Document UZ
25 июн 2020

Ҳибсдан раҳбарликка: оммавий қотилликлар ижрочиси Тоймуроз Алимов ДХХнинг Қашқадарё вилояти бошқармасига раҳбар этиб тайинланган

Собиқ МХХ раҳбарияти топшириғи асосида Ўзбекистон қамоқхоналаридаги эликка яқин сиёсий ва диний маҳкумни ўлдиришда бевосита иштирок этган Тоймуроз Алимов ўтган йили ДХХнинг Қашқадарё вилояти бошқармасига раҳбар этиб тайинланган. 

Бироқ бу хабар Элтузга энди, орадан бир йил ўтибгина маълум бўлди. 

“Қашқадарёдаги фаолиятининг илк ойларида Тоймуроз Алимов панада юрди. Бироқ тахминан 2-3 ойдан кейин оммага кўриниш бера бошлади. Ҳатто вилоят ҳокими Зоир Мирзаев билан бир неча марта суратга ҳам тушди”, дейди Элтузнинг Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидаги манбаларидан бири. 

Унинг айтишича, “ҳозир жаллоднинг кайфияти аъло”.

Eltuz нинг бир-биридан мустақил бир неча манбаси хабарига кўра, 2018 йилда Тоймуроз Алимов устидан хизмат текшируви олиб борилган ва у бир муддат тергов изоляторида сақланган. 

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги 50 га яқин сиёсий ва диний маҳкумни ўлдиришда иштирок этгани учун унга қарши очилган иш ўша пайтдаги Бош прокурор Отабек Муродовнинг шахсий назоратида бўлган. 

Лекин кейинчалик Ўзбекистон қамоқхоналарининг собиқ куратори Тоймуроз Алимов муқаррар олий жазо – умрбод қамоқдан сирли равишда қутулиб қолган ва бир неча ойдан кейин Қашқадарёга раҳбарлик лавозимига юборилган. 

Eltuz манбаларининг айтишича, Тоймуроз Алимовни ДХХнинг Қашқадарё вилояти бошқармасига бошлиқ қилиш топшириғи президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзидан келган. 

“ДХХ раиси Абдусалом Азизов президентнинг топшириғини бажарди, холос”, дейди Элтузнинг ДХХга яқин манбаси. 

Унинг сўзларига кўра, оммавий қотилликлар ижрочиси Тоймуроз Алимовни жазодан қутқариб қолиш ва ишга тиклаш тавсиясини президент Шавкат Мирзиёев МХХнинг собиқ раҳбари, сенатор Рустам Иноятовдан олган. 

“Тавсия асли Иноятовдан келган. Лекин президент Мирзиёев  Иноятовдан келган бу тавсияни нима учун бажаргани маълум эмас”, дейди Элтузнинг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаси.

Унинг айтишича, собиқ Бош прокурор Отабек Муродовнинг “бошига етган” ҳам айнан Рустам Иноятовдир. 

“2018 йил бошида Тоймуроз Алимов диний ва сиёсий маҳкумларни ўлдириш ишларида фаол иштирок қилгани ҳақида Eltuz да мақола эълон қилингач, президент Мирзиёев бу мақолада келтирилган маълумотларни текширишни Бош прокурор Отабек Муродовга буюрди. Маълумотлар тасдиқлангач, Бош прокуратура президентнинг топшириғи бўйича Тоймуроз Алимовга қарши жиноят иши очди ва уни ҳибсга олди. Тез орада Отабек Муродов Косон, Зарафшон, Қарши ва Жаслиқдаги “зона”ларда Тоймуроз Алимов томонидан кўплаб диний ва сиёсий маҳбуслар ўлдирилгани ҳақида кўрсатмалар олади. Ана шундан кейин МХХнинг собиқ раҳбари Рустам Иноятов оммавий қотилликларда ўзининг иштироки ҳам очилиб қолишидан қўрқиб, Бош прокурор Отабек Муродовга қарши фитна ва туҳматлар кампаниясини бошлаб юборди. Иноятовнинг одамлари Отабек Муродовни Ихтиёр Абдуллаевнинг “исёнчи” гуруҳига боғлашди. Лекин охир-оқибатда уларнинг иддаолари тасдиқланмади. Отабек Муродов қамалмай қолди, лекин ишга ҳам тикланмади”, дейди Элтузни маълумотлар билан таъминловчи манба.

