• Фото: Мадина Нурманова
Асосий мавзулар
18 ноябр 2019

Сайлов-2019: Ўзбекистон олдидаги чақириқлар

Қадимги ва замонавий демократик тузумларда ижтимоий аҳамиятга молик масалалар кўпинча овоз беришга мурожаат билан тугайди. Фуқаролар ўзлари хоҳлаган ўзгаришни тақдим этa оладиган номзодларни танлаш учун овоз бериш ҳуқуқларидан фойдаланишади. 22 декабрда Ўзбекистонда қонун чиқарувчи орган – Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайлов бўлиб ўтади. Ҳам мамлакат ичида, ҳам ташқарисида кўпчилик бўлғуси сайлов мамлакатдаги сиёсий жараёнларни ўзгартирадими ёки йўқми, деб қизиқишмоқда.

Нима бўлганда ҳам, бу Ислом Каримов давридан қолган Олий Мажлисни қабул қилиб олган Шавкат Мирзиёев учун янги парламент бўлади.

Одамлар учун эса қайси сиёсий партия ютиб чиқиши эмас, балки, биринчи галда, парламент улар учун ва уларнинг кунлик турмушида қандай ижобий ўзгаришлар қила олиши муҳимдир. Парламентга сайланадиган 150 нафар янги депутатнинг бирламчи вазифаси ҳам айнан юқоридаги оддий саволга жавоб топишдан иборат. Янги депутатлар учун ижобий янгилик шундаки, улар мазкур саволга жавоб топиш учун узоққа бормай, ўзлари вакил бўлган халққа ва Ўзбекистон Конституциясига мурожаат қилишлари кифоя.

ҲОКИМИЯТНИНГ БЎЛИНИШИ

Француз сиёсий файласуфи Барон де Монтексье 1748 йилда ҳокимиятнинг бўлиниши ҳақида ўзининг ”Қонунларнинг руҳи” асарида ёзиб ўтган. Унда Монтексье “уч томонлама тизим”ни тўғридан-тўғри эркинлик билан боғлаган эди. Уч томонлама тизим – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти — ўз фуқаролари учун эркинликни устун қўядиган давлат учун муҳимдир.

Қонунлар қонун чиқарувчи орган томонидан ёзилмаса, эркинлик кўпинча йўқотилади.

Умуман олганда, ҳокимиятнинг бўлиниш тамойили қонун чиқарувчи орган сиёсий қарорлар ишлаб чиқиши ва қонунлар ёзишини, ижро органи уларни ижро этишини ва суд қонунларни талқин қилишини англатади. Бу тушунча Монтексье билан чекланиб қолмаган, у замонавий демократияга асос қилиб олинган ғоялардан бири саналади ва Ўзбекистон Конституцияси ҳам бундан мустасно эмас. Конституцияга кўра, Олий Мажлис қонун чиқарувчи, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи, суд тизими эса мустақил орган ва Президент 89-моддага мувофиқ ҳукумат бўлинмалари орасида мувофиқлаштирувчи саналади.

Сўнгги ўн йиллар давомида Олий Мажлис амалда ижро ҳокимияти соясида хизмат қилди ва халқ камдан-кам ҳолатларда уларни бевосита ўз вакиллари сифатида қабул қилди. Парламент аъзоларининг вазифаси бўлмиш қонунлар ёзиш, асосан, ижро ҳокимияти ва давлат идоралари тақдим етган қонун лойиҳаларини тасдиқлашга айланиб қолди. Ижро ҳокимияти устидан парламент назорати узоқ вақтдан бери мавжуд бўлмай келди, бир-бир кўзга кўринар ва президентнинг парламентнинг фаолияти танқид қилингандан сўнг қайта намойишона шаклда пайдо бўлди. Сиёсий ҳокимиятнинг мавжуд тузилмаси кўпинча ҳокимиятнинг бўлиниши тамойилларини бузган бўлиши билан бирга, парламентнинг ташкилий ва амалий фаолиятида ижро ҳокимиятидан мустақил равишда ишлаши учун сиёсий ирода ва ресурслар ҳам етишмас эди.

