Туркиялик чол ва кампирни ўлдирган ўзбек эр-хотинга умрбод қамоқ жазоси берилди
Туркияда ўзбекистонлик эр-хотин туркиялик таниқли яҳудий тадбиркор Жак Карако ва унинг рафиқаси Жоржия Каракони ўлдирганликда айбланиб, 2014 йили ҳибсга олинган 30 ёшли Фарҳоджон Юсупов ва унинг 28 ёшли турмуш ўртоғи Гулбаҳор Юсуповалар устидан ўтган маҳкама уларга умрбод қамоқ жазосини белгилади.
Тарафларнинг адвокатлари иштирокида суд ҳаками “камида 26 йил қамоқда ўтириш шарти билан умрбод ҳибс жазоси” белгилади.
Тадбиркор оиласида фаррош бўлиб ишлаган Фарҳоджон Юсупов айбини бўйнига олган.
Унинг хотини Гулбаҳор Юсупова эса “Қотиллик пайтида мен телевизор кўраëтган эдим” дея айбни ўзидан соқит қилиб эрига юклашга уринган.
Қотилликда айбланган Юсупов маҳкама залига келганда оғзида уч дона лезвия яшириб олиб киргани маълум бўлди. Жандарма қўмитани Ҳусайн Қорақоя маҳкум оғзида лезвия борлигини пайқаб қолган.
Маҳкум, маҳкама олдида оғзидан иккита лезвияни чиқариб олиб, бошқаси йўқ деб туриб олган.
Қўмитан атралашувидан кейин Юсупов ўз оғзига яширган учинчи лезвияи чиқарган.
Фарҳоджон Юсупов лезвияни ўз жонига қасд қилиш ëки бошқаларга тажовуз қилиш мақсадида сақлаганми деган саволнинг жавоби йўқ.
Судда икки йил кўрилган жиноят
77 ёшли таниқли туркиялик тадбиркор Жак Карако ва унинг 69 ёшли рафиқаси Жоржиянинг пичоқланган жасади 2014 йили Истанбулнинг Ўрта кўй мавзеидаги уйидан топилган эди.
Орадан бир кун ўтиб Истанбулнинг Фотиҳ мавзесидаги квартирани кирага олиб яшаб келган ўзбекистонлик эр-хотин ҳибсга олинди.
Турк матбуотининг ёзишича, бу жуфтлик сўнгги икки ойлик маошини сўраганида, турк тадбиркори унинг уйига етказилган зарарни ундириш мақсадида маошни ушлаб қолишини айтган. Шундан сўнг эр-хотин ошхонадаги гўшт чопадиган пичоқ билан тадбиркор ва унинг хотинини ётоқхонасида чопиб ташлашган.
Туркия маҳкамасида ўзбекистонлик эр-хотин мудҳиш қотиллиги далил исботлар билан тасдиқланди.
Истанбулнинг Молтепа қамоқхонасида қолаëтган Фарҳод Юсупов ҳамда Гулбаҳор Юсупова тергов пайтида қотилликни бўйнига олгани ҳам турк матуботида эълон қилинган эди.
Бундан ташқари, тадбиркор уйидаги видеокамера ўзбекистонлик эр-хотин тадбиркорнинг уйидан қимматбаҳо нарсалар солинган 7 та сумкани олиб чиқиб кетаётганини ҳам қайд этган.
Аммо, айни пайтда турк матбуотида жиноятни Фарҳод Юсуповнинг ўзи содир этгани, унинг ўзи чол ва кампирни ўлдирганини эътироф қилгани ҳақида ёзган эди.
Суд маълумотига кўра, Фарҳод Юсупов чол-кампирни юқори қаватдаги ëтоқхонага чиқиб ухлашга ëтганида, уларни ëтоғида сўйиб ташлаган.
Кейин пастга тушиб ухлагани ëтган ва эрталаб ошхонада газни ëқиб, уйда портлаш ҳосил қилиб, пичоқни эса денгизга отиб, Қумқопидаги меҳмонхоналардан бирига яширинган.
Чол-кампирнинг ваҳшиёна тарзда ўлдирилганидан эса улардан хабар олгани келган ўғли воқиф бўлган ва полицияни чақирган. Ўзбекистонга қочиш пайида бўлган икки ўзбек ўша куннинг ўзида қамоққа олинган.
Ўзбекистондан бориб, Туркиядаги тадбиркорнинг уйида хизматкорлик қилган Фарҳод Юсупов ва унинг хотини Гулбаҳор Юсуповалар айни пайтда қотиллик, ўғирлик ва талончиликда айбли деб топилди.
Марҳум тадбиркор Жак Карако Туркиядаги машҳур Oren Bayan бренди асосчисидир. Бу нафақат Туркия, балки Осиё давлатларида номи чиққан ип-калава ишлаб чиқарувчи йирик ширкатлардан биридир.
Eltuz.com