Кундалик
4 январ 2020

Тадбиркор Ғафур Раҳимовга қарши информацион уруш бошландими?

Денгизда шамол кўтариларкан, бу шамол кимнингдир елканини шишириб манзилига элтади. Кимнингдир кемаси эса шамолга чидай олмай ғарқ бўлади. 

Кейинги бир ой ичида 68 яшар бизнесмен, жиноий дунёга яқин бўлган Ғафур Рахимов хакида интернетда негатив шаклда тилга олинган бир нечта мақола пайдо бўлди. 

Эслатиб ўтамиз, Ғафур Раҳимов 2012 йилдан буён “жиноий авторитетлар тармоғини қўллаб-қувватлагани” учун АҚШ молия вазирлиги санкциялари рўйхатида турибди. Унинг АҚШ юрисдикциясидаги мулклари музлатилган. Криминал дунёда Ғафур Раҳимов “Ғофир қора” ва “Граф” лақаблари билан танилган.

Братвадан тавқи лаънат

11 декабрь куни ижтимоий тармоқ орқали Ғафур Раҳимовга қарши “прогон” – жиноий оламга чақириқ (Прогон – википедияга кўра, турма авторитетларининг  ультиматив ва бажарилиши шарт ҳисобланган топшириғи) тарқалди. 

Қонундаги ўғриларнинг Ғафур Раҳимовга қарши йўллаган «чақириғи» нусҳаси

Бу чақириқда қонундаги ўғрилар Захарий Калашев («Шакро Молодой») ва Бадри Когуашвили («Бадри Кутаисский») собиқ дўстлари, Ғофир Рахимовни унинг Дубайдаги уйида бошқа бир россиялик криминал авторитет “Арман Дикий”ни меҳмон қилгани учун “блядина” дея эълон қилдилар.

Маълумот учун: Россиялик бизнесмен ва криминал авторитет Захари Калашов постсовет ҳудудидаги жиноий доираларда «Шакро Молодой» лақаби билан кенг танилган. У «пул ювиш», «жиноий тўда тузиш», «товламачилик» айбловлари билан уч марта судланган. Захари Калашовнинг жиноий фаолияти Россиянинг уюшган жинояти билан чамбарчас боғлиқ. 2018 йилнинг март ойида Москванинг Никулинский туман суди Калашовни «жуда катта миқдордаги товламачилик» да айблаб, 9 йилу 10 ойга қаттиқ тартибдаги колонияга ҳукм қилган эди. Манба:  Meduza.io 

Қонундаги ўғри Бадри Когуашвили
Қонундаги ўғри Бадри Когуашвили,
Прайм крайм

Россия матбуоти ёзгани каби Бадри Когуашвили Россия жиноий дунёсидаги Қонундаги ўғри Захарий Калашовнинг вориси ҳисобланади. Манба: lenta.ru

Олдинроқ бошқа бир Қозоғистонлик криминал авторитет “Арман Дикий” лақабли Арман Жумагелдиев ўзининг Инстаграм саҳифасида Ғофир Раҳимов билан қучоқлашиб, қор йўлбарси позасида тушган суратни жойлаштирган эди.

Арман Жумагелдиев Қозоғистонда мухолиф фикрдаги инсонларни дискридитация қилиш билан ном чиқарган. У фаол тарзда ижтимоий тармоқларни юритиб келади, инстаграм саҳифасида машҳур шахслар, жумладан криминал авторитетларнинг фотосуратларини ҳам эълон қилади.  

«Шакро» ва «Бадри»ларнинг бундай “чақириғи” (прогони) “Элтуз” маълумотига кўра, ўзбекистонлик Қонундаги ўғри Бахтиёр Кудратуллаев (лақаби Бахтий Янгиабадский, Ташкентский) томонидан қўллаб қувватланган. 

Ғафур Раҳимов ва Арман жумагелдиев. Интстаграм саҳифасидан

«Озодлик» радиоси ёзганидек, Бахтий Ташкентский Ўзбекистондаги ягона криминал авторитет ҳисобланади, у 26 ёшида Қонундаги ўғри тожини кийишга муваффақ бўлган. 

31 декабр куни интернетдаги Uzleaks.com саҳифасида Ғафур Раҳимов Ўзбекистон президенти Мирзиёев учун мактаблар ва спорт мажмуалари қурилишларига пул таъмагирлиги қилаётгани ҳақида матн пайдо бўлди.  Рус тилида ёзилган бу матн Бахтиëр Қудратиллаевнинг янги йил арафасидаги банкетда Ғафур Рахимовга тавқи лаънат ёғдиргани ҳақидаги гаплар билан бошланади.

