Асосий мавзулар
4 феврал 2019

Бош вазирдан улги олган ҳоким

Тадбиркорликни ҳимоя қилиш шиорини кўтариб олган амалдорлар аслида ишбилармонларнинг саъй-ҳаракатларига энг катта тўсиқ бўлиб қолаётир.

Хоразмда ўзи хон, кўланкаси майдон ҳокимдан жабр чеккан навбатдаги бизнесмен туризмни ривожлантириш борасидаги баландпарвоз сиёсатга ишонган тадбиркор бўлди.

“Хоразм беклари” МЧЖ томонидан Урганч шаҳрида барча расмиятчиликлари адо этилган, яъни тегишли ҳужжатлар асосида қурилаётган меҳмонхона шаҳарнинг янги ҳокими буйруғи билан бузиб ташланди.

Kun.uz сайтининг ёзишича, тадбиркор бу лойиҳа учун банкдан 6,5 миллиард сўм кредит олган. Иморат бузилгунга қадар кредит маблағларидан 4 миллиард сўмга яқинини, ўз маблағидан 1 миллиард сўмдан ортиғини сарфлаган.

Шунча меҳнат, маблағ, қанчадан қанча асаблар сарфланган иш ҳокимнинг бир оғиз топшириғи билан йўққа чиқди.

Шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаев “лойиҳа вилоят ҳокими тасдиғидан ўтмагани, эски ҳоким ерни бериб юборгани”ни баҳона қилиб, бузғунчиликка бош бўлди.

Энг афсусланарлиси, судсиз, сўровсиз, тегишли ҳужжатларсиз, бор-йўғи бир амалдорларнинг оғзаки буйруғи билан қилинаётган бундай ишлар Ўзбекистон учун бегона эмас.

Ўтган йил ноябрда Тошкентда “Unique arh project” ширкати томонидан қурилган турар жой биноси бош вазирнинг худди шундай оғзаки топшириғи билан бузиб ташланган эди.

Шу кунларда Янгибозор турбазасини Миллий гвардия манфаати йўлида тортиб олиш ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳолбуки, бу тузилма учун янги, замонавий объектни шу атрофдан қуриш учун барча шароитлар бор.

Урганчнинг ҳокими ҳам бузғунчилик борасида кимдан улги олганини кўряпсизми? Ҳаммаси тепадагилардан намуна олиб қилиняпти.

Энг ёмони, шов-шув кўтарилиб, ноқонуний иш қилгани ойдинлашган ҳокимлар тадбиркорларга етказилган зарарни давлат ҳисобидан қоплаш (агар қопланса) ваъдасини беришмоқда.

Урганчдаги битай деб қолган меҳмонхонани бузган ҳоким ҳам “тадбиркорнинг ери, банкдан олган кредити ва зарарини қоплаш масалалари кўриб чиқилади”, деганда тадбиркорнинг зарарини давлат ҳисобидан, яъни сизу бизнинг чўнтагимиздан тўлашга ишора қилаётгани кўриниб турибди.

Шу ўринда савол туғилади? Битта амалдорнинг гап-сўзи билан ноқонуний бузилаётган бундай бинолар товонини нега ўша мансабдор эмас, балки давлат тўлаши керак?

Ахир қонун бузилдими, унга жавоб бериш ҳам ўша қонунбузар зиммасида бўлиши керак эмасми?

Нега уларнинг аҳмоқликлари учун давлат бюджети зарар кўриши керак?

Шунинг учун тадбиркорлик ҳимояси ҳақида баландпарвоз ваъдалар қилаётган ҳукуматга битта таклиф.

Қонуний қурилишни ноқонуний равишда бузаётганларнинг бир-иккитаси етказилган зарарни ўз ҳисобидан қоплашига эришиш зарур. Яъни ноқонуний хатти-ҳаракат учун қонунан жазо қўллансин.

Ўшанда ҳукуматнинг сиёсатига ишонч ортиши билан бирга, ўзини қонундан устун кўрадиган амалдорларнинг эси кирармиди!

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 июл 2016
Украина ва Россия ижтимоий тармоқларида мақсади аёллар ва қизларга нисбатан қилинган шилқимлик ва жинсий зўравонликка жамоатчилик эътиборини тортишга қаратилган ...
6 сентябр 2023
2023 йил 3 август куни “Indorama Agro” компаниясида инсон ҳуқуқлари бузилиши ва ерларнинг ноқонуний тортиб олинаётгани юзасидан Ўзбекистон инсон ...
25 май 2020
Гулнора Каримованинг қизи ва ўғли ўзбек тадбиркорларини «амнезия» (унутиш касаллиги)га чалинганликда айблашди. Сўнгги икки ҳафтада турли йилларда Гулнора Каримова ...
8 июн 2022
Хоразмнинг Урганч шаҳридаги рус тилига иҳтисослаштирилган мактабда шу мактаб директорининг рус тилидаги оҳанги тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. “Элтуз” мухбирининг ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...