Асосий мавзулар
3 июл 2020

Россиянинг “Старбанк” банки билан можаро ёки кластер тизимида Ёқубжоновлар оиласининг ўрни

Ёмғирдан қутулиб, дўлга тутилишми?

Ўзбекистон пахта секторини хусусийлаштириш жараёнидаги хатарлар

Power Briefs туркумининг Ўзбекистондаги пахта секторини хусусийлаштириш жараёнида асосий роль ажратилган кластерлар тизимига оид навбатдаги нашри тайёрланди. 

Буюк Британиядаги Ольстер университетининг амалий ижтимоий ва сиёсий фанлар мактаби раҳбари, криминология профессори Кристиан Ласслетт ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми ҳамкорлигида тайёрланган ушбу нашрда кластерлар ортида турган ношаффоф ширкатлар, уларни ўрганиш натижасида олинган маълумотлар, пахта секторининг бу тарзда хусусийлаштирилиши жараёнида юзага келаётган хавф-хатарлар ҳақида сўз боради. 

“Элтуз” сайти мазкур тадқиқотнинг асосий жиҳатлари ҳақида ўз ўқувчиларини хабардор қилишни лозим топди.

Россиянинг “Старбанк” банки билан можаро ёки кластер тизимида Ёқубжоновлар оиласининг ўрни

Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида тузилган кластернинг асосий бошқарувчиси “Amudaryotex LLC” қўшма корхонаси ҳисобланади. Аввалига 7000 гектар ерда деҳқончиликни бошлаган бу кластернинг ери кейинчалик 8 104 гектаргача кенгайди. 

2018 йилда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида 6 400 гектарда ташкил этилган кластер эса “Textile Technologies Group” томонидан бошқарилади. Кейинчалик Мирзачўл (11 500 гектар), Арнасой (8 400 гектар) ва Бекобод (12 000 гектар) туманларида ташкил этилган кластерлар ҳам унинг бошқарувига берилган.

Ўзбекистон пахтачилигида кластер тизими янада кенгайиши ортидан 2019 йилда янги бошқарувчи компаниялар пайдо бўлди. Ана шундай компаниялардан бири “Beshariq Tekstil” бўлиб, у Бешариқ туманида 8000 гектар майдонда ташкил этган кластер устидан назоратни қўлга киритди. 

“Юқорида номлари келтирилган ҳар учала бошқарув компанияси бир неча бизнес вакиллари орқали ўзаро боғланади, – дейилади Power Briefs тадқиқотида. – Қоғоз излар улардан иккитаси Россиянинг “Starbank” банкининг банкротлиги билан тугаган молиявий можародан тўғридан-тўғри манфаат кўрганидан далолат беради”.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида 6 та кластерни бошқараётган бу уч компаниянинг асосий эгалари сифатида Миракбар Ёқубжонов, Мурод Ёқубов, Агажан Аванесов ва Воҳид Ортиқов номлари келтирилади. 

2013 йилги хабарларга кўра, “Amudaryotex”га Британиянинг “Welroy Technology Limited” компанияси томонидан асос солинган. “Welroy Technology Limited” 2009 йил 24 мартда Англияда рўйхатдан ўтказилган бўлиб, унинг ягона директори ва акциядори Янги Зеландия фуқароси Рэйчел Эми Эриксон эди. 

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш маркази (OCCRP) маълумотларига қараганда, “Эриксон изини топиб бўлмайдиган турли оффшор компаниялар таъсис этишга ихтисосланган Иан Тэйлорнинг собиқ аёл ўртоғидир. Бу фирмалар турли уюшган жиноий гуруҳлар, Синалоа наркокартели, Россиянинг бюджетдан 230 миллион доллар ўғирлаган амалдорлари, Шимолий Корея ва бошқалар томонидан фойдаланилган.

Эриксон OCCRPга қатор компаниялар унинг қалбаки шахсий маълумотларидан фойдаланилган ҳолда Лондондаги 8 Shepherd Market манзили бўйича таъсис этилишини билдирди. “Welroy Technology” ҳам даставвал худди шу манзилда рўйхатдан ўтган. 

Буюк Британия Олий судида бўлиб ўтган судга тақдим этилган электрон мактубида Эриксон шахсий маълумотлар ўғирланиши қурбони бўлганини таъкидлайди. 

