Document UZ
16 май 2018

Андижон шаҳрида йўллардаги панжаралар олиб ташланмоқда

Андижон шаҳрида йўл ўртасидаги темир тўсиқлар шу ҳафта бошидан бутунлай олиб ташланмоқда. Йўл патруль хизмати ходимларининг таъкидлашларича, бунга шаҳарда пиёдалар билан боғлиқ йўл-трансорт ҳодисаларининг кўпайиши сабаб бўлган.

Ҳаракат хавфсизлиги учун қўйилган тўсиқлар, аксинча, йўл ҳаракатига хатар келтирди. Фото: eltuz.com

«Бу тўсиқлар серқатнов кўчаларда транспортларнинг бир-бирини қувиб ўтиш чоғида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетмаслиги ҳамда пиёдалар хавфсизлигини кўзлаб ўрнатилганди. Аммо темир панжаралар йўловчи ва ҳайдовчилар учун ноқулайлик туғдирди. Тўсиқлар баланд ва қалин бўлгани сабабли ҳайдовчилар ўтиш жойидан йўлнинг бу қисмига ўтаётган пиёдани пайқамай қолмоқда», дейди йўл патруль хизмати ходими Б.Ш.

Ходим бунинг оқибатида айнан пиёдалар ўтиш жойларида авариялар сони кескин кўпайганини «Элтуз» мухбирига билдиради.
ЙПХ ходимининг «Элтуз»га берган маълумотига кўра, 12 май куни Бобур шоҳкўчасининг пиёдалар ўтиш жойида 4 та автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ҳодисага “Дамас” ҳайдовчисининг ўтиш жойидан чиқиб қолган пиёдани кўриб кескин тормоз босгани сабаб бўлган.

Тўсиқлар йиғиштириб олинмоқда. Фото: eltuz.com

Оралиқ масофани сақламаган автомобиллар бирин-кетин бир-бирига келиб урилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жиддий жароҳатланмаган. Бироқ катта миқдорда молиявий зарар кўрилган.

«Ўтган йили айнан мана шу ўтиш жойида бир ҳомиладор аёлни машина уриб, учириб юборганди. Умуман, бизнинг ҳудудда бундай авариялар тез-тез бўлиб туради. Ҳайдовчилар тўсиқлар орасидан чиқиб келган йўловчини кеч пайқашади. Кўпинча уйда ўтириб машинанинг қаттиқ тормоз босгани ва урилган зарбанинг овозини эшитамиз. Бу металл тўсиқлар не-не одамларнинг умрига зомин бўлди», дейди Бобур шоҳкўчасида яшовчи маҳаллий аҳоли вакилларидан бири «Элтуз» мухбири билан суҳбатда.

Йўл ўртасидаги темир тўсиқлар бундан икки йил аввал ўрнатилган эди. Уларни олиб ташлаш жорий йил бошида шаҳарнинг марказий кўчаси ҳисобланмиш Навоий шоҳкўчасидан бошланган.

Кейинроқ бу иш негадир тўхтаб қолганди. Шаҳар ҳокимлигида ишловчи манбанинг айтишича, тўсиқларнинг ноқулайлик туғдираётгани юзасидан ҳайдовчилардан кўплаб шикоятлар тушган.

Ҳозирда йўлнинг иккала томонидаги йўлкалар, маҳаллий расмийлар кўра, шаҳарсозлик меъёрларига мос дея ҳисобланган панжаралар билан тўсилмоқда ва йўл белгилари таъмирланмоқда.

Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, 1 июндан бошлаб йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда транспорт воситалари томонидан содир этилган қоидабузарликларни қайд этиш мақсадида Андижон шаҳридаги 7 та шоҳкўчада видеокузатув камералари ишга туширилади.

Шоҳида Саидова
Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 январ 2017
Шўролар даврида бир фантастик фильм бўларди. Ерликлар яхши ўзга сайёраликларга ёмон сайёрадошлари устидан ғалаба қозонишига ёрдам бериши ҳақида эди ...
15 декабр 2020
Ўзбекистоннинг барча вилоятларида МФЙ амалдорлари тарози кўтариб, одамлар вазнини ўлчаб юрибди. Ҳаддан ошиқ семизлар эса махсус дафтарга хатланмоқда. Келажакда ...
9 феврал 2021
Мени машғул қилган ғояга аввал ўзимни ишонтиришим керак эди. Майли, дўстлар ишонмасин, майли, ақраболар, яқинлар, ҳатто халқ ишонмасин, аммо ...
28 декабр 2020
Ўзбекистон ҳукумати ёлғон маълумотлар тарқатилишини жиноий жавобгарликка тортишга уринишни тўхтатиши ва журналистларнинг жазодан қўрқмасдан эркин ишлашини таъминлаши керак.  Бу ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...