Ўқитувчилар энди баклашка йиғишмоқда
Фарғона вилоятининг барча туманларидаги аксарият мактабларнинг ўқитувчилари баклашка (салқин ичимликлардан бўшаган елим идиш) йиғишга мажбурланмоқда.
«Бизнинг мактабимизга бир кунда 450 та баклашка йиғиш топширилди», – дейди Элтуз мухбири билан суҳбатда Бувайда туманидаги мактаблардан бирининг директори.
Лекин айни шу иссиқ кунларда баклашка топиш қийин. Чунки баъзи кишилар бўш баклашкаларни йиғиб, уни ювиб-тозалаб газсув сотадиганларга пулламоқда. Баъзи мактаб ўқувчилари эса пул топиш мақсадида совуқ чойни шундай баклашкаларга қуйиб бозорларда, автостанцияларда сотмоқда.
«Йиғилган баклашкаларни тумандаги селхозхимия деган ташкилотга яъни қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунандалардан ҳимоя қилувчи қишлоқхўжалик кимё ташкилотига топшириб келаяпмиз», – деб сўзларини давом эттирди суҳбатдош.
Бу баклашкалардан ғўзага тушган қурт учун қопқон сифатида фойдаланилмоқда.
Баклашкани неча кун йиғиш, умумий норма нечта бўлиши ҳақида директор билмаслигини айтди. Чунки бу каби жамоат топшириқларининг аниқ вақти, белгиланган меъёри йўқлигига барча кўникиб қолган.
Ўтган йили, ўқитувчи ва шифокорлар кўсак қуртини қўлда териб олишга сафарбар қилинган эди.
Насима Даврон қизи
Eltuz.com