Асосий мавзулар
6 май 2019

Ғайримиллий ташаббусга расмий муносабат қачон эълон қилинади?

Россиянинг сиёсий малайлари иштирокида ташкил этилган ташаббусга Ўзбекистондаги сиёсий ҳукумат бирор сиёсий баҳо бераётгани йўқ.

“Озодлик”нинг ёзишича, рус тилига расмий тил мақомини бериш ташаббуси “Россотрудничество” федерал агентлиги молиявий кўмаги асосида фаолият юритадиган Тошкентдаги рус маданият марказининг 25 йиллигига бағишланган тантанада муҳокама қилинган.

Демак, тахмин қилиш мумкинки, Россия ҳукумати ўзбекистонлик “рус тили жонкуярлари” орқали президент Шавкат Мирзиёевнинг қўлига лакмус қоғози тутқазишган. Аслида бу унинг учун бир синов вазифасини ўташи керак назаримизда.

Чунки президент очиқчасига бу ташаббусни рад этса, Россияга қарши боришдек таассурот уйғотиши мумкин. Уни қўллаб-қувватлаш эса ўз халқига маъқул келмайди ва унинг обрўсига жиддий зиён етказади.

Балки шунинг учундир президент мазкур ташаббус борасида ўз фикрини билдириши учун бир қанча имконият бўлса-да, ҳеч қандай баёнот бермаётир. Жумладан, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Тошкентдаги учрашув ва Сурхондарёга сафар ана шундай имкониятлар эди.

Бунинг устига, Ўзбекистон президентининг матбуот котиби ҳам йўқ унинг фикрларини оммага етказадиган. Энди президентнинг матбуот котиби йўқлиги алоҳида масала.

Лекин сиёсий масалаларда ҳушёрлик кўрсатаётган Шавкат Мирзиёев лакмус қоғозини игнор қилишни маъқул кўраётганга ўхшаяпти.

Ўрисларнинг “Юпитерга рухсат этилган нарсага буқа учун ижозат йўқ”, деб қўполроқ таржима қилса бўладиган мақоли бор.

Шавкат Мирзиёев ўриспарастларнинг жамиятимизда бўрон кўтарган ташаббусига сукут билан жавоб қайтараётган бир пайтда Владимир Путин ўзининг украиналикларга соддалаштирилган фуқаролик бериш қарори юзасидан тинимсиз баёнотлар беришдан чарчамади. Имкон топилган ерда шу ҳақда гапирди.

Хуллас, англашилдики, рус тилига расмий мақом бериш ташаббуси сиёсий масаладир. Шундай экан, Ташқи ишлар вазирлигимиз баёнот билан чиқиши керак эди.

Гарчи “Ўзбекистон24” телеканалига интервью бераётганда ўзбекча гапириб, қолган барча учрашувларда ўрисча нутқ ирод қиладиган ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловдан ўзбек тилини ҳимоя қилиб баёнот беришини кутиш мантиқсиз.

Бу ёқда ўтган ҳафтада мамлакат Сенати қоп-қоп қонунлар қабул қилиш учун йиғилди. Лекин зиёнкор “зиёли”ларимизнинг томдан тараша бўлиб тушган ташаббусига Сенат бирорта махсус баёнот бағишлашни лозим топмади.

Кўз тегмасин, гарчи ҳукумат оғзига мум тишлаб ўтирган бўлса-да, айрим вазирлар ўзларининг бу борадаги шахсий фикрларини баён этишмоқда. Йўқдан кўра бу ҳам ижобий ҳолатдир.

Энг асосийси, ўзбек жамиятининг мутлақ катта қисми ўриспараст ватандошларимизнинг шармандали ташаббусига қарши оёққа турди.

Лекин агар ҳукуматнинг расмий муносабати бўлмас экан, ҳали бу қаршилик етарлича сиёсий қудратга эриша олмайди.

Қолаверса, жамиятимиз анчайин оғмачи. Агар, худо кўрсатмасин, юқоридан ишора бўлса, бу қудрат ўриспарастларнинг фойдасига ўзгариши ҳам ҳеч гап эмас.

Шунинг учун бугун ўзбек жамияти ғайримиллий ташаббус юзасидан энг юқори доираларнинг муносабати қандайлигини билишга ҳақли.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 октябр 2022
Илгари “Камолот” ЁИҲ деган ташкилот бўларди. Унда ёшлар, уларга пул ёки ҳеч қандай имтиёз бўлмаса ҳам, ватанпарварликни намойиш қилиб, ...
28 июл 2016
Самарқандда марказий йўл чеккасида яшовчи аҳолига, томларини янги, махсус рангдаги шифер билан қоплаш ва уйи олдига бир ярим метрлик ...
24 октябр 2023
Ўзбекистон телерадиокомпанияси ТВ катта муҳаррири Муҳиддин Сулаймонов Гитлер фашизми тарафдори эканлигини ëзиб чиқди. У ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Гитлер ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...