Асосий мавзулар
30 ноябр 2018

КГБ-МХХ vs Рембо. Кураш давом этади. 3-қисм

1992 йилнинг декабрь ойида Қаҳрамон Хўжақулов яна ўз манбаларидан жиддий маълумот олади. Бу сафар МХХ ходимлари Афғонистондан Ўзбекистонга контейнерда беш тоннадан ортиқ энг кучли ва қимматбаҳо наркотик ҳисобланган “Romeo” наркотигини жўнатишга ҳозирлик кўраётгани айтилган эди. Хўжақуловнинг манбалари контейнернинг якуний манзили Голландия мамлакати эканлиги ҳақида хабар беришади.

Голландларга аталган беш тонна наркотик

Хўжақулов наркотик юкланган контейнернинг номеригача олдиндан хабардор қилинади. Милиция майори Ўзбекистон МХХ ходимлари бу контейнерни номига текшириб, Голландияга эсон-омон ўтказиб юбориши ҳақида ҳам олдиндан огоҳлантирилган.

Қаҳрамон Хўжақулов кутган контейнер Термизга 1993 йил бошида кириб келади. Кутилганидек, МХХ ва божхона ходимлари контейнерни номига текширишади. Улар “Контейнерда ғайриқонуний ҳеч нарса топилмади”, деган тамға билан юкни ўтказиб юборишади.

Голландларга аталган наркотикларни Қаҳрамон Хўжақулов ва у тузган 10 кишилик қуролланган тезкор гуруҳ Термиздан 50 километр ичкарида қўлга олишади. Контейнер товар вагонларидан иборат составдан ажратиб олинади ва Термиз темир йўл станциясининг ҳарбий майдонига олиб келинади. Бу ерда Қаҳрамон Хўжақуловнинг гуруҳи махсус тайёрланган итлар ёрдамида контейнерни обдон текшира бошлайди.

Сурхондарё МХХсининг раҳбари тез орада вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Алишер Шариповга чиқади. Телефон орқали Шариповга таҳдид қилади. Шарипов, ўз навбатида, рация орқали Қаҳрамон Хўжақуловга чиқади ва вазиятни тушунтиради.

Қаҳрамон Хўжақулов МХХчиларнинг ваъдасига ишонади. Шунинг учун у келишилган манзилга, яъни Термиз шаҳри дарё портига йўл олади.

МХХчилар эса контейнерни ваъдалашганларидек дарё портига эмас, Афғонистон ва Ўзбекистон чегаралари ўртасидаги нейтрал ҳудудга (нейтрал ҳудуд туширилган видеотасвирлар) қайтариб олиб боришади. Бу қонунга зид иш эди. Лекин шундай бўлса ҳам МХХ вакиллари айнан ноқонуний йўлни танлашади.

Чунки контейнерни Афғонистондан Ўзбекистонга энди кириб келган юк қилиб расмийлаштириш керак эди. МХХга “Контейнер Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши биланоқ қўлга олинди”, деган гап керак эди.

Вагонлар текшириладиган нейтрал ҳудудда ўзбек “чекист”лари Қаҳрамон Хўжақулов билан тузган яна бир аҳдини бузишади. Улар милиция майори ўрнатган қулфларни кувалдалар билан уриб бузишади ва контейнерни очишади. Мана ўша тасвирлар! (МХХчилар тунда контейнернинг қулфларини бузиб, эшигини очаётгани видеолавҳаси).

Кейинчалик “чекист”лар контейнернинг полини очишга тушишади (контейнернинг полини бузишаётган лавҳалар). У ердан жуда катта партияда наркотик моддалар чиқади.

Мана бу тасвирлар ўша пайтда Сурхондарё вилояти МХХ бошқармаси томонидан ўзбошимчалик билан ўтказилган тадбирда пайти олинган. Мана ўша контейнер рақами (пол тагидан наркотиклар топилиши акс этган, контейнер рақами кўрсатилган видеолавҳа, бошқа видеолавҳалар).

МХХчилар ашадий наркофуруш, қасамхўр ва ёлғончилиги уч-тўрт кундан сўнг янада яққол намоён бўлади. Демак…

МХХ ёлғонлари

Уч-тўрт кундан сўнг МХХчилар наркотик ушлаш операцияси ҳақида халққа хабар беришади. Чунки наркофуруш “контора”нинг обрўсини ошириш учун энг қулай фурсат келган эди.

МХХчилар Сурхондарё вилояти телевидениеси мухбирини чақиришиб, катта партияда наркотикни қўлга олишганини айтишади. Телекамералар қаршисига вилоят божхона бошқармаси бошлиғи подполковник Холдор Шеровни чиқаришади. МХХ тақдим этган расмий хабарни айнан у очиқлайди.

