Асосий мавзулар
27 май 2020

Бой берилган имконият: Франция Гулнора Каримованинг ўғирланган активларини қайтарди

2020 йил 14 майда Ўзбекистон ҳукумати мамлакат собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова томонидан “ноқонуний харид қилинган” активларни сотишдан тушган 10 миллион АҚШ доллари Франция томонидан қайтарилганини эълон қилди.

Бу хабар Франция судининг Каримованинг коррупция орқасидан топилган маблағларига харид қилинган мулкни мусодара қилиш тўғрисида 2019 йил 9 июлда чиқарган ҳукми ижроси ўлароқ янгради.

Суд Ўзбекистон томонидан берилган фуқаролик даъвоси асосида маблағни мазкур давлатга қайтариш қарорига келди. Айни пайтда қамоқ жазосини ўтаётган Гулнора Каримова учта телекоммуникация компаниясидан тахминан 1 миллиард доллар пора олишда айбланган бўлиб, тергов жараёнлари ҳали ҳам давом этаётир.

Активларни қайтариш бўйича фуқаролик форуми, Давлат жиноятларига қарши халқаро ташаббус, инсон ҳуқуқлари форуми каби ташкилотлар Гулнора Каримованинг ноқонуний активларини қайтариш бўйича ўзбек-француз музокаралариниг ношаффоф эканидан жиддий хавотир билдирмоқда.

Франция томонидан ноқонуний активларнинг коррупция қурбонларига илк қайтарилиши Ўзбекистонга бу маблағларни қайтаришнинг траспарентлик ва ҳисобдорликка асосланган механизмини яратиши, охир-оқибатда ўзбек халқига фойда келтириш имконияти бўлиши мумкин эди. Афсуски, бу имконият бой берилди.

Суд Гулнора Каримова номидан Франциядаги учта объектни харид қилган риэлторлик компаниялари билан ёпиқ музокаралар ўтказиш шаклида бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Каримова иши бўйича фуқаролик томони ҳисобланадиган “Шерпа” нодавлат нотижорат ташкилоти музокараларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

“Ушбу жараёнда шаффофликнинг йўқлиги ҳалокатли ва ғайритабиийдир. Бу зарар келтиради, чунки маблағ айнан жабрдийда халқ манфаати йўлида сарфланишига ҳеч қандай кафолат йўқ”, дейди “Трансперенси интернэшнл Франция” ташкилоти президенти Марк-Андре Феффер.

Бу ҳолат Франциянинг активларни қайтариш масаласида яқинда эълон қилинган ташаббусига зид бўлиб, мамлакат глобал коррупция ва пул ювишга қарши курашишда намуна бўлиш имкониятини бой берганини англатади.

Бир неча йил муқаддам ҳокимият алмашганига қарамай, Ўзбекистон “Трансперенси интернэшнл”нинг коррупция бўйича индексида 180 та мамлакат ўртасида 153-ўринда турибди.

Шунинг учун Ўзбекистон ва Франция фуқаролик жамияти ташкилотлари қайтарилган маблағлар яна коррупцион схемаларда фойдаланилишининг олдини олиш учун уларни қайтаришда шаффофлик, ҳисобдорлик ва ҳалолликка риоя этилишини талаб қилмоқда.

Зеро, активларни қайтариш жараёни ҳақида Франция ҳеч қандай маълумот тақдим этмади, Ўзбекистон ҳукумати эса фақат 10 миллион доллар қайтарилгани ва “у давлат бюджетига ўтказилгани” тўғрисида хабар бериш билан кифояланди.

Айни пайтда хорижий давлатларда Гулнора Каримова Ўзбекистондан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетган ва инвестиция қилган қарийб 1,3 миллиард доллар маблағ аниқланган.

Франция яратган прецедент бу маблағларнинг ҳам шаффофлик ва транспарентлик асосида қайтарилиши борасидаги хавотирларни янада кучайтиради.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 феврал 2017
Ҳокимиятни оилавий бошқариш минтақада урфга айландими? 21 феврал куни, Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг хотини Меҳрибон ўз эрига биринчи вице-президент ...
14 март 2020
Шу пайтгача ошкора тазйиқларга учраётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистлар эндиликда виртуал ҳужумларга ҳам дуч келмоқда. Уларга электрон ...
15 май 2023
Тошкентда олти сотих ер майдони ҳужжатларини расмийлаштиришга 600 млн сўм сўраган шахс ушланди. Олдинам фирибгарлик жинояти учун судланиб ëш ...
16 декабр 2016
Халқ шоирларию, қўшиқчиларидан тортиб масжид имомигача янги юртбошига мадҳиялар ўқиркан, Шавкат Мирзиёев ҳокимият супасига фақат ўз одамларини яқинлаштирмоқда. Бу ...
Блоглар
23 январ 2025
Ўзбекистон мудофаа вазири Холмухаммедов босқинчи газанда Россия билан 2026-2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ...
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...