Кундалик
24 октябр 2015

Қўрқув

Н. Имомов
Eltuz.com

… Мусоқул чол ҳар кунгидек қирда қишлоқни томоша қилиб ўтирарди.
– Бунча ҳансирайсан?
– Қодирбой малланинг ити қувди. Қўрқиб қочдим.
– Уникига нега боргандинг?
– Шафтоли олдим.
– Сен итдан эмас, қилиғингдан қўрқибсан!
– Ие, итини кўрганмисиз, ўзи. Жуда ёмон. Ковушим ҳам қолиб кетди.
Мусоқул чол индамади. Ёнига ўтирдим.
– Бобо, сиз ҳам қўрқасизми? – деб сўрайман аста.
Мусоқул чол хўрсиниб қўяди. Осмонга бир қараб олади.
“Ҳа, гулдиракдан қўрқса керак”, – деб қўяман ўзимча, шафтолининг пўстлоғини шилатуриб.
– Энг қўрқмас одамлар – чақалоқлар, – дейди чол паст овозда.
– Ия, чақалоқ ҳар куни йиғлайди-ку. Қўрққани шу чиқар-да, – дейман ҳайрон бўлиб.
– Йўқ. Йиғлаш бошқа, қўрқиш бошқа. Сен қоронғидан қўрқасанми?
– Ҳа, – дейман, кечқурун ҳовлимиздаги гужумдан нарига ўтолмаслигим эсимга тушиб.
– Чақалоқлар қоронғидан ҳам қўрқмайди. Қоп-қоронғи бешикда, оёқ-қўли боғланиб бемалол ётаверади. Улар фақат баланд товушдан қўрқади.
– Омон трактирчининг балонини тешаман. – дейман жаҳл билан шафтоли тишлаб. – Ҳар куни трактирини уйимизнинг орқасидаги тепага қўяди. Укам доим шундан қўрқиб йиғларкан-да, – дейман укамнинг трактор товушидан чўчиб, қўзларини катта-катта очиши, трактор овозига қулоқ солиши, сўнг биғиллаб йиғлаши кўз олдимга келиб.
– Бировга билдирмай қасд қилма, -дейди Мусоқул чол.
– Қасд дегани нима?
– Ёмон ният-да.
– Бошқа йўлдан юрсин, бўмаса.
– Омон яхши одам. Трактир унинг тирикчилиги. Отангга айтсанг, ўзи тушунтиради.
“Қасд – ёмон ният”. Яхши гапни ўрганиб олдим-да. Пода қайтарда болалар билан ўйнаганда Қобилга “менга қасд қилма” дейман. Оғзи очилиб қолади. Тўғри-да, уч кундан бери яшилга бўялган соққа ошиғимни кўзлаб юрибди. Алдаб олиб қўймоқчи.
– Одам боласи туғилганда қўрқиш нималагини билмайди, – деб қолди Мусоқул чол. Чақалоқлигида баланд товушдан, энди юрганда баланддан йиқилишдан қўрқиб бошлайди. Шу-шу катта-кичик қўрқишлар бошланади.
– Ия, иккичимисиз, бобо? Қўрқувниям каттаси, кичкинаси бўладими? – дейман ҳиринглаб.
Қишлоқ кафтдек кўриниб туради. Қодирбой аканинг ити исканиб ҳовли девори ёқалаб уёқдан-буёққа бориб келаяпти. Девор устида ковушим турибди. Энди бу ит кўзимга майдароқ кўринаяпти.
Энди мен бошқа нарсадан – кичик акамнинг мактабдан қайтишидан қўрқиб бошладим. Каттасининг унча иши йўқ. Кичигининг жаҳли ёмон. У жуда аълочи. Шунинг учун айтгани – айтган, дегани – деган. ¬ Ковушим бу ёқда эканлигини билса, уриши аниқ.
Шафтоли егим келмай қолди. Мусоқул чолни алдашга тушдим.
– Мусоқул бобо, сиз қишлоқдаги энг катта одамсиз, ҳамма сиздан қўрқади-я.
– Қўрқмайди, ҳайиқади.
– Ҳайиқади нима дегани?
– Қўрқувнинг кичкинаси шу-да.
“Ҳайиқади дегани ҳали қўрқиш эмас”. Яхши гапни ўрганиб олдим-да. Пода қайтарда болалар билан ўйнаганда Қобилга “сендан қўрқмайман, просто ҳайиқаман” дейман. Оғзи очилиб қолади.
Узоқдан мактаб кўриниб турибди. Ҳовлисида ҳеч ким йўқ. Демак, ҳали дарс бўлаяпти. У ерда ҳамма Жаҳонгир малимдан қўрқади.
Ковушим эсимга тушди. Мусоқул чолни кўндиришга тушдим.
– Мусоқул бобо, юринг ковушимни олайик. Ҳовлингиздаги ўтинни йиғиб бераман, – дедим.
Кўндирдим. Олдинма-кетин пастга эниб боравердик.
– Кичкиналигингизда сизни ҳам ит қувганми? – деб сўраб олдим, ҳар эҳтимолга қарши.
– Қувган, қувган. Ҳалигача қувади, энди қўрқмай ҳам қўйганман.
– Ҳайиқасиз-да, бўмаса, – дейман тор кўчанинг ўртасига етганда, ит ташланса қочиб қолишни мўлжаллаб атрофга алангларканман. Кўчанинг нариги бошига чиқиш учун албатта Қодирбой аканинг ҳовлиси ёнидан ўтиш керак.
