Швецияда ўлдирилган ўзбек жасадини ватанига қайтаришмоқчи
13 январ куни кечга яқин Стокгольмнинг жанубида 35 ёшлардаги чимкентлик Шуҳрат исмли ўзбек мухожири жанжал ортидан пичоқлаб ўлдирилди.
Воқеа Вестерханинг мавзейидидаги уйда содир бўлган.
Элтуз мухбири воқеа жойига бориб, қотиллик тафсилотларини мустақил ўрганишга ҳаракат қилди.
Воқеа қурбонини танийдиган, бироқ ўз исмини очиқлашни истамаган шахсга кўра, ўша уйни ижарага олган ўзбек йигити ва миллати кавказлик бошқа бир шахс ўртасида жанжал чиққан ва бу муштлашувга айланган.
Оқибатда, кавказлик экани иддао қилинган шахс, чимкентлик ўзбекка пичоқ санчган ва воқеа жойини тарк этган.
Жанжал нимадан чиққани ҳозирча номаълум.
Маҳаллий нашрларнинг Стокголм полициясидан иқтибос қилиб билдиришича, шу соатгача қотил ушланмаган.
Марҳумнинг қўшнилари, ўша куни мавзе полиция томонидан ўраб олингани, осмонда вертолетлар пайдо бўлганини гапиришади.
Қўшнилар шунингдек, квартирада яшаган ўзбеклар баъзан мусиқани баланд қўйиб, шовқин қилишларини айтмаса, мавзеда бу каби жиноят илгари бўлмаганини билдиришади.
Бироқ, мархумнинг танишлари, қочгани иддао қилинган мухтамал қотилнинг ҳужжатларини полицияга топширишганини айтишмоқда.
Маълум бўлишича, Швецияда марҳумнинг қариндошлари йўқ. Шунингдек, унинг иқомат ҳуқуқи ҳақида ҳам Элтуз батафсил маълумотга эга эмас.
БМТ маълумотларига кўра, Швеция қотиллик жинояти энг кам юз берадиган мамлакатларнинг биридир.
Айни пайтда, марҳумнинг дўстлари жасадни олиш ва уни ватанига жўнатиш ҳаракатини бошлашган.
Видео: https://youtu.be/7yndTvrWb6Q
Қудрат Бобожон
видеорепортажи
Eltuz.com