Моҳиятига кўра, ҳокимиятнинг бўлиниши ташкилий ва алоҳида гуруҳлар манфаатларини минималлаштириш ва халқ манфаатларини максималлаштиришга хизмат қилади. Агар сайланган вакиллардан эмас, балки асосан расмий лавозимга тайинланганлардан иборат бўлган ижро ҳокимияти қонун чиқариш устидан назоратни қўлга оладиган бўлса, унда халқ манфаатлари кўпинча жавобсиз қолади ёки инкор қилинади. Автомобиллар ойналарини тонировкалаш масаласи бунинг бир мисоли: у олдин Ички ишлар вазирлиги томонидан тақиқланган эди. Ёзда иссиқ юқори даражага етадиган Ўзбекистонда одамлар ўзларининг шахсий транспорти ойналарини қуёшнинг зарарли нурларидан ҳимоялаши мантиқан тўғри ҳамда зарур. 10 минг киши онлайн ариза имзолаганда (шундай онлайн тизим ҳукумат томонидан 2018 йилда киритилган) қонун чиқарувчи орган мурожаатни кўриб чиқишга мажбур бўлди ва йилига 2000 АҚШ доллари атрофида тўлов қилган фуқароларга тонировкалашга рухсат этилди, бу пайтда эса аҳолининг ўртача ойлик маоши 200 АҚШ долларини ташкил этарди ва халқнинг ўзига тўқ қисмигина бунга қурби етган. Кейинроқ кўпчилик парламент аъзоларининг матбуотга маълум қилишича, ҳаттоки бу қарор ҳам Ички ишлар вазирлигининг сезиларли равишда таъсири билан қабул қилинган. Рухсат этувчи янги тизимга қарамай, ушбу мавзудаги халқ муҳокамалари давом этди, 2019 йилда президентнинг Ўзбекистон Триатлон федерациясини бошқарувчи куёви ва бошқа жамоат арбоблари мамлакатда бу борадаги қонунларни юмшатишда халқни қўллаб-қувватлашларини маълум қилишди. Парламент ниҳоят 2019 йил ёзда тонировка суммасини сезиларли равишда камайтирадиган янги қонунни қабул қилди.

Аниқ тахмин қилиш мумкинки, ушбу чекловга асосан ижтимоий тармоқлар орқали оммавий жиддий қаршилик бўлмаганида, Каримов давридаги парламентга таъсир ўтказиш тизими орқали халқ манфаатлари ҳисобга олинмаганча қоларди.

Сўнгги йиллардаги ислоҳотар жараёнининг жадаллиги туфайли янги қонунлар ишлаб чиқиш ташаббусини таклиф қилаётган ҳар қандай ижро органи махсус онлайн платформа орқали халқ муҳокамасига қонун лойиҳасини (ижро фармони шаклида) маълум қилиши мумкин. Ушбу қонун лойиҳалари бошқа ижро вазирликлари ва халқ онлайн платформасидан изоҳлар тўплагач, Олий Мажлиснинг қонун яратиш жараёнига ўтади ва депутатлар амалда жуда кам ўзгариш киритишади. Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда парламент аъзолари анча фаол бўлиб қолишди ва бунинг сабаби бўлажак сайлов туфайлими ёки йўқми, айтиш қийин. Ҳукумат идоралари фаолиятига доир мураккаб қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун ходимлар, экспертларга ва зарур бўлган операцион имкониятга эгалар. Бироқ улар бевосита халққа тўғридан-тўғри ҳисобдор бўлмаганликлари ва парламент аъзолари каби халқ билан доимий алоқада бўлмаганликлари сабабли юқоридаги жараён уларга идоравий манфаатларини халқ манфаатларидан устун қўйишларига замин яратиши мумкин. Шу сабабдан халқ вакиллари сифатида хизмат қиладиган депутатлар қонунчилик амалиётини тўлалигича ўзлари амалга оширишлари даркор.

