Асосий мавзулар
2 октябр 2019

Акмал Саидовнинг маркази ўз вазифасини бажаришдан бош тортди

Фарғона вилояти ҳокимининг инсон ҳуқуқларини бузишга қаратилган хатти-ҳаракатлари ортидан Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази бунинг натижасида жабр кўрганларни ҳимоя қила олмаслигини билдирди. 

Марказнинг матбуот хизмати Фарғона ҳокимининг яктак-иштон кийган беморни ҳайдагани ва бир тадбирдан рўмол ва рангли кўйлаги ёқмаган журналист аёлни чиқариб юборгани  юзасидан билдирган муносабатида бу ҳолатни ҳал қилиш учун бевосита бирор ваколатга эга эмаслигини маълум қилди. 

Марҳум диктатор Ислом Каримовнинг ишонган амалдорларидан бири, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг кўп йиллик раҳбари Акмал Саидов анча йиллар олдин инсон ҳуқуқлари бўйича ўтган халқаро анжуманда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши танқид қилинганига жавобан мавжуд режимни столни урганча жазавага тушиб ҳимоя қилгани билан машҳур. 

Қолаверса, Акмал Саидов учун рўмол масаласи унғайсиз эканини ҳисобга олсак, айни мавзуда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ нега бу мазмунда баёнот бергани ойдинлашади. 

“Фарғона воқеаси” бўйича унинг маркази берган баёнотда “ҳокимнинг фуқароларга нисбатан қилган иши хусусий масала” сифатида баҳоланган ва бунинг учун барча мажбурият суд зиммасига юкланган. 

Марказ баёнотида айтилишича, у “бевосита бу ҳодиса юзасидан ҳеч қандай ўрганиб чиқиш ваколатига эга эмас. Чунки жабрланувчилар марказга мурожаат этмаган”. 

Марказ бу ўринда ўзининг айби сифатида “ҳуқуқий тарғибот даражасини ошириши керак”лигини таъкидлаган.

Номида “инсон ҳуқуқлари” сўзлари мавжуд миллий марказ бу иш билан шуғулланишдан бутунлай бош тортган.

“Марказ ижтимоий тармоқда чиққан хабарларда айтилганидек, Фарғона вилояти ҳокимининг бу иши билан шуғулланмайди”, дейилади марказ баёнотида. 

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази ўзининг мамлакат конституциясида белгилаб берилган ҳуқуқлари бузилган фуқароларни ҳимоя қилишдан очиқдан-очиқ бош тортиши дунё тажрибасида камдан-кам кузатиладиган, балки кузатилмайдиган ҳолатлардан биридир. 

Шуни ҳисобга олганда, Ўзбекистонга бундай орган керакмикин, деган савол туғилиши табиийдир. 

Баёнотда “марказ инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланади”, дейилади.

Бу ишни Омбудсманга юклаб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан бош тортаётган марказни тугатиб юбориш Ўзбекистондаги бугунги сиёсат ва давлат бюджети учун фойдали бўлмасмикин? 

Қолаверса, мазкур баёнотдан кейин бу марказнинг мавжуд ҳокимиятнинг сиёсатини ҳимоя қилишдан ташқари фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётганига ишонасизми?

Агар ишонсангиз, баёнотни яна бир бор яхшилаб ўқинг ва мағзини чақинг!

Марказнинг низомида нима ёзилган, қандай вазифалари бор каби саволлар эса бу ўринда ортиқчадир. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 феврал 2018
Молиявий пирамида яратган чинозлик тадбиркор, 40 ёшли Аҳмад Турсунбоев 13 йилга ҳукм этилди. Амнистия қўлланиб, жазо тўртдан бирга қисқартирилди. ...
5 май 2016
Ўзбекистон фуқароси 36 яшар Муборакхон Усмонова ўз жазмани 55 яшар Азиз Чалишқон (Aziz Çalışkan) тарафидан 27 апрел оқшомида бўғиб ...
30 январ 2017
Андижон вилоят ҳокимлиги қарорига кўра, 1 февралдан бошлаб шаҳарда “Дамас” русумидаги автомашиналар йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланмайди. Вилоят ҳокими ...
9 июн 2017
Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси талаби билан пойтахтдаги Рассомлар уйида бузиш ишлари вақтинчалик тўхтаган бўлсада, бунинг душанба кунидан давом ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...