Кўзқараш
23 март 2020

Ўзбек режиссёри фильми кесилгани учун «Миллий ТВ»ни судга бермоқчи

Ўзбек кинорежиссёри Сарвар Каримов 21 март куни ўзининг фейсбук саҳифасида «Сарвиқомат дилбарим» фильмидаги ўпишиш саҳналари ва айрим титрлар кесиб ташлангани учун «Миллий» телеканалини судга бериш ниятда экани ҳақида ёзди:

Қадрли “MilliyTV” телеканалининг айрим ижодкорлари. Сизларни илгари ҳам унчалик қаттиқ яхши кўрмасдим-у, кечаги ишингиздан кейин умуман ёмон кўриб қолдим. Телеканалингизни бутун ижодий жамоамиз билан ёмон кўрамиз. Магазинчи Ғайбулла ҳам сизларни ёқтирмайди, ўзи айтди менга.

Кеча, яъни 2020 йил 20 март соат 22:00 да мен режиссёрлик қилган “Сарвқомат дилбарим” фильми телеканалингиздан эфирга узатилди. Уялмасдан, мендан рухсат сўрамасдан, бир оғиз маслаҳатлашмасдан фильмнинг энг муҳим саҳналаридан бири бўлмиш Илёс ва Асалнинг Иссиқкўл бўйидаги бўса саҳнасини кесиб ташлабсизлар. Авваламбор, бу саҳна сюжет учун ўта муҳим. Қолаверса, айнан шу саҳнада фильмнинг ғоясига хизмат қилувчи кийик образи илк бора томошабин кўз олдида гавдаланарди. Бу кийик метафора бўлиб, бахт тимсолини ўзида ифода этади. Афсуски, сизлар метафора нима эканини тушунмасангиз керак. Акс ҳолда уни кесиб, йўқ қилиб ташлашга виждонингиз йўл қўймаган бўларди.

Шу ўринда сизларга савол бермоқчи эдим: наҳотки одам шу қадар қўрқоқ бўлиши мумкин? Икки одам кадрда ўпишса, мусаффо осмонимиз узилиб қаро ерга қулаб тушадими? Ёки ўзбек ўпишмайдими? Ёки бу фильмда уйдан қочиб, кўча-куйда ўпишиб юриш тарғиб қилинганми? Фильмни кўраётганда мундоқ умумий маъно-мазмунига ҳам аҳамият берасизларми? Ёки ақлу фаросатингиз фақатгина асарни алоҳида-алоҳида кадр даражасида кўришдан уёғига ўтмайдими? Фильмнинг бошида катта қилиб 16+ деб ёзилган бўлса, жонивор кечаси 22:00 дан кейин берилаётаган бўлса, нима муаммо? Қолаверса, кинони мен тасвирга олганман, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бадиий кенгаши тасдиқлаган, шу саҳнаси билан Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия, Туркия кинотеатрлари намойиш этган, фестиваль ва танловларда қатнашган. Шундай экан, сиз нимадан қўрқасиз? Гап тегса, менга тегади, “Ўзбеккино”га тегади-ку! Сизларга тегмайди. Тегса ҳам “Ана, режиссёрдан сўранглар нега бунақа уятсиз кино олганини. Бизга “Ўзбеккино” берди кинони, биз қўйдик”, десангиз ҳам бўлади-ку?! Нега бу қадар қўрқоқсиз? Нега бу қадар калта ўйлайсиз? Қилаётган ишингиздан ўзингиз уялмайсизми? Наҳотки бир умр қўрқиб, қалтираб, икки пуллик ишингиздан айрилиб қолиш ваҳимаси билан яшаб, ўлиб кетаверасизлар? Сиз ҳам одамсиз-ку, қул эмас. Онгли мавжудотсиз-ку. Мия нимага берилган ўзи? Ўпишиш саҳнаси “Ўткан кунлар”да ҳам, “Шум бола”да ҳам бор-ку. Ёки бу фильмлар ҳам уятсизми? Ёки Чингиз Айтматов ёмон ёзувчими, уятсиз, маънавиятсиз асарлар ёзганми? Кесмасангиз дунё остин-устун бўлиб кетар экан, мен билан алоқага чиқиб, бир оғиз маслаҳатлашсангиз бўлмасдими?

Бундан ташқари, Илёснинг “Илҳом” театрида фойе бўйлаб юриш саҳнасини ҳам кесибсизлар. Чунки деворда рассом Сардор Эркиновнинг “Метаморфозалар” туркум картиналари илинган эди. Ярим ялонғоч эркак ва аёлларни кўриб қўрқиб кетган бўлсангиз керак-да. Шу саҳна эфирдан кетса, ўзбек миллати пароканда бўлиб, ёшларимиз ёппасига уятсиз бўлиб кетади-ку ахир, тўғрими?

Аммо энг ачинарлиси, фильм якунидаги титрларни ҳам буткул кесиб ташлабсизлар. Яъни бу билан фильм учун бир йил фидокорона хизмат қилган юз кишига яқин жамоанинг меҳнатини сариқ чақага илмагансизлар. Илгари титрни яшин тезлигида ўтказиб юборардингиз. Бунисига кўниккан эдик. Эфир вақти фалон пул, буни биз ҳам тушунамиз. Аммо якуний титрни буткул кесиб ташлаш қип-қизил сурбетлик эмасми?

Хуллас, мен сизлардан хафаман ва душанба куни яхши ният билан адвокат йўллаб, телеканалингизни судга бераман. Зора, шу инцедентдан кейин қолган телеканалларимизга ҳам инсоф тегиб қолар ва оз бўлса-да киноижодкорларнинг меҳнатини қадрлашни ўрганишар. Лекин сизларни барибир ёмон кўраман. Ўзингизни ўзингиз ҳам ёмон кўрсангиз керак. Тағин билмадим…

Наврўз байрами билан ҳам табрикламайман сизларни. Сизлар ёмон одамсизлар!

PS: суратда 1936 йилда тасвирга олинган “Қасам” номли илк овозли ўзбек фильмидан лавҳа.

Сарвар Каримов
Фейсбук саҳифасидан

Тағин ўқинг
12 ноябр 2019
“Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) таркибига кириш борасидаги позицияси қатъий эмаслигини билдириб ...
28 феврал 2019
“Azon.uz” сайтида этнограф олим Анвар Бўронов билан катта интервью чиқибди. Унинг асосий мавзуси — тангричилик динининг ўтмиши ва бугуни. ...
25 март 2017
23 март куни Ўзбек миллий футбол термасининг Сурияга ютқазиши тармоқда футбол ишқибозлари томонидан ғазаб билан қарши олинди. Eltuz.com
21 июл 2016
Айни ҳолатни ўз карикатураси орқали ҳажв қилишга интилган рассом Элсевар, ёнида паспорти ёки пропискаси бўлмаганлар милиция нишонига айланганига эътиборни ...
Блоглар
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...