Асосий мавзулар
12 октябр 2020

“Қутқаринг, мен эплай олмайман, у мен билан қолса ўлади”

Москвада янги туғилган чақалоқни метронинг кириш жойида қолдиргани учун ўзбекистонлик фуқаро суд қилинмоқда. У 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Москва, Печатники тумани. 6-тергов изолятори. Совуқ темир панжарали тор қафас. Ичкарида кўк кўйлак кийган, қора сочли аёл ўтирибди. У ўзбекистонлик 30 ёшли Мафтунахон Каримова. 

Февраль ойида икки ойлик ўғлини метронинг ўтиш жойида қолдирганча ғойиб бўлган Мафтунахон болани очлик ва касалликдан қутқармоқчи эди. Энди аёл қотилликка уринишда айбланмоқда. 

Мафтунахон оддий ўзбек қишлоғида туғилган. Деярли бутун ҳаёти давомида у ота-онаси билан яшади. Золим отаси хотинини калтаклаган ва шу сабаблими, у руҳий касалликлар шифохонасига тушиб қолган. 

Бир куни Мафтунахон отасига Россияга бориб онасини даволатиш учун пул топмоқчи эканини айтди. Бунга жавобан эса отаси уни уйдан ҳайдади.

Бир ярим йил олдин дугонаси унга хорижга чиқиш паспортини тайёрлашда ёрдам берди. Улар биргаликда Санкт-Петербурггача етиб келишди. 

Мафтунахон маълумоти бўйича – тикувчи. Аммо ўзини боқиш учун турли  ишларга рози бўлишига тўғри келди: балиқ дўконидаги фаррош аёлдан пайвандчигача. Унга кунига ўртача минг рубль тўлашган.

Санкт-Петербургда Мафтунахон бир ватандоши билан танишди. Орадан бир муддат вақт ўтгач, ундан ҳомиладор бўлди.

– Эркак абортни талаб қилди. Улар Ўзбекистонга қайтишлари, ватанида турмуш қуриб, кейин бола кўришларини айтиб ишонтирмоқчи бўлди. Мафтунахон уни ташлаб кетди, – дейди аёлнинг адвокати Александр Тимошенко.

Аёл дугонаси билан бирга Москвага кетишга қарор қилди. Аммо аёллар пойтахтга етиб бормай, Москва яқинидаги Наро-Фоминскда тўхташди. Улар худди шу тарзда дуч келган жойда арзимас чақа учун ишлашди. Бир ойда Мафтунахон омади келган тақдирдагина ўн минг рубль ишлаб топарди. Маблағнинг деярли ярми турар жой учун сарфланган.

Туғишига оз вақт қолганида Мафтунахон Ўзбекистондаги уйига хабар ёзди: “Ёрдам беринг!”

Отаси ва акаси бунга жавобан: “Қайтиб келма! Бу ерда сен бизга керак эмассан». Ўшандан бери аёлнинг қариндошлари билан алоқаси узилган.

Ўтган йилнинг 26 ноябрида Мафтунахон ўғли Исломбекни дунёга келтирди. Унга туққанидан 10 кун ўтгач, болага эса бир ярим ойдан кейин жавоб беришди. Исломбек туғма касаллик билан муддатидан олдин туғилганди. 

Шифохонадан чиққач, Мафтунахон уни уйига олиб кетди. Кўпинча у қўлида чақалоқ билан ишга боришга мажбур бўлган. Ҳар куни болага қараб ўтирадиган одам йўқ эди.  

– Февраль ойида бола шамоллаб қолган. Шифокор унга дори-дармонлар буюрган. Мафтунахон ўзидаги бор пулларини дорига сарфлаган, – дейди адвокат Тимошенко. – Бола очликдан чинқириб йиғлайди. Унда сут йўқ, куч йўқ – ҳеч нарса йўқ. У тушундики, бола ўляпти, эрта ё индин у тамом бўлади. Шу хаёллар билан Мафтунахон болани қутқариш учун уни давлатга беришга қарор қилди.

