Турар жойга эгалик ҳуқуқи бузилишига қарши петиция
Лондонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов 14 май куни Ўзбекистонда мулкка эгалик ҳуқуқлари бузилаётган, айниқса, уйларидан оммавий кўчирилаётганлар муаммоси юзасидан петиция-мурожаатини эълон қилди.
Кейинги икки йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бирмунча яхшилангани, бироқ турар жойга эгалик ҳуқуқлари нуқтаи назаридан аҳвол Каримов давридагидан-да ёмонлашгани билдирилади, жумладан, мурожаатда.
Айрим ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат бўйлаб уйларнинг ноқонуний бузилишидан ўн мингтача одам жабр кўрган. Аксарият шароити яхши бўлган уйлар ўрнида кўп қаватли уй қуриб сотиш мақсадида бузилмоқда. Бузилган уйларнинг эгалари эса муносиб товон пули олишмаяпти.
Алишер Илҳомовнинг фикрича, бу қабилда мулкка эгалик ҳуқуқларининг бузилиши, дарахтларнинг кесилиб, атроф-муҳитга зарар етказилиши ҳукуматдаги коррупция, пул ювиш схемаси ва манфаатлар зиддияти билан боғлиқдир.
Ўзбекистон ҳукумати Германиядан янги инвестициялар кутаётгани эҳтимолидан келиб чиқиб, бунинг эвазига жаноб Мирзиёевга мамлакатда турар жой, экологик муаммолар ва мулкка эгалик ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш шартлари эслатилиши кераклиги билдирилади.
Петицияга тегишли имзо йиғилгач, Германия федерал президенти Франк Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифи чоғи топширилиши кўзланган.
Электрон петицияни ушбу линк орқали имзолаш мумкин.