2016 йил 6 апрелда тақдим этилган ҳисоботида “Welroy Technology Ltd” ўзининг 75 фоиз акцияси эгаси Қирғизистон фуқароси Миракбар Ёқубжонов эканини билдирган. 73 ёшли бу шахс Ўзбекистондаги “Metal Engineering Group LLC”нинг ҳам йирик акциядори ҳисобланади.

Ўзбекистон юридик шахсларининг ягона реестрида ушбу компания “Textile Technologies Group” (9,4%), “Salubris Vita” (9%), “Kalorama” (68,1%) ва Миракбар Ёқубжоновга (13,51%) тегишлилиги кўрсатилади. 

2019 йилда “Amudaryotex”нинг акциялари “Welroy Technology Ltd”дан “Textile Technologies Group” қўлига ўтди. Шундан сўнг “Welroy Technology Ltd” Буюк Британия компаниялари реестридан “фаол бўлмаган” компания сифатида мажбуран ўчирилган. 

“Welroy Technology Ltd” худди “Textile Technologies Group” каби хорижий инвестор сифатида таърифланади. 2016 йилда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги “Textile Technology Group”ни Жанубий Корея компанияси деб эълон қилган эди. 

Мурод Ёқубов ривожланаётган бозорлар бўйича Швейцарияда 2019 йилда ташкил этилган форум иштирокчиси профилини яратиш учун жўнатган резюмесида ўзини “Textile Technologies Group” ва “Metal Engineering Group” эгаси сифатида кўрсатган. 

Бунгача Ёқубов Ўзбекистон Марказий банкида бошқарувчининг ўринбосари (2000-2003), кейин эса 30 ёшида МБ бошқаруви раиси маслаҳатчиси бўлган (2003-2011). 

Айни пайтда Ёқубов “Grant Thornton” халқаро бухгалтерия компанияси шериги ва “Uzpromstroybank” давлат корхонаси бошқарув кенгаши аъзосидир. Давлат органлари маълумотларига кўра, Ёқубов илгари Қирғизистоннинг ўзбек аслли фуқароси бўлган. 

Кейинги текширувлар Ёқубовнинг тўлиқ исм-шарифи Мурод Миракбарович Ёқубжонов эканини кўрсатди. Яъни у Миракбар Ёқубжоновнинг ўғли бўлиб чиқмоқда. 

Ўзбекистондаги кўплаб компаниялардан ташқари Ёқубжоновлар оиласи Россияда бир неча фирмаларга эгалик қилади. Бу фирмалар ҳам “Amudaryotex LLC” ва Ўзбекистоннинг “Genmark Furniture”, яъни “Metal Engineering Group”нинг шўъба корхонасига келиб боғланади. 

“Beshariq Tekstil LLC”нинг  5,83% акцияси айнан “Genmark Furniture”га тегишли. Қолган акциялари эса Буюк Британиянинг масъулияти чекланган ширкати бўлмиш “Vertical Alliance LLP” (94,17%) томонидан назорат қилинади. 

Энг қизиғи, бу компания ҳам Ёқубжоновларга тегишли “Welroy Technology Ltd” каби битта манзилда жойлашган. 2019 йилдан бошлаб унинг асосий эгаси сифатида Россия фуқароси Агажан Аванесов ва унинг ёрдамчи Воҳид Ортиқов кўрсатилган. 

Аванесов банкрот бўлган “Starbank”нинг эгаларидан бири ва унинг собиқ раиси ҳамдир. Россиянинг “Новая газета”си суриштирувларига кўра, Аванесов ва унинг бизнес шериклари ўзларига тегишли компанияларга қайтмайдиган катта миқдордаги қарзлар бериш орқали банкни банкрот қилган. 

Хабарларга кўра, ҳозир Аванесов Россия ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан жиноий хатти-ҳаракатлари учун қидирилмоқда ва айни пайтда Швейцарияда яшаб, бир қатор корхоналарга раҳбарлик қилади. 

“Starbank”нинг банкротлиги юзасидан судга мурожаат этган Россия жамғармаларни суғурталаш агентлиги томонидан шакллантирилган банк қарздорлари рўйхатида “Amudaryotex” ва “Beshariq Tekstil” ҳам бор. 