Мафтунахон қаерга мурожаат қилишни билмай туғруқхонага борган. Адвокатнинг сўзларига кўра, уни қўрқитиш учун полицияни чақиришларини айтиб, у ердан қувиб чиқаришади (кейинроқ перинатал марказдагилар аёл улардан ёрдам сўрамаганини билдиришди). 

Кечга яқин у Наро-Фоминскда болалар уйи ишлаётганини билиб қолди. Аммо улар эшикни очишмади.

Эрталаб бола очликка чидолмай қичқира бошлади. Мафтунахон танишига қўнғироқ қилди. Гўдакни қайнонасига бермоқчи эканини айтиб, уни Москвага олиб боришни илтимос қилди.

Эрталаб соат бешга яқин Мафтунахон келган машина “Ғалаба боғи” (Парк Победы) метро бекати яқинида тўхтади. Ер ости йўлакчасига кириб, у озиқ-овқат машиналарини кўрди. Адвокат таъкидлаганидек, она атрофи иссиқ ўралган жой яқинидаги стулга болани қўйиб, қочиб кетади.

Йўловчилар деярли шу заҳоти болани топиб олишди. Уни касалхонага ётқизишиб, шамоллашга қарши даволашган. Ҳозир у чақалоқлар уйидаги васийлик органлари назорати остида.

М.Каримова хибсхонадан онлайн судда катнашмокда. @Новая газета

Мафтунахоннинг ўзи видеокузатув камералари ёрдамида топилиб, эртасига, 13 февраль куни ҳибсга олинган. Дастлаб у Жиноят кодексининг 125-моддаси (хавф остида қолдириш) билан айбланган. 

Бу модда бўйича энг кўпи билан бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Александр Тимошенконинг таъкидлашича, бундай ишларга алоқадор шахслар, қоида бўйича, “жаримага тортилади, аммо одатда ҳақиқий қамоқ жазоси берилмайди”.

Кейинроқ Мафтунахонга нисбатан жиддийроқ жиноят – “вояга етмаган болани ўлдиришга уриниш” айби қўйилди ва уни 15 йилгача озодликдан маҳрум қилишмоқчи.

Ҳимоячининг таъкидлашича, жиноят квалификациясининг ўзгариши бир неча оммавий ахборот воситалари, асосан, Россия телеканалларининг Мафтунахонни боласини “қорда ўлиб кетиши” учун қолдиргани ҳақидаги хабарлари фонида содир бўлган.

“Мафтунахон болани ўлдиришни тасаввур ҳам қилмаган, у боласини қутқармоқчи эди. У ниҳоятда умидсиз, қийин вазиятга тушиб қолганди. У қаерга бориши ва нима қилиш кераклигини узоқ муҳокама қилишингиз мумкин. 

Полицияга мурожаат қилиш? У бундан қўрқади ва шунчаки номини айтишса ҳам титрайди. Болалар қутисини (бэби бокс) излаб топиш? У бу нима эканини ва қаерда борлигини билмайди. 

Ижтимоий таъминот органларига қўнғироқ қилиш? У деярли рус тилини билмайди. Биз ўз даражамиз кенглигидан келиб чиқиб фикр юритамиз, унинг учун бу космос. 

У қўлидан келган ҳамма нарсани қилди: болани одамларга олиб борди. “Сақлаб қолинг, менинг имконим йўқ, у мен билан қолса ўлади”, деган хаёлда бўлган”, дейди Александр Тимошенко.

Олти ойдан кўпроқ вақтдан буён Мафтунахон Печатникидаги 6-изоляторда ҳибсда ўтирибди. У ерда ўтириш аёлга осон эмас. 

Адвокатнинг сўзларига кўра, унинг ёрдами билан бир неча марта унга посилкалар берилган. Буни кўриб, Мафтунахонни ёқтирмаган маҳбуслардан бири таҳдид қила бошлаган: “Адвокат сенга ёрдам беряпти, посилкалар юборяпти, бизга эса йўқ. Шунинг учун мен сени ўлдираман».

Гарчи адвокати уни ўғлининг тириклигига ишонтирган бўлса-да, бир сафар камерадоши Мафтунахонга бунинг тескариси айтади. Шундан сўнг учрашувларнинг бирида аёлнинг аҳволи ёмонлашиб, тез ёрдам чақирилди.

