Фикрнинг юксакдаги тажассуми
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага диққат қаратади ва эплайди, эркаклар эса фақат битта нарсага диққат қаратишнигина зўр эплайди ва шу сабаб алоҳида соҳаларда эркаклардан генийлар кўп деди.
Моцартни мисол қилди. Буни илмий факт деб атади.
Тасаввур қилинг энди, сиз аёлсиз ва сизнинг жинсингиздан ҳеч қачон Моцарт чиқмаслигига кўзингиз етади.
Янаям чуқурроқ тасаввур қилинг: сиз пардоз, овқат, болангизнинг мактаби, рўзғор ва шу кабиларни параллел ўйлай оласиз – лекин чуқур ўйлолмайсиз ҳеч қачон.
Сиз ҳеч нарсага чуқур ва жиддий киролмайсиз. Сиз маиший ҳаётни яхши ўйлай оласиз ва яхши уддалайсиз.
Ўз-ўзидан сизнинг фикр чўққиларини забт этиш истагингиз йўққа чиқди.
Табиатнинг ўзи йўққа чиқариб ташлади. Энди ҳам қўли, ҳам оёғи йўқ одамни тасаввур қилинг – сиз ўша туғма ноқис ҳолатдасиз – ва табиат, жамият, миянгиз нейронлари белгилаган ҳаёт бор –маиший кундалик турмуш ҳаёти.
Сиз ҳам ёш бола каби юксак тоғ ё зиёратгоҳ тепасига чиқиб дунёга қарамоқчи, ўша гўзалликдан завқ, роҳат олмоқчи эдингиз ва бу учун ҳаётингизниям беришга розисиз. Аммо сизни кириш эшиги олдидан қайтаришди.
Чунки сиз ноқиссиз. Қўлингиз, оёғингиз йўқ. Энди эса дунёнинг ярмини шундай ноқис ҳолда тасаввур қилинг – бирдан қисинган елкалар, абадий руҳи тушиб кетган кўзларни кўрасиз.
Ҳа, абадий! Ҳатто кейин ҳам бирор орзу учқуни ёлқинланмайди.
Худди ёш боланинг илк ва катта орзуси барбод бўлган каби абадий сўнмоқ…
Ҳа, дунёнинг ўша ярмиси – аёллар.
Ўша бироз ноқис билинадиган; жиддийроқ, муҳимроқ ишларга келганда кўкрагидан итариладиган, ҳатто ўз табиати, мияси ҳам унга қарши чиқадиган яратиқ — Мана аёл бўлишнинг моҳияти: атроф, минг йиллик қоидалар, қадриятлар, жамият нари турсин, ҳатто ўз табиатинг, миянг сенга қарши чиқади (бу ҳам аёлнинг минг йиллар давомида ўчоқ эгаси бўлиб қолиб кетгани билан боғлиқ).
Демак, сен ўзинг истаган юксакдаги Фикрдан лаззат олиш учун икки ҳисса кўпроқ курашишга мажбурсан.
Курашиш деганда ҳозир кўпчилик нотўғри талқинни “мода” қилиб олган – эркак билан курашиш!
Лекин асло бундай эмас. Бу эркак билан, ё эркаклик дунёси билан курашиш эмас.
Вулф эркаклар ёзаётганда ўзига жуда ишонади, чунки у ҳар қандай аёл ёзардан устунман энг камида деб ўйлайди ва шунга суянади дейди.
Бу дегани – эркак табиат ҳам у томонда эканини билиб туради.
Аёл эса ҳатто ижтимоий шароитлар натижасида табиат ато қилган “ноқислик”лари учун ҳам курашишга мажбур.
Тушиняпсизми, энди аёл бўлиш нима деганини?!
Ва бу ҳамма аёллар учун, ҳамма аёллар шундай.
Бироқ ҳамма эркак Моцарт бўлмагани сингари ҳамма аёл ҳам Фикрнинг юксакдаги тажассуми ёки олисдаги Гўзалликнинг ял-ял ёнишидан баҳра олишга иштиёқманд эмас.
Бу мутлақо табиий, бунинг учун кимдир айбланиши ёки фахрланиши шартмас.
Лекин бошқа бир тарафи бор – инсон ҳаётининг моҳияти ўша Гўзалликни англаш, роҳатланиш ё яратиш деб изоҳ берамиз.
Халқларнинг қанчалик тараққий этганини ўша олий гўзалликдан, Онгдан қанчалик баҳрамандлиги билан ўлчаймиз.
Ҳаётнинг моҳияти олий одам бўлишга интилиш деб белгилаймиз.
Ва бу мутлақо тафаккур ва онг иши!
Энди айтингчи, ўша ҳаётнинг асл моҳиятини англамоққа Аёлнинг ҳам ҳаққи борми?!
Ҳаққи бўлса, нега у бир неча асрлар, минг йиллар давомида ҳаётнинг олий маъносини англашга уринишдан, Йўлдан маҳрум қилиб келинди, келинмоқда – сиз буни Вулфнинг Шекспирнинг синглиси ҳақидаги фикрларини ўқиш давомида яхшироқ тушинасиз.
Шарқда аҳвол ундан ҳам баттар бўлган, Навоийнинг адабий синглиси ҳақида тасаввур бўлиши мумкинми, албатта йўқ – у хон саройида туғилган аёл бўлсагина ўз қизиқишларини намоёнлай оларди, уям жуда чекланган тарзда.
Энди ҳолатни яхшироқ тасаввур қилинг – табиат сизни эркакникидан фарқлироқ онг билан яратган, бирор нарса устида жиддий ва чуқурроқ ўйлолмаслик баҳона четга сурилгансиз – минг йиллар давомида – ва ҳаётнинг олий моҳиятини англаш, англашга уриниш йўлидан маҳрум қолгансиз, тафаккур, онг ишидан, ҳақиқий ижод, яратувчанлик бахтидан минг-минглаган километр олисга отиб юборилгансиз.
Ваҳоланки ҳаётнинг маъноси ҳақидаги энг чиройли сўзлар яратиш, фикрлаш, англаш завқи ҳақида эди. Ва афсуски бу маъно сиз учун кўзда тутилмаганди.
Айтмоқчи, инсон деганда ҳам сиз назарда тутилмагандирсиз балки, аёллар.
Вулф асарини ўқиган бир-икки ўзбек ўқувчилар (афсуски улар аёлларнинг ўзи) асарни нотўғри талқин қилиб, нима аёллар эркаклар билан курашга киришмоқчими дебди.
Йўқ, асло. Бу асарнинг энг нўтўғри талқини бўларди агар шундай тушинсак.
Аёллар ҳам олий ҳақиқатлар учун яшамоқчи, аёллар ҳам ҳаётнинг Олий моҳиятидан ўз насибаси бўлишини истайди.
Фикр йўлида азобланиш, куйиш, ёниш, охир-оқибат қуртнинг ғумбакни ёриб чиқиб, капалакка эврилиши, Фикрнинг юксак сатҳларида қанот қоқишни истайди.
Ва буларнинг барчаси маиший ҳаётда параллел ҳамма нарсани ўйлаб, эплайдиган аёл ҳақида эмас, интеллектуал аёл ҳақида.
Вулфнинг китоби интеллектуал аёлни кўзда тутади, аммо унга маиший ҳаётда қўйилган тўсиқларга чуқур кириб боради.
Аёлнинг интеллектуалга эврилиши маиший ҳаётдаги озодлик эвазигалигини бирма-бир таҳлил қилади.
Тилланисо НУРЁҒДИ