Асосий мавзулар
25 октябр 2016

Халқ шоири ҳаёт қозонини қайнатаётган гўлах кимлигини билади

Ислом Каримов ҳукмронлигининг гуллаб-яшнаган даврида халқ шоири даражасига эришган «омадли» шоирлардан бири Иқбол Мирзо шамол қаёққа эсаётганини кўпчилик ижодкорлардан яхши билишини кўп бора намойиш этган.

Ҳатто унинг президент вафотидан кейиноқ халқ эътиборига ҳавола этилган бир шеъри «янги президент ким бўлишига башорат ўлароқ» талқин қилинган эди.

Шоирнинг «Халқ сўзи» газетасида (22.10) чоп этилган «Жайҳун саболари» лавҳаси бир қарашда бўлажак давлат бошлиғи шаънига мадҳиябозликка ўхшамаслиги мумкин. Аммо уни диққат билан ўқиб чиқсангиз, Иқбол Мирзонинг мақсадини англагандек бўласиз.

Мақола бир қарашда Хоразм вилоятида халқ билан учрашувлардан олинган таассуротлар асосида ёзилгандек туюлади. Чунки унда ижодкорларнинг халқ орасига кириб бориши ҳақида гап боради.

«Аслида ҳақиқий қаламкаш ҳаёт қозонининг қайнаб турган жойида, жўшқин ҳаёт ичида, халқ орасида бўлиши керак… Бизга, шоир-ёзувчиларга, санъаткорларга халқ билан учрашиш, ҳамсуҳбат бўлиш, ўзини англаш имконияти яратиб берилмоқда», дейди шоир.

Ижодкорга кимдир халққа аралашиш имкониятини яратиб бераётган экан, у ўша «кимдир»дан нимадир қарздор бўлиб қолмайдими? Қолаверса, нега «ҳақиқий қаламкаш»ларга кимдир халқ билан дилдош, сирдош бўлишга имконият яратиб бериши керак?

Халқ шоири даражасига эришган мендек шоирнинг халққа яқин бўлишига нега кимлардир имконият яратиб бериши керак, деган масала негадир муаллифнинг хаёлига келмаган.

Бунинг ўрнига у Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган боғотлик «оддий далачи» Шарипбой оғанинг тилидан мақоладан кўзланган асосий мақсадни баён қилади.

«Яқинда Ўзбекистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Қўшкўпирда фаоллар билан ўтган учрашувда жуда долзарб, халқ фаровонлигини амалий таъминлайдиган режалар билан ўртоқлашди», дейди «далачи».

Кейин эса: «У кишининг ташаббуси билан «ишонч телефонлари» ишлаб тургани ҳамда кўтарилаётган муаммолар зудлик билан ҳал этилаётгани халқимиз кўнглини ишонч ва эҳтиром билан тўлдиряпти», дея қистириб ўтади Иқбол Мирзо суҳбатдоши тилидан.

Мақолада шундан бошқа пичоққа илинадиган ҳеч нарса йўқ. Қолган ҳамма гаплар бошқалар ҳам айтиши, ёзиши мумкин бўлган дил изҳорлари. Фақат шоирона ўхшатишу ташбеҳларни айтмаганда…

Халққа яқинлашишга имконият яратиб берилишини кутиб ўтирган бу шоиру ёзувчилар сўнгги вақтларда «анчагина фаоллашиб қолгани»ни муаллифнинг ўзи ҳам тан олади. Улар ичида энг фаоллашгани эса муаллифнинг ўзидек туюляпти.

Нодемократик мамлакатларда давлат тепасига келган янги раҳбар аксарият ҳолларда ўзининг маддоҳлари алоқадор ташкилотлар бошлиқларини янгилаши одати мавжуд. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида ҳам сайловдан сўнг шундай ўзгаришлар бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

Иқбол Мирзонинг сўнгги вақтларда ўзи айтгандек «фаоллашиб қолгани» ортида ёзувчилар серкаси қўнғироғига эришиш орзуси ётган бўлса не ажаб…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 апрел 2024
Хатлар келишда этмоқда, муаммолар ечимини тўлиқ таъминлаш учун Элтуз каналига обуна бўлиш, лайк босиш ва суперраҳмат тугмачасини босиб канални моддий ...
16 январ 2023
Рассом Туз @eltuz
25 январ 2016
Қамоқхона бошлиғи ўринбосари порахўр бўлиб чиқди “Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаси бошлиғининг умумий масалалар бўйича ...
23 декабр 2023
21 декабрь куни Ўзбекистон ва Россия муносабатларининг 32 йиллик тарихида илк бор рус элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...