Сентябрь ойида тергов якунланди. Ўтган ҳафта жиноят иши Дорогомилов тумани судига ўтказилди. Иш ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилади. Адвокат Александр Тимошенко Мафтунахоннинг тўлиқ оқланишига ишонмоқда.

“Қотилликка уриниш қасддан қилинган ҳаракатдир. Мафтунахонда заррача ҳам бундай мақсад бўлмаган. Умид қиламанки, судда ғалаба қозониб, болани унга қайтариб берамиз. Аёл учун боласи зулмат оламида ёруғлик нуридир”, деди адвокат.

Унинг сўзларига кўра, мигрантлар учун давлат идораларидан ёрдам сўраш жуда қийин. Улар ҳар куни камситишларга дуч келишмоқда. Улар шунчаки ташқи қиёфаси сабабли доимий равишда полиция томонидан тўхтатилади, бу ноқонуний амалиётдир. Табиийки, уларнинг давлат муассасаларига ишониши қийин.

Жамият ташкилотига мурожаат қилиш бироз осонроқ. Аммо улар буни танишларидан кимдир маслаҳат берсагина қилишади. 

“Пандемия пайтида биз мигрантларнинг оилаларига ёрдам берганимизда, кўпчилик биз уларни алдаяпмиз, деб ўйлаб кўмакни рад этишди, – дейди адвокат. – Муҳожир аёллар кам ҳолатларда ёрдам сўраб мурожаат қилади. Бизга ҳеч қачон болаларни жойлаштириш масаласида боғланишмаган. Москвада аборт қилиш мумкин бўлган жойни сўрашган, лекин бу ҳам асосий талаб эмас эди”.

Гап шундаки, туғиш, ҳомиладорлик ёки уни тўхтатиш истаги мигрант аёллар учун жуда нозик мавзудир. Агар сиз ўз оилангиз бўлмай, никоҳсиз туғадиган ёлғиз аёл бўлсангиз, кўпчилик буни уятли, шармандали ҳолат деб билади. 

Шу асосда муҳожирлар қариндошлари билан жуда кучли зиддиятларга боришади. Шунинг учун улар жамоат ташкилотларига қараганда дўстларининг маслаҳатига мурожаат қилишга кўпроқ тайёр бўлишади.

Одатда уларнинг жамоат ташкилотларига мурожаатлари меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ёки тажовуз қилиш билан боғлиқ. Бир марта Москвада Тожикистон фуқароси калтакланиб, унинг юзига жуда катта жароҳат етказилди. У эскириб қолган регистрацияси билан полицияга мурожаат қилди. Натижада уни шунчаки у ердан қувиб чиқаришди.

Давлат идоралари мигрантларни бирор нарсадан, жумладан, жиноятдан азият чекиши мумкин бўлган одам сифатида кўрмайди. Кўпинча улар мигрантларга жиноятчи дея қарашади. 

“Агар сиз милицияга мигрант билан борсангиз, ходимлар тизимида носозлик чиқиб қолади. Уларнинг кундалик амалиёти ёрдам эмас, ҳайдаб чиқаришдир”, дейди адвокат.

Мақола оригинали «Новая газета» нашрида босилган. “Элтуз” таржимаси

Тағин ўқинг
31 январ 2018
31 январь куни МХХ раиси Рустам Расулович Иноятов ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг МХХ ва прокуратура ходимлари иштирокида ...
14 август 2020
Яна ҳафта айланиб сиз билан юз кўришиб турибман. Мағрурсиз, масрурсиз  ва орангизда севгидан мажнун, ҳаëтга мафтун кишилар бор. Фақат ...
21 апрел 2021
Ўзбекистонда Рассомлар куни муносабати билан бугун – 21 апрель санасида рассом Элсевар дўстлик ҳазили сифатида ҳамкасби рассом Туз расмини ...
3 август 2018
Тушликдан сўнг Боқижон менинг шконкамга келиб ёнимга ўтиради ва «сайр» пайтида узилган суҳбатини давом эттиради… Фарғоналик 38 яшар бу ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...