Дайжест
20 июн 2016

Шибзонда ишсизлар йўқ ёки янги «ўзбек модели»

Кам таъминланмаган хонадон қолмаган Шибзон маҳалласи ҳақида ёзган «Қишлоқ ҳаёти» газетасини синчиклаб қайта ўқиган одам, ўз томорқасига тезак олиб чиққан одам ҳам Ўзбекистонда иш билан таъминланганлар қаторига ўтишини англаши мумкин.

Буни қисқа қилиб “Ўзбек модели” деб аташ мумкин экан. Модел яратишда жонбозлик кўрсатаётган нашрлар орасида эса “Халқ сўзи”нинг олдига тушадигани йўқ.

Бир вақтлар сўз эркинлиги жарчиси бўлган “Ҳуррият” газетаси эса ўтмиши қанчалик ёмон бўлгану, ҳозир зўр бўлиб кетганини айтишдан чарчамайди.

Кам таъминланганлар ва ишсизлар йўқ маҳалла

«Моли соғ чорвадорнинг кўнгли чоғ» эканидан хабар бериб, муштарийларининг ахборотга бўлган чанқоғини қондираётган «Қишлоқ ҳаёти» газетаси кам таъминланган оилалар умуман қолмаган, вақтинчалик ишсизлар эса саноқли бўлган қишлоқ борлиги ҳақида маълум қилди.

Газетанинг ёзишича, Кармана туманидаги Шибзон маҳалласида 1100 та хонадон бўлиб, уларнинг икки юздан ортиғида иссиқхона бор. Қолганлар ҳам томорқага боғланган.

Газета мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раисининг «ўтган йили кам таъминланган оила, деган жумлага барҳам бердик», деган сўзларини келтиради.

«4774 нафар маҳалла аҳлидан бор-йўғи 15 кишигина вақтинча банд бўлмаган сифатида рўйхатга олингани ҳам маҳаллада маънавий, ижтимоий-иқтисодий муҳит барқарорлиги самарасидир», деб мақтанади нашр.

Агар бу ерда гап бандликни таъминлаш марказларида рўйхатга турадиган вақтинчалик ишсизлар ҳақида кетаётган бўлса, Ўзбекистонда умуман ишсиз йўқ қишлоқлар сон-саноқсиз. Чунки аксарият кўпчилик ишсизлар бундай марказ борлигини билмайди ҳам. Эшитганлар эса бундай марказда рўйхатга ўтгани билан бунинг бутунлай фойдасиз эканини яхши билади.

Масаланинг яна бир томони бор. Ўзбекистонда уйида мол-қўй боқадиганни ҳам иш билан таъминланган шахс сифатида рўйхатга олиш «урф бўлган». Шундай қилмасак, ҳар йили 1 миллионта иш ўрнини қандай яратамиз ахир!? Қолаверса, ишсизлик даражасини 5 фоиздан оширмаслик тўғрисида «коммунистик мажбурият» ҳам бор зиммамизда.

Нима бўлганда ҳам аслида бутун-бутун қишлоқлар аҳли ишсиз юрган бир вақтда Шибзонда деярли ишсиз қолмагани ҳақида хабар ҳеч бўлмаганда истеҳзоли кулгимизга сабаб бўлади. Ҳа энди, лоф бўлгандан кейин шундай бўлади-да!

Совет даври ёмон бўлгани, мустақилликдан кейин зўр бўлиб кетганимиз ҳақида

«Ҳуррият» газетаси бу ҳафтадаги сонини совет даври қанчалик ёмон бўлгани, мустақиллик йилларида қанчалик зўр бўлиб кетганимизга бағишлади, десак хато бўлмайди. Чунки битта сондаги 3-4 та мақолада шу мазмундаги гаплар учрайди.

Бир мақолада «ўшанда Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий аҳвол ўта оғирлиги», «халқимиз гўшт ва сутни собиқ иттифоқ аҳолисига нисбатан 4 баробар кам истеъмол қилгани», «75 сўмдан кам даромад қиладиган аҳоли иттифоқ бўйича 12 фоизни ташкил этган вақтда республикамизда бу кўрсаткич 45 фоиз бўлгани» таъкидланади.

Бошқа мақолада эса «совет даврида бир тийинлик тангага ҳам бир нарсалар олса бўларди», деган мавзуни кўтарган одам «фақат қора рангларни кўрадиган» кимсага чиқарилади.