“Бахтиëр Қудратиллаев банкетга йиғилган жиноят олами вакилларига эшиттириб, “Ғафур ахлат эди – ахлатлигича қолди!” дейди. Қудратиллаев ўз гапига мисол сифатида Ғафур Рахимовнинг ҳамкори Ойбек Тухум лақаби билан танилган ўзбекистонлик тадбиркор Ойбек Миралиев қамалганига эътибор қаратади.”

Лоланинг қасоси

Ойбек Миралиев иши юзасидан суд ажрими нусхаси

Декабрнинг 25-чисида Jahon.uz нашри Ойбек Миралиев Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан Ғафур Рахимовнинг хотини Лола Рахимова аризасига кўра, қамоққа олингани ҳақида ëзди.

26 декабрь куни зса “Озодлик” радиоси 42 яшар Ойбек Миралиев ва унинг укаси Элдор 23 декабрь куни қайта ҳибсга олиниб, уларга 2 ой қамоқ белгилангани ҳақида ëзди. 

Мақолада Ойбек Миралиевга тегишли бўлган нархи тахминан 170 минг АҚШ доллари турадиган, 2016 йили ишлаб чиқарилган “Mercedes Maybach” автомобилига жиноят иши доирасида вақтинча банд солингани ҳақида ҳам гап боради. Ғафур Раҳимовнинг хотини Лола Раҳимова ва унинг синглиси Гўзал Камолхўжаеваларнинг исмлари жиноят ишида даъвогар сифатида зикр қилингани ëзилади.

Бу мақолалардан “Мирзиëев оила бизнесига яқинлашган Ғафур Раҳимов жиноят олами тарафидан исталмаган шахсга айланмоқда” деган ҳулоса келиб чиқади.

Ҳатто конундаги ўғрилар «Шакро Молодой» ва «Бадри Кутаисский»лар Ғафур Рахимовга ошкора таҳдид қилиб, ўғрилар дунëсини “Рахимовдан қасос олишга” чақиради.

АҚШ Молия вазирлиги расмий сайтида эълон қилган ҳужжат матнида “Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс эканлиги” урғуланган Ғафур Раҳимов 2020 йилга келиб уюшган жиноят олами таҳдиди остида қолдими?

Бу саволга жавоб беришдан олдин “Раҳимов нега ўз тижорий шеригини ҳибсга олинишига билвосита сабабчи бўлди, деган савол жавобини қидирсак.

“Элтуз” нашри тасарруфида 42 яшар Ойбек Миралиевни икки ойга қамаш ҳақидаги Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Т. Турсунов раислик қилган 23 декабрдаги маҳкама чиқарган ажрим нусхаси бор.

Шунингдек “Элтуз” мухбирлари Uzleaks.com саҳифаси вакили билан ҳам алоқага чиқди. 

Президентга берилган ваъда 

Bu rasmning bo'sh alternativ attributi bor; uning fayl nomi 1577291426_img_20191225_212459_601-1.jpg
Президент Шавкат Мирзиёев ва тадбиркор Ойбек Миралиев; Jahon.uz

“Элтуз”га тақдим қилинган ҳужжатларга асосланилса, “Ғафур Раҳимов Ўзбекистон президенти Мирзиëевга берган ваъдасини уддалай олмагани учун ўз ҳамкорини қурбон қилди” деган иддао келиб чиқади.

Ҳужжатларга кўра, 15 сентябр куни Ғафур Раҳимов Ўзбекистон Интерполи қидирувидаги шахслар рўйхатидан cирли тарзда олиб ташланган.

“Элтуз” манбаларининг ишонишича, Раҳимов 2016 йили Тошкентга келган ва Мирзиëев оила бизнесига яқин шахслар билан алоқада бўлган.

Ўша пайтда Рахимов Тошкентда “Спорт аренаси ва мактаб қуриб беришни, уни қутқарган Мирзиëев оиласига ваъда берган”

“Элтуз” суҳбатлашган манбаларнинг ишонишича, Ғафур Раҳимов “номи улуғ супраси қуруқ” холатга келган. 

«Ҳозир унинг пули йўқ. Хотини Лола Раҳимова бизнесидан келадиган маблаққа суяниб қолган. Президентнинг яқин дўстларидан бири, Ўзбекистон Касаба иттифоқлари раиси Қудратулла Рафиқов Ғафур Рахимовдан “Спорт аренаси ва мактаб қуриш ваъдаси қачон амалга ошади» деб сўрайди. Раҳимов эса бу пулларни ўз бизнес партнери Ойбек Миралиев ўмаргани борасида шикоят қилади». 