Кўринишидан “Beshariq Tekstil”нинг бир қисми “Vertical Alliance LLP” орқали Аванесовга, “Amudaryotex LLC”нинг катта қисми эса унинг бизнес шериги бўлмиш Ёқубжоновлар оиласига тегишли. 

Агентлик “Amudaryotex LLC” ва “Starbank” ўртасида 5 778 474,80 евролик кредит линияси ажратиш бўйича келишув имзолангани, лекин “Amudaryotex LLC” ўз мажбуриятларини бажармагани сабабли судга қарзнинг дастлабки суммаси, 1 500 083,01 евро миқдоридаги фоизи ва  902 686,47 евро пеня тўлаш даъвоси билан мурожаат этди. 

Москва шаҳри арбитраж суди ўзининг 2018 йил 8 майдаги қарори билан бу даъвони қондирди. Апелляция суди ҳам қарорни ўз кучида қолдирди. 

Россия банки “Beshariq Tekstil”га турли йилларда 7 749 042,79 евро, 64 467 145,05 рубль ва 401 058 346,20 рубль миқдорида қарз бергани ҳам юзага чиқди. “Starbank”нинг лицензияси қайтариб олинишидан сал аввал – 2016 йил март ойидан “Beshariq Tekstil LLC” қарз бўйича ммажбуриятларини бажаришни тўхтатган. 

Бу масалада ҳам Москва суди Россия жамғармаларни суғурталаш агентлиги фойдасига қарор чиқарган.

Power Briefs тадқиқотида айтилишича, афтидан, “Starbank” ўз раиси бўлмиш Аванесовнинг Россиядаги қисман унга, шунингдек, Ёқубжоновлар оиласига тегишли ўзбек корхоналарига қайтарилмаслиги аниқ бўлган 22 миллион доллар миқдорида кредит берган. 

Кейинчалик Россия матбуотида эълон қилинган маълумотларга кўра, “Starbank”нинг бундай фаолияти давомий бўлиб, кейинчалик унинг банкротлигига ва Аванесовга нисбатан тергов бошланишига сабаб бўлган.

Кўринишидан, Аванесов Буюк Британияда таъсис этилган холдинг воситасида Женевадан туриб Ўзбекистон пахта кластерлари тизимидаги бизнес манфаатларини назорат қилишда давом этмоқда. 

Миракбар Ёқубжонов эса ҳали ҳам Британиядаги расман “фаолият кўрсатмаётган” қатор компанияларнинг асосий акциядори бўлиб турибди. Шунингдек у, ўзининг билдиришича, “Textile Technologies Limited” ва “Metal Engineering Group” компаниялари эгалигича қолмоқда. 

Ушбу мақолада келтирилган маълумотларга таяниб, Ўзбекистон ҳукумати “Amudaryotex” ва “Beshariq Tekstil” компанияларини қандай қилиб кластерлар бошқарувига бергани борасида бир неча тахминларни айтиш мумкин.

“Ўзбекистон ҳукумати танлаб олинган компаниялар фаолиятини тўлиқ ҳуқуқий ва молиявий текширувдан ўтказмаган ёки бундай текширув ўтказилган бўлса-да, ҳукумат хорижда турли молиявий қинғирликларга аралашган бу компанияларни билиб туриб кластерлар бошқарувига тайинлаган. 

Аввалроқ Ўзбекистон ҳукуматининг фаолияти жиддий хавотир уйғотадиган инвесторлар билан ҳамкорлиги борасида савол берилганида иқтисодиёт ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари уларга прагматик муносабатда бўлиш лозимлигини айтганди”, дейилади Power Briefs тадқиқотида. 

Тағин ўқинг
15 январ 2024
77 ëшида оламдан ўтган таниқли олим¸ профессор Толиб Худойбердиев жанозаси 13 январ куни Андижонда ўқилди ва Шахрихонда тупроққа берилди. ...
24 ноябр 2020
Рассом Туз карикатураси
16 сентябр 2021
2019 йил ноябрда Лондонда нуфузли сармоядорлар йиғилиши бўлиб ўтди. У ерда халқаро молиячилар, дипломатлар ва тадбиркорлар Ўзбекистоннинг сиёсий ва ...
12 март 2022
(Рассом Туз ҳикоялари. Давоми. Боши ўтган сонларда.) Холли, уйқудан уйғонаркан, ўзининг қаердалигини дафъатан эслай олмади. Боши қаттиқ оғрирди. Ўрнидан ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...