Асосий мавзулар
25 август 2016

Муқимий бугун Қўқонда яшаганда ким бўларди?

«Ҳуррият газетасида (24.08.2016) Фарғона вилоятида амалга оширилган «улкан бунёдкорлик ишлари, халқимизнинг ҳавас қилса арзигулик фаровонлиги»га бағишланган навбатдаги мақола эълон қилинди.

Муаллиф мақолани тасаввурига эрк берган ҳолда бошлайди. «… мўъжиза рўй бериб мавлоно Муқимий тирилиб қолса-да, ўзи туғилиб ўсган Қўқон шаҳрини, саёҳатномаларида таърифлаган қишлоқларни бугун бир айланса, қандай аҳволга тушар экан», деган савол билан бошлайди.

Муаллиф бечора мумтоз шоиримиз бир ғазалида «Шул эрур айбим, Муқимий, мардуми Фарғонамин», деб куюниб, ранжиб ёзгани»ни эслар экан, бугунги Қўқондаги «ободонлаштириш ишларини кўриб ёқа ушлаши»ни яшириб ўтирмайди.

«Ким билан гаплашманг, юзида табассум, ҳаётидан мамнунлик уфуриб турибди… Турмуши фаровон, эртасига ишончи комил одамларда шундай кайфият бўлади», дея хулоса қилади муаллиф ва «кенг, равон кўчалар, боғлар, хиёбонлар қад ростлаши… президентимиз раҳнамолигида бутун мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари самаралари» эканини таъкидлайди.

Бу ҳам етмагандек, муаллиф Муқимий «Фарғона вилоятининг бугунги жамолини, одамларга яратилаётган шароитларни, ижод аҳли нақадар улуғланаётганини кўрса, саёҳатномалари билан бирга ўша машҳур ғазалини ҳам албатта йиртиб ташлаган бўларди», дея фол очади.

Биз ҳам тасаввурга эрк бериб кўрайлик. Ҳақиқатан ҳам Муқимий домла бугунги кунларимизда яшаганда ким бўларди? Иқбол Мирзо, Сирожиддин Саййид сингари идодкорлар каби тузумга мадҳия тўқиб, бирор медаль ёки унвон олишни ўзига эп кўрган бўлардими?

Ёки феодалларча зулм ҳали ҳам сақланиб қолгани, газ йўқлигидан халқ қишда мевали дарахтларни кесиб уй эситишга мажбур бўлаётгани ҳақида Гулханий домла билан бошқа ҳеч ким эшитмаяптимикин, дея секин пичирлашиб ўтирармиди?

Балки халқ турмуши ҳақида ёзган ҳаққоний шеърларини нашр эттира олмай, ҳақиқатан ҳам уларни йиртиб отармиди?

Агар тузум маддоҳлари йўлидан юрмай, халқнинг асл аҳволи ҳақида баралла гапирса, айрим машҳур ижодкорлар каби балки бугун хорижда Ватан соғинчи ҳақида Фурқат домла билан суҳбат қуриб ўтирган бўлармиди?

Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 март 2021
Муаллиф: Линн Швейсфюрт, 2021 йил 9 февраль Кийим-кечак ишлаб чиқарувчилар, айниқса, Хитойнинг Шинжон пахта сектори АҚШ санкциялари остида қолганидан сўнг Ўзбекистонни ...
25 июл 2017
1 июлдан Фарғонада иш бошлаган Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ишидан одамлар норози бўла бошлади. МИБ инспекторлари уйма-уй юриб алимент, ...
30 ноябр 2022
Бугун 30 ноябр. Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг навбатдаги сонини тақдим этади.+++«Ўзгидромет»дан совуқ хабар. Ўзбекистонлик метеорологлар декабр ойининг бешинчи кунигача ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...