«Шу юртнинг фарзандиман, деган киши камчиликларни жар солиб айтиш эмас, балки уни ҳал қилишга ҳисса қўшиш, жамоатчиликка эргашиб, бир иморатга ҳеч бўлмаганда бир ғишт қўйиб, бурчини адо этиши зарур», дея насиҳат қилади газета.

Мақолада «улкан имкониятлар маконига айланган Ватанимизда осмондан чалпак ёғишини кутиб ётганларга қўлидан бирор иш келмаса, борига қаноат қилиш, тинчлик замонига шукроналар келтириб яшаш» тавсия қилинади.

Яна бир мақола муаллифи эса «бугунги дориламон кунлар» ҳақида ёзар экан, «90-йиллар бошларида машина ўғрилари кўпайиб кетган, буханка нондан бошқа барча рўзғор озуқалари талонга бериладиган» оғир замонларда қийинчиликларга асаблари дош бермай, юрак дардига чалиниб, шифохонанинг асаб касалликлари бўлимига тушиб қолганигача баён этган.

Гарчи газетадаги юқорида тилга олинган мақолаларнинг ҳаммасида «бугунги фаровон, тўла-тўкис, тинч ҳаётимиз»га мадҳ ўқилса-да, аслида бугун Ўзбекистонда асаби «чарчаган»лар ўша йиллардагидан ортиқ бўлса ортиқки, кам эмаслигини, ҳатто баъзиларида соғлиғини тиклаш учун моддий имконият йўқлигини қистириб ўтмасак, адолатсизлик қилган бўламиз.

Ўзбекистонда ҳамма нарсанинг «модели» бор

Ўзбекистоннинг «ўз тараққиёт йўли», «ўзбек модели» борлиги тўғрисида ҳар кун қулоққа қуйилаверганидан кейин одам моделшунос бўлиб кетар экан. Шунга қарамай, ҳар куни битта «модель» кашф этилаверса, моделшунослар ҳам арқоннинг учини йўқотиб қўйиши ҳеч гап эмас.

«Халқ сўзи» газетаси «истиқлолга эришганимиздан сўнг давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳалар қатори ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга … давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилгани»дан гап юритади.

«Пировардида Ўзбекистон қисқа давр ичида миллий АКТ тузилмаси, малакали кадрлар тайёрлаш моделига эга бўлди», деб ёзади газета.

Мақолада гап Ўзбекистон «юртбошимиз раҳнамолигида дунёнинг АКТ энг ривожланган давлатлари қаторига кириб бораётгани», бу йўлдаги «улкан ютуқлар» ҳақида борса-да, «модель» деган сўз барибир диққатни бошқа томонга тортиб кетаверади.

Ҳақиқатан ҳам моделлар мамлакатига айланиб қолгандаймиз. Энг каттаси – «ўзбек модели»миздан ташқари яна талай моделчаларимиз кўпайиб кетяпти. Қайси соҳага қараманг, ўзимизнинг шунга тегишли моделимизни ясаб оладиган бўлиб қолдик.

Иқтисодий модель дедик, иқтисодимизни бой бердик. Таълим модели деб ёшларимиз билимсиз бўлиб, ҳамма ёқ порага ботиб қолди.

Барака топгурлар, худо хайрларингни берсин, бошқа модель ясамай туринглар. Юқоридагилар келиб чиқилса, қилган яхшиликларинг шу бўлади!

Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 январ 2017
Ўзбек тили давлат мақоми олганидан 27 йил ўтиб ҳам, идора ва ширкат номлари рус тилида қолаётгани ажабланарли. Бундан ҳам ...
5 сентябр 2022
Қадрли муҳлислар, эътиборингизга Элтуз 600 секундниниг навбатдаги сонини тақдим этади.+++4 сентябр куни Қамашининг Қўшкапасида “Нексия» ҳайдовчиси велосипед ҳайдаб кетаëтган ...
7 сентябр 2017
Ўзбек расмийларининг мамлакатда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги, шифокор ва педагоглар теримига жалб этилмаслиги ҳақидаги иддаоларига қарамай, бу йил ҳам ...
5 сентябр 2017
Самарқандлик икки ака-ука ҳақида эшитгандим. Ҳужра кўрган, исломий даъвоси кучли йигитлар эди. Тақдир тақозоси билан улар Суриядаги жангарилар сафига ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...