Кўзқараш
17 июн 2022

Шаҳноза Соатова: Аёл фақат итоаткор бўлиши керакми?

Биз нима учун ўзбек жамиятида «аёллар ҳуқуқи» деб гапирамиз ва бу кўпчиликка ёқмайди?
Бунинг сабабларини билиш учун қиз бола бўлиб туғилиш керак.
Шаҳарга ўқишга, ё олимпиада-семинарларга хорижга кетиш учун кечалари ухламай «ишқилиб рухсат беришсин» деб Оллоҳдан илтижо қилиб чиқиш керак.
Келин бўлиб кўриш керак. Қўлингга битта узукни маҳр деб тутқизиб, ота-онанг емай-ичмай, қизим тинч бўлсин, деб 5-10 минг долларга қилган сепидан айб топишларига чидашинг керак.
Эрингдан бунга қарши бир оғиз эътироз кутма, ўша пайтда у кар-кўр бўлиб олади.
Туғруқхонада тўлғоқдан суткалаб азоблансанг-да, врачлар «кесарча кесайлик» деганига қайнонанг ва эринг рухсат бермаса, ўз танангга ўзинг эга чиқолмай, минг азобда охири кўзинг ёриганда боши қаттиқ лат еган ногирон фарзандни қўлингга тутқизишса, «касалманд бола туғдинг» деб таъналарга кўмишса, овоз чиқармай кўзёшларингга кўмилишинг керак.
Эринг билан бирга нонушта қилганинг учун қайнонанг додингни берганида, кечқурун ишдан қайтгач унга табассум қилишга ҳам қўрқиш нималигини туйишинг керак.
«Нуқул хўмрайиб кутиб олади» деб устингга хотин олганида эса, кўнишинг керак.
Кўниб ҳам бирон марта эрингга «икки хотин аро адолат қил» демаслигинг лозимки, ё мушт тагида қоласан, ё жавобингни оласан.
Мабодо ишлашга рухсат беришса, иш кунинг соат 6 да тугаса-да, соат 6 яримда кечки овқатинг пишмаса, тамом. Лекин ойлигингни тийинигача олиб қўйишлари мумкин.
Ишхонангда эса сени «бу аёл, туғади, боласи касал бўлади» деб лавозимларга лойиқ кўрмасликлари мумкин.
Шундай яшаб, чидаб, охири яхши қайнона бўлолмасанг, фақат ўзинг айбдорсан.
Бунга чидамай, ажрашсанг ҳам сен айбдорсан.
Умуман, сен ҳар доим айбдорсан.
Буни гапирсанг, айбдорсан.
Жим турсанг, айбдорсан.
Кетсанг, айбдорсан.
Қолсанг, айбдорсан.
Эркаклар, ҳамма масъулият менда, сен уйда ўтир, итоаткор бўл деган эркаклар бу ҳолатни ўзгартирмасалар, ислоҳни ўзларидан бошламасалар, Исломдан ҳам, анъаналардан ҳам фақат ўзларига ёқадиган томонларини олиб, омухта ва қулай бир тутумларни яратиб олган бўлсалар, бу тутумлар оналари, опа-сингиллари, қизларига ҳам зарар етказишини билиб ҳам, вазиятни ўзгартирмасалар, чидайсан!
Тушунмайдиларки, ҳар қандай исёнлар зулм ортидан келиб чиқади. Исёндан кейин ҳаммаси баттарроқ бўлиши мумкин, аммо исён қилувчилар аҳволни яхшилаш учун эмас, ҳолатга чидай олмаганларидан дод демоқдалар…
«Гендер тенглик» деса сакраб тушаётган, аёллар ҳуқуқлари ҳақида гапирганларга турли ёрлиқлар илаётганлар, Сизлар оқибат билан курашяпсизлар.
Сабабларни ҳам кўринг, адолат қилинг!

Шаҳноза Соатова

Тағин ўқинг
3 ноябр 2015
Малоҳат Эшонқулова мустақил журналист Қашқадарёнинг қонун ҳимоячилари ўзларининг ғайриқонуний ишлари билан ҳамиша машҳур! Бу гал ҳам шундай бўлди! Вилоятнинг ...
23 май 2024
Филиал бошлиғи Камолиддин Абдуллаев ўзига KIA K5 русумли машина сотиб олиб кредитни ходимларга тўлаттирмоқда. Кадастр палатаси Қибрай туман филиали ...
13 феврал 2022
Россиянинг Украинага тажовузи бутун дунё узра қуюқ қора булутдек бўлиб турибди. Тўсатдан чақмоқ чақиб, тўфон бошланадигандек. Ғарб матбуотида бош ...
25 июл 2024
Статистика бўйича  Ўзбекистонда бугун ҳар 9 миллион фуқарога 1 кутубхона мавжуд. Ўзбек ўқимайди. Қашшоқман – кўнгилга китоб сиғмайди, дейди, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...