Телемухбирга Холдор Шеров беш тоннадан ортиқ эмас, атиги бир тоннадан ортиқ наркотик моддалар ушлангани ҳақида хабар беради. Божхоначи ўз интервьюсида бу операцияни МХХ ва божхона ходимлари биргалашиб ўтказишганини айтади. Холдор Шеров МХХчи ва божхоначиларни қаҳрамон қилиб кўрсатади.

Контейнерни қўлга туширган Қаҳрамон Хўжақулов ва милиция ҳақида бир оғиз сўз ҳам айтилмайди. Яъни асл қаҳрамон четда қолдирилади.

Мана ўша интервью! (Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи подполковник Холдор Шеровнинг интервьюси)

Эшитганингиздек, Холдор Шеров контейнердан атиги бир тоннадан ортиқ наркотик чиққанини иддао қилган.

Қолган тўрт тонна “Ромео” нега расмийлаштирилмади?

“Eltuz” суриштирув гуруҳи қўлга киритган маълумотларга кўра, қолган партия наркотиклар бошқа контейнерга солиниб, якуний манзил – Голландияга барибир жўнатилган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, “Eltuz”га маълум бўлишича, расман фош қилинган бир тоннадан ортиқ наркотикни ҳам МХХчилар ёқиб юборишга кўзлари қийишмаган. Хужжатларда “ёқиб юбориш”ган, холос!

Шу билан бирга, “голландларга аталган контейнер” воқеасидан сўнг МХХчилар “контора”нинг наркобизнесига раҳна солаётган милиция майори Қаҳрамон Хўжақуловга қарши ҳақиқий уруш эълон қилишади. Сурхондарёлик «чекистлар» ўша 1993 йилиёқ унга қарши турли бўҳтонларни уюштира бошлашади.

Давлат наркомафияси таъқиблари

МХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси ва ҳаттоки республика аппарати 1993 йил давомида Қаҳрамон Хўжақуловнинг устидан шикоят қилавериб, ички ишлар вазири Зокир Алматов ва бош прокурор Бўритош Мустафоевнинг меъдасига тегишади.

Зокир Алматов ўз ходимини МХХга ем қилдириб қўймаган бўлса, Бўритош Мустафоев сурхондарёлик “Рембо”нинг ҳаракатларида бирон бир ноқонуний жиҳатни топмайди.

Бу эса МХХ раҳбариятини баттар асабийлаштиради. 1994 йилга келиб МХХ раҳбарияти Қаҳрамон Хўжақуловни қамоққа тиқишга астойдил киришади. Бу пайтда МХХ раиси Ғулом Алиев (GulomAliyev.jpg) бўлиб, унинг ўринбосари Рустам Иноятов эди.

Шу йили Қаҳрамон Хўжақулов ўз манбаларидан ваҳимали маълумот олади. Унда Сурхондарё вилояти МХХсида Хўжақуловга қарши махсус гуруҳ тузилиб, бу гуруҳ милиция майорига қарши туҳмат кўрсатмаларни йиға бошлагани ҳақида хабар қилинган эди. Маълумотда айтилишича, гуруҳга вилоят МХХ бошқармаси уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи Николай Карика раҳбар этиб тайинланган.

Қонун олдида тозалигига ишонган Қаҳрамон Хўжақулов бу гапларга унчалик ишонмайди ва ўз ишини давом эттиради. Ўзига келган янги маълумотлар асосида яна наркобаронларнинг кетига тушади.

Жумладан, у Ўзбекистонга 1994 йил 6-9 май кунлари кириб келиши кутилаётган тахминан 60 килограм наркотикни қўлга туширишни режалаштириб қўяди. Лекин бу сафар Қаҳрамон Хўжақулов ўйлаган операциясини амалга ошира олмай қолади.

1-қисм тугади. Давоми бор

Видео: https://youtu.be/kK3TZL9sJ_8

Eltuz.com
суриштирув гуруҳи

Тағин ўқинг
15 октябр 2020
42 ёшли Баҳром вирус юқтириб олганини аҳволи ёмонлашгандан сўнг таҳлил топширгач билди. Унда нафас етишмовчилиги бўлгани учун зудлик билан ...
27 сентябр 2017
Фарғона вилоятида ҳуқуматнинг ўқитувчи ва шифокорларни пахтадан қайтариш буйруғига қарамай, улар ҳамон далада қолиб пахта теришмоқда. Маълум бўлишича, шифокорлар ...
23 август 2017
Муҳаммад Солиҳ шоир ва сиёсатчи. 1949 йил 20 декабрда Хоразмнинг Урганч туманида дунёга келган. Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультети ...
16 ноябр 2020
Ўзбекистон мактабларида дарсдан олдин мадҳия куйланиб, танаффусда махсус радиокарнайлардан ватан мавзусидаги шеър ва қўшиқлар эшиттирила бошланди. Жорий қилинган бу ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...