“Элтуз” манбасининг иддаосига кўра, Қудратилла Рафиқов Ойбек Миралиев ва унинг Элдор исмли укасининг қамоққа олинишини “ташкил қилган”. 

Суд ажримида ëзилишича, ака-ука Миралиевларга қарши Бош прокуратуранинг иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси жиноят иши очган. Ажримга кўра, Миралиев устидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддасида (Фирибгарлик) кўзда тутилган жиноятларни содир этганлик айби билан жиноят иши очилган.

Бундан олдин ака-укаларга нисбатан очилган жиноят иши Тошкент шаҳар Яшнобод туман судининг жорий йилнинг 19 декабрь кунги қарори билан бекор қилинган. 

Ойбек ва Элдор Миралиевлар тадбиркор Лола Рахимовага тегишли 7 миллион АҚШ долларини ўзлаштиришда айбланган, аммо Яшнобод суди айблов далиллар билан исботланмагани учун ишни ëпган эди.

Uzleaks.com саҳифаси

Uzleaks.com саҳифасида иддао қилинишича, «Бу – Ғафур Раҳимовга Тошкент ш. ва Сирдарё вилоятида, Шавкат Мирзиёев «илтимоси»га кўра спорт мажмуалари ва шунингдек президент мактаблари қурилиши учун  керак бўлган (айни) маблағ эди».

“Элтуз”да нусхаси бўлган жиноят иши ҳужжатларида жабрланувчилар рўйхати бор. Бу рўйхат бошида Ғафур Раҳимовнинг хотини Лола Раҳимова турибди.

«Шунингдек, Ғафурга яқин бўлган одамлар Владимир Павлюк ва Қаҳрамон Ғуломовлар номлари кетади. Лола Раҳимованинг сўзларига кўра, Ойбек Миралиев Яккасарой тумани, Муқимий кўчаси, 71/1 уйда жойлашган «Саноат қурилиш  индустрия» МЧЖни қайта сотиш орқали 2,8 миллион долларни ўзлаштирган. Агар сиз Лола Раҳимованинг «заяваси» (суддаги аризаси. таҳр.)га ишонсангиз, у ҳолда Ойбек Фаберже, шунингдек, 2016 йилда ишлаб чиқарилган «Mercedes-Benz Maybaсh»  русумли автомашинасини ҳам ўзлаштирган.»

Ойбек Миралиев яқинларининг “Элтуз”га билдиришича, Бош прокуратура Лола Раҳимова айтганидек, 2016 йилда ишлаб чиқарилган автомобилни эмас, балки бу ишга алоқаси бўлмаган шахсга тегишли 2019 йилда ишлаб чиқарилган «Mercedes-Benz Maybaсh» машинасини мусодара қилишган.

“Ойбек тухум”нинг бизга кўринмаган томони

Суд тергов ҳужжатларида яна бир жабрланувчи Гулчеҳра Шофайзиеванинг кўрсатмаси бор:

«Гулчеҳра Шофайзиеванинг таъкидлашича, Ойбек Миралиев гўё унга тегишли 550 минг доллар нархдаги Мирзо-Улуғбек тумани, Буюк Ипак Йўли кўчаси, 415Б-даги уйини қайта сотиб олиш йўли билан ўзлаштириб олган. Қолган аризачилар – Владимир Павлюк ва Қахрамон Ғуломовлар, шунингдек, ака-ука Миралиевлар ўзларининг минглаган ва миллионлаган маблағларини қайтариб беришни талаб қилишмоқда».

Шофайзиеванинг кўрсатмасидан uzleaks.com ҳам кўчирма келтирилган. 

uzleaks.com иддаоларни эълон қилинганидан бир кун ўтиб, унда исми зикр қилинган Қахрамон Ғуломов матн остига изоҳ қолдириб Ойбек Миралиевни “Товламачи-фирибгар” дея атайди:

«Аллақайдаги «Тухумчи» – Миралиев Ойбек ва унинг қўли остидаги биродарлари ҳақида, тўғридан-тўғри шуни айта оламанки – улар ФИРИБГАРЛАР. Бу муболаға эмас, бу ҳақиқат.