Ит ҳурди. Мусоқул чол тўхтади. Шартта этагидан ушладим.
– Бунча типирчилайсан?
– Қўрқаяпман!
– Унда уйингга кетавер.
– Акамдан қўрқаман. Ковушимни ташлаб борсам, уради.
– Энди нима қиламиз? Яхшилаб ўйла, – деди чол кўзларимга тикилиб. – Орқага кетсанг, аканг уради. Камига шарманда бўласан. Жўраларинг итдан қочиб, ковушини ташлаб кепти, дейди. Олдинга юрсанг, ит тишлайди. Дўхтир ит тишлаган одамнинг қорнига қирқта укол қилади. Эшитгансан-а?
Қорнимга игна санчилгандек бўлди. Шафтоли егим келмай қўйди. Ишонган одамимни қара-я. Қишлоқдаги ҳамма – Умар магазинчи ҳам, Жўрақул этикдўз ҳам, ҳатто армияда “бутун полкни ётқизиб-турғизган” Обрў пиён ҳам қўрқадиган Мусоқул чол шу бўлса?! Кўчанинг ўртасида ташлаб кетмоқчи. Мусоқул чолни ёмон кўриб кетдим.
Аламимдан йиғлаб юбордим.
– Йиғлама, -деди Мусоқул чол қаҳр билан. – Нима қиладиган бўлдинг? Шуни айт.
– Сиз бормайсизми? Бирга бораман дегандингиз-ку?
– Шу ерда тураман. Қайси томонга борасан, шуни айт, – такрорлади чол.
Ўнг қўлим билан кўзимни уқалаб, ишонқирамай чап қўлим билан олд томонни кўрсатдим. Қўйнимдаги шафтолилар туки баданимни қичитарди.
– Олдинга ўт! – буюрди чол.
Ўн-ўн беш қадам юрдим. Ортимга қараб қўйдим. Чол қаққайиб тураверди. Олдинда ит ҳураверди. Қўрқувим қўшша бўлди. Олд томон қиялик эди. Ит овозидан бир қўрқдим. Йиқилишдан икки қўрқдим.
Деворга етай деганда ит кўринди. У мен томон чопарди. Бир кунда бу баҳайбат итга иккинчи бор дуч келишим эди. Бирдан Мусоқул чолнинг гапи эсимга тушди: “Қилиғингдан қўрқибсан”…
“Энг қўрқмас одам – чақалоқлар”. Чақалоқ бўлгим келди. Кўзларимни чирт юмдим. Атроф қоронғу бўлди. Ҳаммаёқ жим-жит эди.
Қўрқа-писа кўзимни очдим. Ортимга қарадим. Ит Мусоқул чолнинг оёғига суйкалар, унинг атрофида сакрарди. Улар менга яқинлашди. Ит бир иррилаб қўйиб, чол билан андармон бўлганича қолаверди.
– Юр, ковушингни ол, – деди Мусоқул чол. – Қилиғингни қайтарчи, бир кўрай. Йиқилиб тушма.
Ҳаммасини тушундим. Чол қирда ўтириб, мени кузатган.
Қодирбой аканинг девори ёнидаги тошга оёқ қўйиб, деворга тирмашдим. Бир амаллаб чиқиб, ковушимни олдим. Эрталаб девор анча баланд туюлганди.
– Ҳали ҳам қўрқаяпсанми? – деди Мусоқул чол пастга тушганимда.
Ит орқада қолиб кетди. Кўча бошига етдик. Шу ерда кўча иккига айриларди.
– Ўнг кўчадан юр. Кўча бошига етиб, яна бир марта ўнгга бурилсанг, уйинг томонга йўл бор, – деди у. – Ҳа айтмоқчи, бояги итнинг оти нима экан?
Елка қисиб қўя қолдим.
– Қўрқадиган нарсангнинг отини билсанг, қўрқув қочади, – деди чол кулимсираб.
Мусоқул чол қишлоқ оралагани кетди.
– Эртага яна қирга чиқаман, – дедим ортидан ва ўнг кўчага бурилиб кетдим. Бу кўча ҳали менга нотаниш эди. Бу кўчада ҳам итлар бор экан. Бири қўйиб, бири ҳурарди. Мусоқул чолнинг гаплари пойма-пой эсимга тушарди: “Мени ҳам итлар қувган. Ҳалигача қуваяпти. Энди қўрқмай ҳам қўйганман”. “Қўрқадиган нарсангнинг отини билсанг, қўрқув қочади”.
– Эртага яна қирга чиқаман, – деб пичирлаб борардим…

“Мусоқул чолнинг мактаби”дан

Тағин ўқинг
31 июл 2024
Швециядаги улфатлар таклифи билан якшанба кунги шашликхўрлик ўз ўзидан сиёсий мавзуга кўчди. Ва мен мезбонлар изни билан сухбатни Элтуз ...
4 март 2021
Тил мавзуси бизни 70-80-йиллардан бошлаб қийнаб келаётган мавзу эди. Албатта, у пайтда ўзбек тили давлат тили сифатида эмас, балки ...
3 декабр 2020
Наманганнинг янги ҳокими Шавкат Абдураззақов МИБ ходимлари томонидан уйидан чиқарилишига норозилик сифатида ўзини ёқиб ҳалок бўлган Гуландом Дадабоеванинг онаси ...
25 август 2016
Президент фармонида, 2016 йилнинг 1 октябридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...