Кундалик
25 июл 2016

Видеомагнитофон ва биринчи муҳаббат

Болалигимда дадам рўзғор ишларини енгиллатувчи, деҳқончилик ва боғдорчиликда асқотувчи буюмларни кўтариб келадиган киши эди.

Ҳар сафар уйда жанжал дадам бирор буюм кўтариб келганда бўларди десам адашмайман. Уйимизда электрли кабоб пиширадиган, газсув тайёрлаб берадиган балонча, “Романтика”, “Электроника” каби аудиомагнитафонлар, турли ҳажмдаги катта-кичик нарвонлар, бензинда ёнувчи “примус”, дала ҳовли учун мўлжалланган душ, стол-стуллардан бир нечта эди.

Ана ўшалар қаторига адашмасам 1992 йили видеомагнитафон ҳам қўшилди. Аям одатдагидек, бу кераксиз нарса, шу матоҳни фалон пулга олгунча озгина пул жамғаришни ўргансангиз бўлмайдими, дея дадам билан ғижиллашиб олди.

Шундай чиройли ёз кунларининг бири эди. Жан Клод Ван Дам ўйнаган “Двойной удар”, Жеки Чан иштирокидаги бир нечта фильмлар ёзилган видео кассеталарни ҳам олиб келишган экан.

У пайтларда уй телефони бўларди. Дарров амакиларимни чақиришди. Улар етиб келгач, уй ичидаги телевизорни ҳовлига қаратиб, видеомагнитафонни улашди.

Катталар сўрига, кичкиналар ерга, баъзиларимиз дала ҳовли учун мўлжалланган стулларга ўтириб, ҳаммамиз жамбулжам бўлиб “Двойной удар” фильмини кўра бошладик. Тўғриси, фильм жуда яхши ишланган экан. Аммо бир пайт йигит билан қиз кемада ёлғиз қолган пайтда….

Мен 9-синф ўқувчиси, катта қиз урра туриб уй ичига кириб кетдим, дадам йўтала-йўтала, ҳовли адоғига йўналди, бир амаким тасвирни тўхтатиш учун телевизор мурувватларини бурай бошлади. Акам ҳам ҳовлининг бу ёғидаги уйга “қочди”.

Хуллас ўша саҳна тугагунча ҳеч ким телевизор қаршисига келмади. Менку инчунун. “Эй видеоси ҳам бошидан қолсин, ундан кўра китоб ўқиганим яхши” дея яна қадрдон китобларим узра мук тушдим.rasm1686

Видеомагнитафон билан боғлиқ энг яхши хотираларимдан яна бири

…. Биз 10-синфга кўчга
нда мактабимизга кўзлари мовий, сап-сариқ соқоли ўзига ярашиб турган яп-янги ўқитувчи ишга келди. Ҳамма қизлар қатори мен ҳам уни “севиб қолдим”.

Фикру зикрим ўша домлани бир марта кўришда бўлиб қолди. Унинг муҳаббатига эришиш учун стол тенниси ва шахматдан, волейбол ва гандболдан мактаб жамоаси таркибида турли мусобақаларда фаол иштирок этадиган бўлиб қолдим.

Мактаб бўйича стол тенниси ва шахматни биладиган ягона қиз эдим. (Дадамнинг шопоголиклиги шарофати билан уйимизда теннис столи ва шахмат, нарда, шашка бор эди-да).

Шунинг учун туман, вилоят миқёсидаги шу икки тур бўйича мусобақаларда мен қатнашардим. Хуллас бир куни ўша домламни жуда жуда кўргим келаётганди. Ўшани ўйлаб кўчадан келаётсам дарвозамиз олдида “мовийкўз” турибди.

Хурсандлигимдан жинни бўлаёздим. Ақлли қизманку, салом бердиму, уйга ўқдек отилиб кириб кетдим. Домламиз нимага бизнинг уйга келганлигини акамдан билиб олгунимча, калламдан не хаёллар ўтмади.

“Менинг биринчи муҳаббатим” уйимизга видеомагнитафон сўраб келган экан. Акам ҳам ўша домланинг ўқувчиси эди. Табиийки, бериб юборди. Шу тариқа “севгилим” беш-олти марта эшигимиз тагида сарғайди. Албатта, мени кўриш учун эмас…

Мана шунақа гаплар. Видеомагнитафон билан хуш-нохуш хотираларимнинг эсимда қолганлари.

Насима Даврон қизи
Фарғона вилояти
Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 декабр 2017
«Пахтага борасан, дейишди. Агар бормасанг, аризангни ёз ёки ўрнингга одам жўнат, дейишди. Ўзимизнинг ишимиз қолиб, бир ойдан кўп пахта ...
26 июн 2017
Каримов ўлимидан сўнг, маҳаллий амалдорлар устидан шикоятлар рағбатлантирилди. Қайсидир мулозимнинг ишдан кетгани ёки юрак ҳуружидан ўлгани ҳақида тез-тез хабарлар ...
19 май 2016
Eltuz.com нашри фермерларнинг бугунги абгор холатини акс эттирган рассом Элсеварнинг янги карикатурасини тақдим этади. Ўзбек фермерининг боши йил ўн ...
15 август 2023
Ўтган шанба, 12 август куни Тошкент шаҳар суд тиббий эксперти Акром Сулейманов ҳибсга олинди.Акром Сулейманов бир шахснинг ишини битириб ...
Блоглар
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...
8 август 2024
«Арабистон тупроғида бола туғиш» мақсадидаги хотинлар ва уларни етаклаб кетаётган эркаклар. Арабистонда ўқилган шаърий никоҳга ...