Ҳалқ ва идоравий манфаатлар ўртасидаги тафовут қонун чиқаришнинг энг ташвишли касаллиги эмас. Анча жиддийроқ “касаллик” — бу ҳатто бизнесга одатда ёқмайдиган ортиқча давлат назорати ҳам емас. Олий Мажлис ҳам қонун билан тартибга солиш функциясида, ҳам парламент назорати функциясида оқсаши энг жиддий муаммо. Шунда қонунлар маълум бир компаниялар ва манфаатдор гуруҳларга хизмат қилади ҳамда ижро ҳокимияти бизнесга айланади. Қонун чиқарувчи ҳокимият қонун билан тартибга солишда камроқ таъсирга эга бўлган тизимда ижро органига лоббизм, коррупция ва шахсий-сиёсий алоқалар орқали таъсир этиш осон бўлади. Кучсиз қонунчилик ҳокимияти маълум бир гуруҳлар манфаатлари устун қўйиладиган қарорлар чиқарувчи ижро ҳокимияти идорасига йўл очиб беради. Аслида протекционизм масалалари тугаган ва либерал иқтисод Ўзбекистонда ғоявий кучсизроқ ва назорат қилувчи органга таъсир қиладиган манфаатдор гуруҳларнинг тижорий манфаатларига хизмат қилмоқда. Шу боисдан халқ манфаатларини ифодалайдиган Олий Мажлис қонун билан тартибга солиши ва сиёсатни юритиши учун ўзининг конституцион вазифалари ва мажбуриятларини амалга оширишда қатъий бўлиши керак.

Олий Мажлис ва ижро органи ўртасидаги яна бир ғалати алоқани депутатларнинг турли ижро вазифаларига тайинланишида кўриш мумкин. Бундай вазифаларга тайинлаш ноқонуний бўлмаса ҳам бу ҳолат қонун чиқариш фаолиятига салбий таъсир қилади. Халқ ўзи овоз берган номзодлар депутатлигини сақлаб қолиб, ижро ҳокимиятида вакилларга айланиши учун эмас, балки халқ номидан ишлаши ва халқ манфаатлари учун курашишига умид қилиб уларга овоз беради. Ижро ҳокимиятида касбий ўсишни кўзлайдиган депутатлар ҳукуматни бошқараётганларнинг манфаатларига мойиллик билдиришлари мумкин. Бу уларнинг парламент назорати вазифасига жиддий таъсир қилиши мумкин ва мамлакатимизда халқ кўпинча қонун чиқарувчи ҳокимият ижро ҳокимиятининг бир қисми деб қабул қиладиган жорий ҳолатга олиб келади. Олий Мажлисдаги ҳар бир ўрин қадрли, чунки уни овоз бериб халқнинг ўзи танлаган ва шу боисдан у суиистеъмол қилинмаслиги керак.

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР

Мамлакатимизда парламент анъаналари сиёсий партияларнинг ғоявий кўлами бўйича баҳсларига гувоҳ бўлмаган. Сиёсий партияларимиз назарий жиҳатдан ғоявий ва фалсафий қутбларга ажралишини кўпчилик билмайди: Халқ демократик партияси — сўллар, «Адолат» ижтимоий демократик партияси сўл-марказ, Либерал демократик партия ўнг-марказ ва «Миллий тикланиш» ўнг қанот партияси саналади. Олий Мажлисда оппозиция партияси борлигини ҳам кўпчилликка маълум эмас, яъни Халқ демократик партияси ЎзЛДП ва «Миллий тикланиш»га оппозиция ҳисобланади. Бу партиялар ўнг-чап партиялар кўламида амалда фарқ қиладими ёки йўқми, бунинг жавоби аниқ: йўқ. Бу сайлов учун катта муаммо. Овоз берувчилар қайси партияни қўллаб-қувватлаш кераклигини билишмайди ва партияга яқин алоқаси ва ғоявий қадриятлари бўлмаган таниқли номзодлар — популистлар сайланаверади. Бу давлатнинг яхши ишлаши учун ёмон таъсир қилмайдими?

