Карлов ўлдирилган жойда ўзбек элчиси ҳам бўлган
Анқарадаги замонавий санъат галереясида рус фотосуратчиларининг «Россия турклар нигоҳида» кўргазмасининг очилиш маросимида ваъз ўқиëтган Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карлов отиб ўлдирилди.
Воқеа жойида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Улфат Қодиров ҳам бўлган. Қотил илк ўқни узган пайтда Қодиров биринчилардан бўлиб зални тарк қилган.
Кўргазма бўлаëтган залга «полицияданман» дея кирган замонавий костюм шимли киши аввалига осмонга ўқ узиб «даф бўлинг ҳаммангиз» дея бақирган. Кейин эса элчининг елкасига ўқ узган.
Қотил элчига қараб кетма-кет ўқ узаркан, «Ҳалабда ўлдирилган норасида гўдаклар учун қасос оламан. Оллоҳу Акбар» дея ҳайқирган.
Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карлов қотиллик содир этилган пайт Царь пушка ва учта замбарак ўқи акс этган расм фонида нутқ сўзлаётган эди.
Одамлар зални тарк этганидан кейин қотил элчига қараб яна ўқ узган.
Аснода қотил турк махсус кучлари тарафидан ўлдирилган.
Россия расмий манбалари рус элчиси Андрей Карловнинг ўлганини тасдиқлади.
Элтуз мухбирининг аниқлашича, рус элчисини ўлдирган 22 яшар йигитнинг исми Мерт Олтинтош бўлган. Баъзи манбаларга кўра, у ҳақиқатдан ҳам турк полицияси тезкор гурухи зобити бўлган.
Россиянинг Сурияда олиб бораëтган ҳарбий ҳаракатларига жавобан қуролли ҳужум уюштирилгани иддао қилинмоқда.
Eltuz.com