Дайжест
14 январ 2016

Боласини бўғиб ўлдирган қиз ва қўлга олинган қизфурушлар

Ўзбекистонда деярли 100 фоиз тадбиркор банкларга ишонишига ишонасизми?

“Миллий тикланиш” газетасининг ёзишича, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази ўтказган сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 98 фоизи “Тижорат банклари кредитларидан фойдаланиб, ўз олдингизга қўйган натижаларга тўлиқ эришдингизми?” деган саволга ижобий жавоб қайтарган. Сўровномада иштирок этаётганларнинг 99,8 фоизи эса “Банк – мижоз учун” тамойили амалда ўзини оқлаётгани, банк тизимидаги ислоҳотлар иқтисодиёт барқарорлиги ва турмуш фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётганини билдирган.

“Иштирокчиларнинг банк тизимига бундай юксак ишончи мамлакатимизда истиқлол йилларида соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир”, дея хулоса қилади газета.

Каниза милицияга ишонмайди

Sayyod.com интернет нашри хонанда Канизанинг Porsche Cayenne машинасига ўғри тушгани ҳақида ёзди.

Машинадан, хонанданинг айтишича, 2,5-3 млн сўмлик Cavalli сумкаси, 10 минг долларлик Vertu телефони, 400 долларлик Fleur Narcotique атири, қимматбаҳо ҳамён ҳамда 300 мингча сўм ўғирлаб кетилган.

Каниза бу ўғирлик юзасидан милицияга мурожаат қилмаслигини билдирган.

“Чунки бундан аввал ҳам бошқа машиналаримдан 4-5 марта шундай ўғирлатиб қўйганимда улар ёрдам бера олмаганди, шу сабаб яна беҳуда ёзув-чизувлар билан вақтимни кетказмайман”, деган хонанда.

Бухоролик қиз ноқонуний туққан боласини бўғиб ўлдирди

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Бухоро вилоятининг Когон туманилик қиз далага ишлаб юрган вақтида Низом исмли йигит билан бир мунча вақт яқинлик қилиб юрган ва ҳомиладор бўлиб қолган.

Қиз узоқ вақт бу сирни яшириб келишга муваффақ бўлган. Уй-куни тўлганида эса ҳаммомга кириб туққан ва шу ернинг ўзида уни бўғиб ўлдириб, ярим кечаси дала четидаги чиқиндихонага ташлаб кетган.

Эртаси куни жасад топилгандан сўнг қотил аёл ҳибсга олинган ва судга тортилган.

Ўғрилар гуруҳи ушланди

Машиналарга ўғирликка тушиш билан боғлиқ жиноятни содир этиб келган ўғрилар гуруҳи қўлга олинди, деб хабар берди “Огоҳ” газетаси.

Ўғрилар, асосан, Олой бозори ҳудудида жиноятлар содир этган. Улар кечаси машиналарга ўғирликка тушиб, ичидаги қимматбаҳо буюм ва пулларни ўмариш билан шуғулланган.

Ўғрилар 19-20 ёшлардаги йигитчалар бўлган.

Зимистон учун сармоя

Ўзбекистон 2016 йилда 154 та сармоявий лойиҳа бўйича 4 миллиард доллардан ортиқ хорижий сармоя жалб этишни режалаштирмоқда.
“Газета.уз” интернет нашрининг ёзишича, бу маблағнинг 1,339 миллиард доллари ҳукумат кафолати остида олинади ва 69 та лойиҳани ўзлаштиришга сарфланади.

Хорижий сармояларнинг катта қисми – 2,29 миллиард доллари ёқилғи-энергетика сектори ҳиссасига тўғри келади.
2015 йилда эса Ўзбекистон 3,53 миллиард доллар ҳажмида хорижий сармоя жалб қилиши айтилганди.

Қизфурушлар қўлга олинди

“Огоҳ” нашри Тошкентнинг Сирғали туманида аёлларни Дубайга юбориш билан шуғулланган она-болалар қўлга олинганини маълум қилди.
Айтилишича, асли наманганлик аёл уч қизи билан биргаликда беш йилча муқаддам бир гуруҳ қизларни алдаб Дубайга жўнатган. Дубайда бу қизлар фоҳишалик қилишга мажбурланган.

Беш йил давом этган хўрликлардан кейин қизлардан бири қариндошлари билан қўнғироқлашишга муваффақ бўлган. Улар эса тегишли идораларга хабар берган. Натижада қизлар Ўзбекистонга қайтарилган, жиноий гуруҳ эса жавобгарликка тортилган.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 май 2019
Ўзбекистон Олий суди жорий йилнинг 16 апрель куни жуналистлар Бобожоновларнинг уйлари мусодара қилиниши ҳақидаги суд қарорлари устидан аризани «қаноатлантирмаслик» ...
25 октябр 2021
22 октябрь куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани фуқаролик ишлари судида шоир Йўлчи Рўзиевнинг даъво аризасига биноан бўлиб ўтган ...
12 апрел 2015
Сизга аэропортда ёки ўзбек чегарасининг бошқа қисмида декларациялар тўлдиришга тўғри келганми? – дея савол беради журналист Қудрат Бобожонов. Тўғри, ...
24 январ 2018
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев автобусда тириклайин ёниб кетган фарғоналик 16 йўловчини «ҳароми» деб ҳақоратлади. Ўзбекистондан Россияга кетаётган йўловчилар ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...