Фарғона ҳокими: «Ҳамманг, мош экасан!»
Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг буғдойдан бўшаган ерларга мош экиш ҳақидаги топшириғи, ўз ерларига бошқа экинлар экиб, катта меҳнат ва ҳаражатлар сарфлаб қўйган фермерларнинг шахсий манфаатларига зид келмоқда.
Eltuz.com мухбирига бу ҳақда айтган фермерлардан бирига кўра, улар қиш ойларида техника ва ўғитлар ҳариди учун кредитлар олишган, бироқ бу пулни на пластикка ўтказиш, ва на нақд шаклида олишнинг иложи йўқ.
Деҳқонлар учун экилган ерларини бошқатдан ҳайдаш, экиш икки уч хисса қимматга тушади.
“Куни кеча вилоят ҳокимлигида йиғилиш бўлди ва ҳамма фермерларга такрорий экин сифатида мош экиш топшириғи берилди. Бизнинг вилоят четга мош экспорт қилиш мажбуриятини олибди”, дейди у.
Шунингдек у, вилоят ҳокимининг қарорини ўзгартириш у ёқда турсин, унча мунча одам унинг олдига кира олмаслигини айтади.
“Энди нима бўлади, билмаймиз. Мен июнь ойидаёқ буғдой топшириш режасини бажарган эдим. Буғдойдан бўшаган ерларимга маккажўхори экиб қўйгандим. Бошқа фермерлар ҳам ерларига нимадир экиб қўйишган. Ҳаммасини бошқадан ҳайдатиб мош экиш қимматга тушади. Техникани ҳам, одамни ҳам пулга ишлатамиз”, дейди фермер.
Ҳокимнинг топшириғини назорат қилиш учун туманларга келган ҳокимлик мулозимлари ҳам муаммоларни кўра била туриб елка қисишмоқда.
Насима Даврон қизи
Eltuz.com