Унинг фикрича, Отабек Муродовга ўзбек амалдорларининг барчасига тегишли нуқсон – ҳаддан ташқари қўрқоқлик ва ташаббуссизлик панд берган. 

“Агар Отабек Муродов ҳеч бўлмаса, ҳафтада бир марта матбуот анжумани уюштириб ёки расмий баёнотлар чиқариб, Тоймуроз Алимовга қарши жиноят иши тафсилотини, шу жумладан, бу ишда Иноятов ҳам иштирок қилганини қўрқмасдан матбуотга очиқлаганда, МХХнинг собиқ раиси ҳам, унинг гуруҳи ҳам Бош прокурорга ҳамла қила олишмас эди.  Лекин Отабек Муродов қўрқоқлик ва ташаббуссизлик йўлини танлади ҳамда ўзини сенаторга ем қилди”, дейди Тошкентдаги манба.

Отабек Муродовни президентнинг кичик куёви Отабек Умаров шахсан ўзи тергов қилган. Тергов давомида собиқ Бош прокурор барча хатти-ҳаракатларни президент Мирзиёевнинг топшириғи билан амалга оширганини исботлаб берган. Шунинг учун ҳам Отабек Муродов қамалмай қолган, бир мудат уй қамоғида ўтирган, холос. 

Элтуз манбасининг билдиришича, Отабек Муродов ишдан олингач, Рустам Иноятовнинг оммавий қотилликлардаги иштироки ҳақида сайраши мумкин бўлган Тоймуроз Алимов жазодан қутқариб қолинган. 

“Рустам Иноятов шу қадар қудратлики, у ўз одамини нафақат қамоқдан чиқариб оляпти, балки уни раҳбарлик лавозимга ҳам тиклашга эришяпти,” дейди Элтуз манбаси.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарияти буйруғи асосида қамоқхоналарда сақланган баъзи сиёсий ва диний маҳкумларни “ликвидация қилиш”да қатнашган Тоймуроз Алимов 2018 йил 26 февраль куни ҳибсга олинган эди. 

У Жиноят кодексининг 97-моддаси – қасддан одам ўлдириш, 301-моддаси – ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, 230-моддаси – айбсиз одамни жавобгарликка тортиш каби айбловлар бўйича тергов қилинди.

Тоймуроз Алимов «тергов қилинаëтган маҳкумларни ўлдиришга алоқадорликда» айбланди. У  2010-2014 йиллар давомида элликка яқин диний ва сиёсий маҳкумни ўлдириб юборган. Ўлдирилганларнинг ҳаммаси Жиноят кодексининг 159-моддаси билан айбдор деб топилган фуқаролар бўлган.

Тоймуроз Алимов ва Жавдат Шарифхўжаев Ўзбекистондаги энг машъум учта жазони ўташ муассасаси – Қорақалпоғистондаги Жаслиқ, Қашқадарё вилояти Косон туманидаги УЯ 64/51 ва Зарафшондаги УЯ 64/48 қамоқхоналарига бориб, маҳкумларни ўлдириш амалиётини назорат қилишган.

МХХ жаллодлари диний ва сиёсий маҳкумларни ўлдириш операциясини “валидол” деб номлашган. Унга кўра, Тоймуроз Алимов ва Жавдот Шарифхўжаев зоналарга бориб, ўлдирилиши кўзда тутилган маҳкумларни тиббий қисмга чақириб,  кейинчалик қолган маҳбусларнинг олдида намойишкорона “валидол” дорисини беришган. Эртаси куни шу маҳбусни калтаклаб ўлдиришган. 

“Ўлдиришдан бир кун олдин зонага МХХ ходимлари келиб, штабда жараённи назорат қилиб туришарди. Ўликни ўз кўзи билан кўргандан кейин кетишарди. Ҳар келганда биттадан одам ўларди, ҳеч қачон 2 одамни ўлдиришмас эди. Ўладиган одамни бир кун олдин санчастга чақиришиб, юраги оғриган, деб диагноз қўйишарди ва ҳамманинг олдида валидол беришарди. Сўрамаса ҳам ҳаммага “палончига валидол беринглар”, деб эшиттиришарди”, дейди собиқ маҳкумлардан бири.