Круз ва Кифер томонидан 109 та давлатда ўтказилган тадқиқотга кўра, платформаси бўлмаган партиялар давлат сектори ислоҳотларига камроқ эътибор беришар экан. Бошқача айтганда, аниқ сиёсий платформалари бўлмаган партиялар ваъдалар бериш билан ишлайди, масалан сайлов олдидан “бизга овоз берсангиз, кўприк қуриб берамиз, йўлларни тузатамиз” каби мазмундаги тарғибот ишларини олиб боради. Сиёсатчилар бундай ислоҳотларда ушбу ваъдаларни амалга ошириш учун ишончли давлат ташкилотларига қизиқишмайди. Улар, шунингдек, бундай сиёсатчилар ижро сиёсати амалга оширилиши устидан назорат бўйича ўз мажбуриятларини бажаришига мойиллиги камроқ деб ҳисоблашади. Агар сиёсий партияларимизда янада аниқроқ, мустақилроқ ва алоҳида дастурлар бўлганда, сайловлар янада юқори рақобат билан ва дастур асосида ўтиб, парламент аъзолари ўзларининг сайловолди дастурлари ва сиёсий мажбуриятларини яхшироқ бажаришлари учун туртки бўлган бўларди.

Яна бир жиддий муаммо ҳақида сўз юритсак. Aввало, ким сайланиши ҳақида мулоҳаза қилиб кўрсангиз, кимни сайлаш иккинчи масала бўлиб қолади. 150 та сайлов округи мавжуд ва бешта сиёсий партия Олий Мажлис учун ҳар бир округдан биттадан номзод қўйиши мумкин. Мустақил номзодлар ўз номзодини қўя олишмайди. Бунинг боиси шуки, бу сиёсий жараёнларга четдан келадиган босимни камайтиради. Бироқ бунинг салбий томони – кимнинг номзоди қўйилишида халқ иштирокининг мавжуд эмаслигида. Мантиқан олганда, ҳудудда ўз номзодини илгари сурмоқчи бўлган партиянинг бир нечта вакиллари мавжуд бўлса, халқ билан мулоқот натижасида уларнинг орасидан халқ маъқулини танлайди ва бу партияга кимнинг номзодини кўрсатиш ўринли эканлигига яхши сигнал беради. Ошкорaлик, шаффофлик ва халқ билан ўзаро алоқанинг йўқлиги туфайли эса халқ ишончи ва фуқароларнинг сиёсий иштироки камаяди. Бу «маҳаллий ва марказий ҳукумат номзодлар рўйхатига таъсир қиляпти» қабилидаги гумонларни келтириб чиқаради. Марказий сайлов комиссияси бундай ноқонуний ҳолатларни инкор қилган бўлса ҳам сиёсий партиялар томонидан очиқ ва шаффоф жараёнлар халқ ишончини қозонишга ёрдам берган бўларди. Aгар сиёсий партия партиялар платформасига содиқ бўлганларни танлаб, халқ томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин бўлган ўта популист номзодлардан воз кечиб, номзодлар рўйхатида ўз назоратини сақлаб турса, демократия учун яхши бўлар еди. Бироқ бу кучли партиявий платформаларга ва партия ғоясига содиқ шахсларга эга бўлмаган сиёсий партияларимизга тааллуқли эмас. Шундан келиб чиқиб, давлатнинг демократия учун қиладиган энг муҳим иши мустақил номзодлар эмас, балки қўйиладиган номзодлар учун шаффофлик ва халқ иштироки.

