Асосий мавзулар
13 август 2020

Тўғоннинг ўпирилиши Ўзбекистондаги коррупция билан боғлиқ хавотирларни кучайтиради

Тўғоннинг ўпирилиши Ўзбекистондаги коррупция билан боғлиқ хавотирларни кучайтиради

Бунинг сабабларини ўрганиш узоқ вақтни талаб қилади

Май ойида Ўзбекистонда тўғон ўпирилиши ортидан президент Шавкат Мирзиёев жабрланганларга адолатни ваъда қилишга шошилди. У олти кишининг ўлими ва 100 мингдан ортиқ одамнинг кўчирилишига сабаб бўлган фалокат учун жавобгар шахслар, “ким бўлишидан қатъи назар”, қонун олдида жавоб беришини таъкидлаганди. 

Сардоба сув омбори тўғони бор-йўғи уч йил олдин қуриб битказилгани сабабли ижтимоий тармоқларда оддий ўзбеклар орасида бу техноген фалокат бепарволик ёки коррупция оқибатида юз бергани ҳақидаги гумонлар пайдо бўлди. Уларнинг сўзларига кўра, иншоот, шубҳасиз, расмийлар фожиада айблаган бўронларга бардош берадиган даражада қурилиши керак эди.

Ўзбекистон ҳамда қўшни Қозоғистондаги экинзорларни ва уйларни ювиб, жуда катта миқдорда моддий зарар келтирган вайронкор тошқиндан бир неча кун ўтгач, президент тергов учун махсус гуруҳ тузди. У ҳисобот беришлари учун бир ой муҳлат қўйди.

Уч ой ўтди ҳамки, ҳисоботдан ҳануз дарак йўқ. Энди ишчи гуруҳ яна беш ой вақт кераклигини айтмоқда. Аммо дастлабки маълумотларданоқ оддий халқнинг қўрқуви сезилиб турибди: тўққиз киши, жумладан тўғонни қуриш билан шуғулланган мансабдор шахслар ва фирмаларнинг ходимлари ҳибсга олиниб, ўзлаштириш, фирибгарлик, бепарволик, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик қоидаларини бузганликда айбланган. 

Мавҳумлик қанча давом этишини айтиш қийин. Расмийлар тўққиз нафар гумондор шахсдан фақатгина биттасининг исмини ошкор қилишди, аммо юқори лавозимли ҳеч бир мансабдор ёки бизнесмен ҳибсга олинмаганга ўхшайди. 

Айни пайтда тўғоннинг қулашини ўрганган журналистлар таъқиб қилиниб, ишдан бўшатилмоқда. Шунингдек, махсус ишчи гуруҳнинг таркиби ҳайратланарли тарзда тузилган: унга давлат органининг раҳбари сифатида тўғон қуриш учун шартномалар тузган сенатор Абдуғани Сангинов киритилган. 

Оммавий ахборот воситаларида ҳам унинг оиласи қурилишда иштирок этган баъзи фирмаларга боғлиқлиги таъкидланмоқда. Сангинов манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги ҳар қандай гумонларни рад этди.

Терговнинг бундай олиб борилаётгани Мирзиёев 2016 йилда ҳокимиятга келгандан кейин бошланган ислоҳот руҳига ишора қилади. Унинг марҳум ҳамкасби, диктатор Ислом Каримов бутун эпизодни гилам остига ташлаган бўларди. 

Аммо ҳаммадан кўра жаноб Мирзиёев учун фалокат жуда оғир ботган, чунки у тўғон қурилишини бош вазир сифатида назорат қилиб, иш бошланишидан бироз олдин президент бўлди.

Бундан ташқари, Сангинов жаноблари Мирзиёев ҳукуматининг манфаатлар тўқнашуви бўйича айбловларни бекор қилишга мажбур бўлган ягона аъзоси эмас. 

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўнлаб йиллар давом этган ёпиқ диктатурадан сўнг Ўзбекистон яна бизнес учун очиқ эканини намойиш этиш мақсадида “Tashkent city”, йирик офислар, турар жой ва дам олиш мажмуаларини қураётган фирмалар билан алоқаларини тан олди. 

Шаҳар расмийларининг айтишича, шартномалар тегишли назорат остида берилган. Жаноб Ортиқхўжаев эса фирмалар уларни адолатли ва тенг ҳуқуқлилик асосида ютиб олганини таъкидламоқда. 

Дарҳақиқат, унинг нуқтаи назарига кўра, улар лойиҳада асосан фуқаролик бурчидан келиб чиққан ҳолда иштирок этишмоқда.

Каримов даврида Ўзбекистон клан капитализмининг тимсолига айланди. Америкалик дипломат кейинчалик эълон қилинган телеграммада собиқ президентнинг ор-номуссиз қизи Гулнора Каримовани “қароқчи баронесса”, деб атади. 

Ўтган йили Каримова Ўзбекистонда бизнес юритмоқчи бўлган хорижий фирмалардан Америкада 865 миллион доллар пора сўраганликда айбланиб, сўроқ қилинганди. 

Гарчи унга нисбатан суд жараёнлари шаффоф ўтмаган бўлса-да, ҳозир у коррупцияда айбланиб, Ўзбекистон қамоқхонасида сақланмоқда.

Амалдаги расмийлар Каримова ҳокимият тепасидан кетгандан бери Ўзбекистон таниб бўлмас даражада ўзгарган, дея таъкидламоқда. 

Аммо бизнес ва ҳукумат ўртасидаги яқин алоқалар сақланиб қолаётир. Хусусан, Мирзиёевнинг куёви ва унинг юқори лавозимдаги мулозимларидан бири бўлган Ойбек Турсунов бир нечта молиявий фирмаларда, шу жумладан, йирик банк ва тўловлар тармоғида улушларга эга. 

Жаноб Мирзиёев ўзини ошкоралик тарафдори сифатида кўрсатиб, инвестиция муҳитини яхшилаш ва коррупцияни камайтириш бўйича таъсирчан ислоҳотларни амалга оширмоқда. 

Аммо оддий халқ давлат маблағлари шахсий манфаатлар эгалариники эмас, балки жамоат мулки эканига ишонч ҳосил қилишлари керак.

Мақола The Economist нашрида чоп килинган. Муаллиф Joanna Lillis, Элтуз таржимаси

Тағин ўқинг
27 май 2024
Швеция ўз қуролларидан Россия ҳудудларига ҳужум қилишга изн берди. Грузия президенти Россияпараст қонунни бекор қилмоқчи. Андижонда эса кўприк қулади. Путин ...
5 май 2020
2016 йил 29 декабрь куни учинчи отряд бошлиғи олдимга келиб: – Сизга “муассаса ички тартиб қоидасини бузди”, деб ҳужжат ...
1 июл 2020
Power Briefs туркумининг Ўзбекистондаги пахта секторини хусусийлаштириш жараёнида асосий роль ажратилган кластерлар тизимига оид навбатдаги нашри тайёрланди.  Буюк Британиядаги Ольстер университетининг ...
2 август 2018
Албатта, бу Туз деган рассомнинг хаëл маҳсули, холос. Аслида ўзбекистонлик ҳожиларнинг шайтонга тош отгани мана бундай кечди. Шу йил ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...