Кундалик
23 сентябр 2020

Тузилмасдан бўлинган партия

Иқтисод фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақулов уч ой олдин янги партия тузиш пайига тушгандан буён унга кўринмас кучлар томонидан зарбалар берилмоқда.

Бу зарбалар ортида Ўзбекистондаги хавфсизлик кучлари тургани ҳақида иддаолар бор.

Ўзбекистонда ҳукумат чўнтагидан ташқарида бўлган сиëсий партия тузаман деган олим партияни “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партияси деб номлади.

Аммо ҳаракат бошлангандан буён бирор рўшнолик кўрмади.

Унга эргашиб юрган “Адабиёт газетаси” бош муҳаррири ҳам кўплаб тазйиқлар гирдобида қолди. Бу орада ковиддан 45 кунлик карантинга тушиб, ҳаракат эркинлиги чекланди.

Карантиндан чиқиши билан газетанинг сохта сони чоп этилгани ўзбек блогосферасида муҳокамага сабаб бўлди.

Сохта сон аслида журналист Бахтиёр Карим ва газетасининг обрўсини тушириши ва ҳатто тузилажак партияга берилган катта зарба бўлиши керак эди.

Аммо бу Ўзбекистонда журналистиканинг кимларнингдир қўлида ўйинчоқ эканини кўрсатди.

Хидирназар Аллақулов ва Бахтиёр Карим газетанинг сохта сонини чиқарган кишиларни топиб беринглар, деб керакли жойларга арз қилди. Интернет орқали халққа видеочиқишлар тақдим этди.

Газетанинг АҚШдаги халоскори каби кўринган Жаҳонгир Муҳаммад ҳам сохта сон ҳақида чиқишлар қилди.

Ўзбекистонда адолат йўқлигини исботламоқчи бўлиб, сохта газетани бунга мисол қилиб кўрсатди.

Жон куйдиришга асос бор эди. Чунки сохта газетада Жаҳонгир Муҳаммад ҳақида ҳам айрим танқидий фикрлар билдирилганди.

Шунга қарамай, фан ва технологиялар тараққий этган XXI асрда сохта газета ким томонидан чоп этилгани номаълумлигича қолмоқда.

Бу борада журналист Абдуқодир Мўминов ҳам ютубдаги “Кўзгу” каналида сохта газетани чиқарганларни топиш илинжида кўрсатувлар тайёрлади.

Партияга хайрихоҳ бўлиб ўзини ва ютубдаги каналини анча жонлантириб олгани кузатилди.

Аслида Жаҳонгир Муҳаммаднинг тавсияси билан бу ишларни қилаётгани иддао қилинган Абдуқодир Мўминов тез орада Хидирназар Аллақуловнинг ўғиллари қаторига кириб олди. Бироқ бу узоққа чўзилмади…

АҚШдан туриб партия ишларидан хабардор бўлиб тургани айтилган Жаҳонгир Муҳаммад “мен ҳатто партиянинг номини тўлиқ билмайман, Хидирназар домла билан алоқам йўқ”, деб барчани ишонтиришга уринаётган бир пайтда Абубакир исмли чолнинг интервьюси эълон қилинди.

Унда Жаҳонгир Муҳаммад ва Хидирназар Аллақуловнинг ёзишмаларини телеграм орқали бир-бирига Абубакир етказиб бергани айтилган…

Хуллас, иши ўнгидан келмаётган Хидирназар Аллақулов охири тадбиркорларни ҳамкорликка чақирди. Атрофида чўнтаги пулга тўла тадбиркорлар йиғила бошлади. Улар билан бирга яна Абдуқодирнинг ютубдаги каналида чиқишлар қилди.

Аммо кутилмаганда тадбиркорлар ҳукуматнинг одами эканини билган Хидирназар Аллақулов бу хайрихоҳлардан масофаланди. Абдуқодирга ҳам эркин журналистлигида омад тилаб хайрлашди.

Хидирназар Аллақулов ҳақида икки оғиз сўз. У 1956 йил Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида туғилган. Термиз давлат университети ректори бўлиб ишлаган вақтда қўл остидаги ножўя ҳаракат қилган амалдорларни ишдан бўшатиб, ўзига душман орттирган.

2002 йилда университет ректорлигига тайинланиб, икки йил ишлагач, маблағларни талон-тарож қилганликда айбланиб ишдан бўшатилган. Сўнг суд орқали ўзини оқлашишга эришган.

Тағин ўқинг
16 октябр 2020
Азизларим, оға, ини, опа, сингил, катта ва кичикларим. Мана, яна учрашдик. Олдинги учрашувимиздан бери 168 соат ўтибди. Етти марта ...
6 январ 2021
Тошкент халқаро аэропортида икки томонлама шартнома асосида Ўзбекистонга кириб келаётганларни коронавирусга текшириш ишлари билан “Тиббиёт дунёси” МЧЖ шуғулланмоқда. Германия, ...
16 июл 2016
Ўзбекистонда «тинчликни мадҳ этиш учун» мафкура клипи сифатида тайёрлангани айтилаётган айни клип мусиқаси ўзгармаган, бироқ тасвирларда унинг эски нусхаси ...
17 апрел 2023
1970 йилнинг бошида «Битлз»ни тарк этганидан сўнг Пол Маккартни (McCartney) ўзининг илк яккахон альбомини чиқарди. Бу вақтга келиб «Битлз» ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...