнинг энг яхши шеър китоби» деган мукофотга лойиқ топди, аммо совет мукофотларига душман бўлганим учун улар юборган «анкета»ни тўлдирмадим ва мукофотни рад этдим.

«Олис табассум сояси» (1986) китобининг нашриёт тақризчиси (ички тақриз) Иброҳим Ғафуров эди. Бу китобда босилишга тайёрланган шеърлардан 50 тадан ортиғига «бу шеърда ёмон ният йўқ» деб «изоҳ» ёзиб берганимни аввалроқ эслатгандим.

Тағин ўқинг
10 май 2019
Ўзбекистонга оид маълумотларни ёритувчи мустақил оммавий ахборот воситалари ва мамлакат ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши интернет орқали яширин фишинг ва веб ...
18 апрел 2023
Салом қадрли муҳлислар. Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Мактублар Ўзбекистоннинг Бухоро, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятларидан ...
9 октябр 2019
Аксарият ўзбекистонликлар орасида Салимбой дея сиғиниладиган, бошқа манбаларда «криминал авторитет» аталган Салим Абдувалиев «Қизил китоб»га кирган айиқ, бўри ва ...
26 ноябр 2024
Бирлашган Aраб Амирликлари расмийлари душанба куни бу мамлакатда яҳудий раввинини ўлдиришда гумон қилинган уч нафар шахсни аниқлади. Айтилишича, улар Ўзбекистондан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...