Мен, сиз ўз опусингизда эслаб ўтган Қаҳрамон Ғуломов, шуни очиқ ва тўғри айтаманки, мени ноқонуний равишда 14 йилга озодликдан маҳрум қилишди, жазони Жаслиқда ўташ учун юборишди ва мени қийноққа солиб 8 миллион доллар ундиришди. Мени (умумий тартибдаги қамоқ режими ўрнига) умрбод қамоқни ўташ учун жазо изоляторига ташлашди. Айнан ўша пайтда Миралиев-тухумчи фирибгарлик билан менинг барча кўчмас мулкимни, шунингдек, компанияларимнинг устав фондидаги улушларни сотишдан олинган пулларни ўзлаштирди.

«Ҳамма биладики, Миралиев-Тухумчининг ўзи Олег Бусигин (Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик кенгашининг навбатдаги бўлими бошлиғи) билан жуда яқин ҳамкорлик қилганини ҳеч қачон яширмаган.  Менинг жиноий ишим бўйича терговни Олег Бусигин ҳамда терговчи Жалов Лазиз биргаликда олиб боришган. Айни шу Бусигин орқали, фирибгар Миралиев-тухумчига, менинг ҳибсга олинганимдан сўнг, мол-мулкимни ўзлаштириш имконияти очилгани маълум бўлган. Миралиев шундан фойдаланди. 

Швейцариядаги Frewar Investments Ltd., компаниясининг директоридан алдов йўли билан ишончнома олиб, Миралиев менинг биноларимни сотишдан тушган пулларни ўзлаштирди: дискотека ва супермаркет (Юнусобод тумани, Қодирий кўчаси, 1), «Marvel Agro Invest» (Тип-топ ичимликлари)даги улушларим, менинг «Hermes Petrol Systems» компаниямдаги 23 та ёқилғи қуйиш стантсияларини сотишдан тушган пулларимни ўзлаштирди, «159-Қурилиш трести»ни банкрот қилди, менда унинг 34 фоиз улушим бор эди ва ҳоказо. Агар керак бўлса, мен Миралиевнинг барча жиноятларини батафсил тасвирлаб бера оламан. Аммо, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини ҳурмат қилиб, мен буни Миралиевга қарши суд ҳукми қонуний кучга киргандан кейингина амалга ошира оламан.

Фирибгар Миралиев ўзига муносиб бўлган нарсани олишига шубҳа қилмайман. Конун устивор, жазо – муқаррар! Ушбу асосий тамойилни ҳеч ким бекор қилмаган.» деб ёзди Ғафур Раҳимовнинг яқин ҳамкори ва юрист-консультанти Қахрамон Ғуломов.

Каламушлар жанги

Қаҳрамон Ғуломовнинг бу изоҳига 2 январ, куни эътироз ёзган Ровшан Ҳакимов “Бандит ва МҲКчилар оҳуридан ем ейиш оқибати шу бўлади дея маломат қилади:

«Ҳудди ўша тухум ҒР (Ғафур Раҳимов – таҳр.)нинг яқинида юрар эди ва ҒРни АИБА (AIBA – Халқаро бокс aссоциацияси,  Association Internationale de Boxe Amateur. Таҳр.) раиси этиб сайлангани билан табриклаш маросимида ҳам унинг ёнида эди, Қаҳрамон айёрлик қилишнинг кераги йўқ, шаҳарда ҳамма билади, “Тип-топ”га (Ичимлик шарбатлар ишлаб чиқариш ширкати. Таҳр.) пул қаердан келгани, у қандай қурилгани ва бошқа активлар осмондан тушмаганини. Сизни қамоққа ташлашгани ачинарли, лекин сиз ўзингиз бандитлар ва “снбшник”лар билан ишлаш йўлини танладингиз ва энди ўзингизни оппоқ ва юмшоқ қилиб кўрсатишингиз жуда қийин. Бизнинг мамлакатимиздаги ўйин қоидаларини ҳамма билади ва худди шу Ойбек ҳам сиз каби бандитлар ва снбларга яқин эди. Ҳозир вазият ўзгариши билан сизда, ҳозирги ментлар орқали уларни қаматиш ва талатиш имконияти бор ва сиз шундай қиласиз. 

Лола (Лола Раҳимова – таҳр.) пулни қаердан олди? Ўйламанг, барчани аҳмоқ деб, ҒР Тошкентда  ўз капиталини қандай шакллантирганини билишади, қандай ўмаришган, қамашган, ҳеч бўлмаганда Парижёрни ва унинг лак бўёқларини эслайлик, нега бу ҳақда ёки Габа ҳақида ёзмайсизлар? Сизнинг позициянгиз аввалидан ютқазилган, баҳсга киришишнинг ҳожати йўқ. ҒР ким бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Уни ўзгартириб бўлмайди» 

«Ойбек тухум» иши нима бўлди?

