Document UZ
14 феврал 2019

Мажбурий меҳнатга оид янги ҳисобот

Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми Ўзбекистондаги давлат хизматчиларининг мажбурий меҳнати ҳақидаги навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.

“Биз, бюджет ходимлари қилмаган иш қолмади” номли ушбу ҳисобот кўп йиллардан буён курашиб келинаётган пахта секторидаги мажбурий меҳнатдан фарқли ўлароқ, давлат хизматчиларининг бошқа “турли соҳалардаги кенг кўламли, тизимли ва мунтазам мажбурий меҳнати”га бағишланган.

Хусусан, ҳисоботда “ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, ташкилотлар хизматчилари мунтазам равишда кўчаларни супуришга, гул экишга, қурилиш ишларига, ариқларни тозалашга ва давлат объектлари ҳудудларида озодаликни сақлашга жўнатилиши” ҳақида сўз боради.

“Мазкур ишлар қўшимча ҳақ тўланмаган ҳолда бир неча соатга ёки ҳафтада бир неча кунга чўзилиши мумкин ва бу уларнинг доимий иши – коммунал ва давлат хизматлари кўрсатишга салбий таъсир этади. Улар бу ишларни кўнгилли равишда эмас, балки ишини йўқотиш, маоши камайиши ёки интизомий чоралар кўрилиши таҳдиди остида бажаради”, дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботга Ўзбекистон-Германия форуми (UGF) мониторингчиларининг кичик гуруҳи томонидан 2018 йил баҳорининг икки ойи давомида мамлакатнинг тўққизта вилоятида мажбурий меҳнатга жалб қилинган давлат хизматчилари ва бошқа шахслар билан ўтказилган интервьюлар асос қилиб олинган.

Респондентлар интервьюлар давомида маҳаллий амалдорларнинг буйруқлари бўйича ҳудудларни тозалаш ва ободонлаштириш, кўчаларни супуриш, донли экинларни йиғиштириб олиш, металлолом ва макулатура топшириш каби турли ишларни мажбурий бажариш тизимини тавсифлаб берган.

Бундан ташқари, “улар жамоат тадбирлари учун пул тўлаш ёки турли билетлар сотиб олишга ҳам мажбурланиши” маълум қилинган.

“Амалдорлар бюджет ходимларидан металлолом ва макулатура йиғишни (унда иштирок этмаса эса пул тўлашни) талаб қилади, мажбурий обуна учун маошидан ушлаб қолади, ўзлари ишлаётган муассасалар таъмири учун ва уларнинг доимий вазифасига боғлиқ бўлмаган турли тўловлар ундиради”, дейилади ҳужжатда.

Ҳисоботда келтирилган маълумотларга кўра, ҳукумат амалдорлари ҳатто “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби йирик давлат дастурлари ижросини таъминлашда ҳам бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланмоқда.

Улар турли ишларни бажаришдан ташқари “хусусий уйларни таъмирлаш, бўяш ва томорқа ишларини бажариш, жумладан, зарур материалларни харид қилишга ҳам тўла масъулдирлар”.

Гарчи мамлакатда ўн йил давом этган халқаро босимдан сўнг пахта секторида болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйилгани айтилса-да, ҳисоботда келтирилган маълумотлардан айрим ишларда, масалан, пилла теримида ҳали ҳам бундай ҳолат такрорланаётгани ойдинлашади.

“Ўқувчиларни жазолаш билан қўрқитишиб, дарсдан пилла теримига олиб кетишганини болалар ва фермерлар баён қилишгани айтилади ҳужжатда.

Таъкидлаш керакки, респондентларнинг аксарияти ўзларини ҳимоя қилиши керак бўлган касаба уюшмаларини “давлат ва/ёки иш берувчига қарам бўлган ва заиф, самарасиз” ташкилот сифатида тилга олган.

Қолаверса, касаба уюшмалари “ҳатто мажбурий меҳнатни ташкил этишга кўмаклашиши ва бу ишларга раҳбарлик қилиши” билдирилади.

Ҳисоботда ҳукумат мажбурий меҳнат йўқ бўлишига тўсқинлик қилаётган тизимли сабабларга дарҳол барҳам бериши лозимлиги таъкидланади.

“Бу омиллар сирасига мустақил, ишончли касаба уюшмаларининг ҳамда шикоят қилиш ва жавобгарликка тортишнинг самарали механизмлари йўқлиги, назоратсиз коррупция, маҳаллий ҳокимият органларининг ҳисобдор эмаслиги, марказдан бериладиган мажбурий режалар ва мамлакатда деҳқончиликнинг ўз моҳиятига кўра жазоловчи ва таловчи тизими мавжудлиги киради”, дейилади ҳужжатда.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон-Германия форуми 2018 йилда биринчи марта ҳукумат тиббиёт ва таълим соҳаси ходимларини оммавий равишда пахта далаларига сафарбар қилмаганини аниқлагани” эътироф этилади.

Ҳужжатда ўзбекларнинг қадимий одати – ҳашар гарчи “оммавий кўнгиллиликни ёки ҳукумат буйруғи билан ишлашни англатмаса-да”, амалдорлар кўпинча, жумладан, пахта терими ва кўчаларни тозалашдаги мажбурий меҳнатни яшириш мақсадида бу тушунчадан ноқонуний фойдаланиб келаётгани қайд этилган.

Ушбу тадқиқот хулосасига кўра, UGF кузатувчилари пахтачиликдан ташқари соҳаларда ҳали ҳам давлат сектори хизматчилари мажбурий меҳнатидан кенг фойдаланилаётганини аниқлаган.

“Ишлаётганлар устидан назоратни амалга оширишга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан, патруллар, милиция ва прокурорлар жалб этилиши меҳнат шаклини, бош тортувчиларнинг жазоланиши ёки жаримага тортилишини ҳамда бу ишларнинг мажбурий ва ҳукумат томонидан назорат қилинишини англатади”, дейилади ҳисоботда.

eltuz.com

Тағин ўқинг
13 июн 2024
Элтуз Порталига келган навбатдаги бешта мактуб Ўзбекистоннинг Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона, Навоий ва Наманган вилоятларидан. Дастлабки мактуб Сурхондарё вилоятининг Денов ...
7 октябр 2023
Август ойида Қашқадарё  вилояти  Косон  туманидан  ўтган  катта  каналнинг Гувалай  қисми тупроқ билан  ёпиб  қуйилган. Бунинг оқибатида 20 мингга ...
29 март 2019
Бизни емиргувчи иллатлар ҳақида гапирсам. Бу калимани юз йил олдин Маҳмудхўжа Беҳбудий айтган эди. Мавзуга киришдан олдин аввалги сафар ...
1 январ 2021
Мана, ўлмаган қул сиз билан 2021 йилнинг илк кунида дийдорлашиб ўтирибман. 364 кунлик китоб турибди олдимда. Бир-бир варақлайман. Кўчада ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...