Афв асосида озодликка чиққан яна бир маҳкум Элтузга шахсан ўзи учта маҳкумнинг МХХ зобитлари назорати остида калтаклаб ўлдирилганига гувоҳ бўлганини билдирди.

“Таваккал Ҳожиев 1977 йилда туғилган. Ҳамидулло Омонов 1963 йилда туғилган, Қирғизистон фуқароси. Илҳом Ибрагимов 1971 йилда туғилган, Хоразмдан. Таваккал – андижонлик. 2005 йилги Андижон воқеалари сабаб қамалганди. Ҳамидуллло 1999 йилда қамалганди, “Ҳизб ут-таҳрир” аъзоси эди, – дейди собиқ маҳкум. – Қамоқхона нозирлари Ҳамидулло Омоновнинг жағ суяги ва оёғини синдириб қўйишганди. Шунинг учун зонанинг ёнидаги насронийлар қабристонига кўмиб юборишди ва уйдагиларига кеч хабар қилишди. Илҳом Ибрагимовнинг бурнини синдириб қўйишганди. Ўшанда прокуратуранинг назорат ходимлари ўликни олиб кетмаймиз, деб акт қилишдан бош тортишганди. Роса тўполон бўлганди ўшанда”.

Жисмонан йўқ қилиниши керак бўлган маҳкумга валидол беришдан мақсад назорат прокурорларига ўлим сабаби юзасидан изоҳ беришни осонлаштириш бўлганини айтади собиқ маҳкум.

Элтуз  Тоймуроз Алимов ва Жавдат Шарифхўжаев назорати остида яна бир маҳкум – хоразмлик тадбиркор Раҳимбой Йўлдошевнинг 2010 йил августида ўлдириб юборилгани ҳақида мақола ёзган эди. 2007 йилда Хоразмдаги “Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси” директори Раҳимбой Йўлдошев ва унинг қўл остида ишлаганлар бирин-кетин суд қилиниб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган эди. Раҳимбой Йўлдошев ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳга хайрихоҳ шахслардан бири бўлгани учун жисмонан йўқ қилинган.

Мана шу қотилликлари учун президент Ислом Каримов Жавдат Шарифхўжаев ва Тоймуроз Алимовни «Шон-шуҳрат» ордени билан тақдирлаган.

Ислом Каримовнинг ўрнига келган президент Шавкат Мирзиёев Тоймуроз Алимовга ҳали орден беришга улгурмади. Лекин уни қотилликлари учун жазоланишдан қутқариб қолди ва ишига, раҳбарликка тиклади. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 март 2019
Ушбу видео «Элтуз» мухбири Аюб Мингбоевнинг бир-бирини танимайдиган қатор тошкентлик тадбиркорлар билан суҳбатлари негизига қурилган “Шантажни асосий қуролга айлантирган ...
14 август 2018
“Шифти ва деворлари моғорлаб кетгани бу ҳужранинг қишда зах ва совуқ бўлганлигидан далолат бериб турибди. Яхшиямки, поли ёғоч ва ...
3 апрел 2018
Журналист Бобомурод Абдуллаев ва яна уч нафар шахс устидан Тошкент шаҳри судида 2 апрель кунги маҳкамада, асосан, Ҳаётхон Насриддинов ...
9 март 2020
1965 йилнинг 8 марти. “Хоразм ҳақиқати” газетасининг биринчи варағида оқ халат кийган врач аëлнинг янги туғилган чақалоқни осмонга кўтариб ...
Блоглар
7 август 2020
Қишга тайёргарлик. Помидор ва қалампирни ўзим етиштириб, қуритиб, ипга ўтказиб деворга илдим. Кўўп бонкаям беркитганмиз. ...
5 август 2020
Мирзиёев бошқарувида ташқи сиёсатда, бир томондан, Россия ва унинг геосиёсати билан боғлиқ муносабатлардаги миллий манфаатлар ...
4 август 2020
Ўзбекистонда турли матнларда, контекстларда, ҳатто расмий ҳужжатларда кўп ишлатиладиган “буюк аждод” тушунчасидан воз кечиш керак, ...