«Элтуз» суҳбатлашган манбалар иддаосига кўра, бу иш “Президент администрацияси бошлиғи Зайнилобиддин Низомиддинов, Бош прокуратура ва сенатор собиқ СНБнинг собиқ раиси Рустам Иноятовлар назоратида ушлаб турилибди”

Қаҳрамон Ғуломов ишонган “ҳуқуқий давлатни” сенатор Рустам Иноятов қуриши энг ҳаëлпараст фантаст ëзувчи учун ҳам хомҳаëлликдир.

Uzleaks.com Ғафур Раҳимовни “соғиш” жараëнида Рустам Иноятов иштирок этгани ҳақида ëзади.

«Шавкат Мирзиёевнинг президентлик мактаблари ва спорт мажмуаларини қуриш «талаби»ни Ғафур Қорага Ўзбекистон президентининг энг яқин одамларидан бири, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Қудратилла Рафиқов етказган ва илгари у «Жиззах аккумулятор заводи» ОАЖ директори бўлиб ишлаган эди. Ойбек Миралиев нафақат Ғафур олдидаги қарзларини, балки Ойбек Фаберженинг қолган мол-мулкини ҳам ўзлаштириб беришни ваъда қилган. Яна ҳам аниқроғи, Қудратилла Рафиқов тошкентлик тадбиркорнинг қолган мол-мулкини Ғофур Раҳимов билан бўлишмоқчи.

Буюртма тарзидаги жиноий ишнинг муваффақиятли амалга оширилишидан айрим ҳукумат амалдорлари манфаатдор. Бу – биринчи навбатда, сенатор ва маслаҳатчи Рустам Иноятов.»

Мақола сўнгида “криминал авторитет ҳокимият хизматида ҳокимият эса криминал авторитет хизматида, ë Ойбек Фаберже ва унинг укаси Мирзиëев ҳукуматининг криминал дунë билан кўрпа остидаги ўйинлари қурбони бўлди”, дея хулоса чиқаради.

Ғафур Раҳимовни оқлашга уринишлар

«Элтуз» да босилган карикатура

АҚШнинг Around the Rings нашрига берган интервьюсида Раҳимов унинг жиноят оламига алоқадорлиги ҳақидаги “нотўғри айбловларни Гулнора Каримова ва унинг гуруҳи” 2010 йили тарқатишга киришгани ҳақида билдирди.

2018 йилнинг сентябрида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Очилбой Раматов имзоси остида AIBA ижроқўмига хат жўнатилди. 

Унда “Ғафур Раҳимовнинг жиноий ўтмиши ҳақидаги ҳар қандай иддао асоссиз экани” билдирилди.

“Биз бу заиф чиранишларга анча батафсилроқ изоҳ берган бўлардик, аммо баъзан битта фотосурат мингта сўздан кўра кўпроқ ифода беради”, дея билдирди Ғафур Раҳимов жиноят оламининг ўнта етакчиси билан тушган расмни эълон қилган Asiaterra-info мустақил нашри.

Cуратда: Қонундаги ўғрилар Владимир Тюрин (Тюрик), Аслан Усоян (Дед Хасан), Ғафур Раҳимов, «Сочи смотряшийси» Гусейн Гусейнов (Коля Гусейн), қонундаги ўғри Эмиль Саркисян, қонундаги ўғри Гия Дангадзе; пастда: қонундаги ўғри Вахтанг Кардава (Вахо Сухумский), қонундаги ўғри Алик Миналян (Алик Сочинский), “Ленинский” гуруҳи аталмиш тўда иштирокчиси Сергей Козубенко (Серега Омич), қонундаги ўғри Артём Демуров (Артюша)лар акс этган.

Фотосурат дастлаб, Россия ўғрилари дунёсига бағишланган «Прайм Крайм» сайтида чоп этилганди.

Тағин ўқинг
9 январ 2017
Янги йил арафасида Ўзбекистонда қорқиз калтакланди. Янги йил кечаси эса Истанбул шаҳридаги тунги клубда ўзбеклиги иддао қилинган Абдуқодир Машарипов ...
25 октябр 2023
Ўзбек тилига давлат мақоми берилиши талаб қилинган бу кадрларни менинг азиз дўстим марҳум Абдулазиз ака Маҳмудов суратга олганида мен ...
18 апрел 2016
«Миллий тикланиш» газетаси шу номдаги партиянинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари томонидан «халқ фаровонлиги» йўлида олиб борилаётган ишлар, улар ...
18 октябр 2021
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 36-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) Л.А.Н Мени енголмади ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...