САЙЛОВ

Сайловолди тадбирлари бошланди ҳамда сўз ва матбуот эркинлигидаги сўнгги ижобий ўзгаришлар эвазига сайлов кампанияларида олдинга силжиш кузатилмоқда. Номзодлар муаммолар мавжудлигини тан олишмоқда. Бироқ биз партиянинг сайловолди ва унинг моҳияти ҳамда ўзига хослигини ифодаловчи дастурларни кўришимизга ҳали эртадек. Бир хил ёндашувлар, ўхшаш дастурлар ва тадбир хусусиятлари партиянинг умумий сайловолди кампанияси кўринишига айланди. Aфтидан, ижтимоий тармоқлар ушбу кампанияларнинг самимийлиги ва халқ эҳтиёжларига мослигини синовдан ўтказади ва кенг жамоатчилик фикрини шакллантиришда асосий воситага айланади. Гарчи сайлов давлат сектори учун катта харажат ва сармоя бўлса ҳам бошқа бир асосий демократик жараён — туман ва вилоят раҳбарларининг сайланиши учун яхши имкониятни бой бераётгандекмиз.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари президент томонидан тайинланади. Улар бевосита халққа эмас, президент ва маҳаллий кенгашларга ҳисоб беради. Ҳокимлар бу вазифани бажара олишмаса, аслида президентга панд берган бўлади. Шунинг учун ҳам учта ҳоким хусусий мулкларни аёзсиз бузиб юборгани учун президент буйруғи билан халқ олдида узр сўради. Бошқариш учун ахлоқий ваколат қонунлар орқали эмас, халқ ишончи орқали берилади. Ҳокимларимизни бирор нарсани нотўғри қилиб қўйиб лавозимларини йўқотиш қўрқуви ахлоқий ваколатни — халқ ишончини йўқотишдан-да кўпроқ ташвишга солади. Агар бу фикр нотўғри бўлганда, биз улар ўзларининг фуқароларига бунчалар қаттиққўл бўлганлигини кўрмас эдик. Президент 2016 йил “Ҳар бир ҳудуд ўз раҳбарини ўзи сайласа, раҳбарларнинг халқ ва жамият олдидаги масъулиятини кескин оширишга эришиш мумкин”, деб таклиф қилганда, ҳақ эди. Жорий йилги сайлов орқали айрим вилоятларда синов тариқасида ҳокимлар халқ томонидан сайланиши кам харажатли имконият бўлиши мумкин эди, лекин ҳукуматнинг ушбу амалиётни бошлаши учун яхшироқ режалари борлигига умид қиламиз.

САБРСИЗЛИК БИЛАН КУТАМИЗ

Кўз юмиб бўлмайдиган ҳақиқат шуки, депутатлар самарали сиёсат олиб боришолмаётгани бир масала бўлса, ундан ташқари Олий Мажлисда техник ва идоравий ресурслар ва имкониятлар етишмовчилиги муаммоси ҳам мавжуд. Қонун чиқарувчи орган тўлиқ салоҳиятида қонун ишлаб чиқиши ва сиёсат юритишида нодавлат ташкилотлар, таҳлилий марказлар ва хусусий мутахассислар билан ҳамкорлик қилиши учун парламентга кўпроқ ресурслар дан фойдаланиш имконияти берилиши лозим парламент назорати фақат марказий ҳукумат ташкилотлари билан чекланмаслиги, балки янада муҳими, депутатлар ўзи сайланган ҳудуддаги ҳокимликларга нисбатан ҳам қўлланилиши керак. Ҳокимиятнинг бўлиниш тамойили фақат назарий — қоғозда эмас, балки амалда ҳам бўлиши керак. Яхшиямки, буларнинг бари Конституциямизда кўп йиллар олдин ёзилган. Ёмон томони эса, Конституциямизда ёзилганини баъзан унутиб қўямиз. 22 декабрда сайловчилар ўзларининг фуқаролик бурчларини бажариш учунгина эмас, балки Олий Мажлисда халқнинг манфаатлари учун курашадиган вакиллари бўлишига умид қилган ҳолда сайлов участкаларига ташриф буюришади. Ҳурматли сайланадиган депутатлар, бу сафар (яна) бизга панд берманг.

Ғоялар ва фикрлар фақат муаллифга тегишли ва у бирон-бир сиёсий ташкилот ёки партия билан алоқадор эмас. Мақола Medium-Uzbek Review нашридан олинди.

Тағин ўқинг
17 ноябр 2022
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Дастлабки шикоят Қашқадарёдан Косон туманидан. Одамлар 11 кундан бери сувсиз ...
8 март 2017
Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкиннинг Ўзбекистонга сирли ташрифи на маҳаллий матбуотда, на биз кузатишга муваффақ бўлган рус ...
30 ноябр 2020
Нигериядан икки қора танлини олиб келиб, уйи олдидаги контейнерга қамаб қул қилганлик айбловлари билан юзма-юз қолган 26 ёшли қўшиқчи, Siroj Boom тахаллуси танилган Сирож ...
15 октябр 2018
Ижтимоий тармоқда Журналистика университети ректори, Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаевнинг пахта тераётгани акс этган фотосуратлар пайдо бўлди. Биринчи расмда ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...