Асосий мавзулар
15 октябр 2020

Карантин зонадаги ковид беморлардан пул талаб қилаётган тиббиёт ходимлари

42 ёшли Баҳром вирус юқтириб олганини аҳволи ёмонлашгандан сўнг таҳлил топширгач билди. Унда нафас етишмовчилиги бўлгани учун зудлик билан сўнгги пайтларда карантин зонага айлантирилган Андижон шаҳри шифохонасига олиб келинди. 

Орадан бир ҳафта ўтса-да, Баҳромнинг аҳволи яхшиланиш ўрнига тобора оғирлашди. Уни икки марта сунъий нафас олиш аппаратига улашди. Баҳромнинг қўлида телефон бўлса-да, аҳволи оғирлиги учун гаплашолмасди. 

Шунда ҳам у сўнгги кун қўнғироқ қилган хотини билан базўр гаплашиб, ундан рози-ризолик сўради. Тиббиёт ходимлари беморларга қарамаётганини айтди. Беморнинг хотини типирчилаб қолди. 

Телефон орқали бўлимдаги бир санитарка билан боғланиб, унга: “Эримга яхшилаб қаранг, ош-овқати, айниқса, сувини бериб, дори-дармонига эътибор қилиб турсангиз, пластик картангизга ҳар куни 50 минг сўмдан пул тушириб тураман. Эрим тузалиб чиқса, уйдаги барча тиллаларим сизники. Қўрқманг, бу гап ўртамизда қолади, сизни ҳеч кимга айтмайман”, дейди. 

Аёл рози бўлади. Шундан сўнг Баҳром тузала бошлади. 

– Эртага эрим касалхонадан уйга келади. Мен у аёлга берадиган тиллаларим –битта занжир, битта узук ва бир жуфт зиракни тайёрлаб қўйдим, – дейди Баҳромнинг хотини К. 

“Тўғриси, хотиним қўнғироқ қилган куни ўлиб қоламан деб ўйлагандим. Бир томондан, нафас ололмайман. Докторга ишора қиламан, индамай чиқиб кетади. Орада иситмам кўтарилиб, жиққа терга ботиб соатлаб ётаман, бирорта ходим хабар олмайди. 

Бунинг устига, ўша кунлари иситмаданми, жуда қаттиқ чанқоқ ҳис қилдим, бироқ сув қаерда? Биров аҳволинг нима демайди. Тузукроқ гапиролмайман, имо-ишора қиламан, бир марта ҳамшира кўзимга бўзрайиб қараб туриб бир стакан сувни олдимдаги тумбочка устига қўйиб кетди. Уни олиб ичишга мадорим йўқ эди. Шу билан ўша ерда қолиб кетаверди. Эртаси куни олиб чиқиб кетишди стаканни. 

Бу қанақа касалхона? Менга уколларни ҳам суткада 2-3 тадан қилишди. Шифокору ҳамшираси, ҳатто санитаркалар ҳам жуда қўпол, ширинсўзи йўқ. Мен ётган хонада беморлар оғирлашса, сунъий нафас берадиган аппаратни шартта узиб олиб чиқиб кетишяпти. Шунда “э-ҳа, буларнинг мақсади касалларни ўлдириш экан”, деб ўйлаб қолдим. 

Бу ер – мен ётган жойда ҳам ўликлар кўп. Мен ётган хонага докторлар ҳар сафар кириб чиққанида касалхона йўлагида ётган ўликларга кўзим тушади”, деди ковид билан касалланган Баҳромнинг ўзи “Элтуз” билан суҳбатда. 

Андижон шаҳрида яшовчи эгизак келинчаклардан бири – Фотима айнан шу карантин зонада вафот этди. Яқинларининг айтишларича, тўлғоқ билан борган келинчакнинг иситмаси борлиги туфайли ҳеч қайси туғруқхона қабул қилмаган. 

Карантин зонада ҳомиладор Фотима тугул оддий беморларга ҳам шароитлар йўқ эди. Она ҳам, бола ҳам нобуд бўлади. Ачинарлиси, Фотиманинг яна бир – 3 ёшли боласи етим қолди. 

– Шифохона ходимларининг масъулиятсизлиги, ким пул узатса, ўшанга яхши қараб, бошқаларга эътибор бермаётгани кўп беморларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда, – дейди шу касалхонада яқинда даволаниб чиққан беморлардан бири. 

Мазкур шифохонадаги абгор шароит, хусусан, жой етишмаслигидан беморларнинг коридорларда, бетон устида ётгани, иссиқ сув йўқлиги ижтимоий тармоқларда суратлари билан тарқалди. 

Шундан сўнг Андижон вилояти ҳокимлиги ҳолатни назоратга олганини матбуот хизмати орқали маълум қилди. 

– Агар ҳокимлик ва соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари эртароқ “уйғонган”ларида, ёшгина жувон ва унинг ҳали ёруғ дунёни кўрмаган боласи нобуд бўлмаган, бир гўдак онасидан айрилмаган бўлар эди, – дейди Фотиманинг жанозасида иштирок этган маҳалладошларидан бири.

Шароитлар-ку назоратга олингандир. Бироқ виждонини пулга сотаётган тиббиёт ходимларининг таъмагирликларини ким назоратга олади? Ахир, карантин зонадаги шифокорларнинг беморларга яхши қарамаётгани, таъмагирлик қилаётгани юзасидан кунора кўплаб мурожаатлар бўлмоқда.   

Андижондаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилувчи И. коронавирусга  чалинган кекса онасини айнан шу шифохонага жойлаган эди. Сўнгроқ онаси ўғлига қўнғироқ қилиб, бу ердагилар беморларга пул эвазига қарашларини айтади. Ўғил ҳам шу куниёқ пул келтиради. 

– Пул берганларга яхшилаб қарашар экан, бўлмаса аппаратга уланган беморга ҳам раҳм қилмай, аппаратни шартта олиб, пул берган беморга улашар экан. Бу докторларга шунча пул тўланаётган бўлса, яна қайси виждонлари билан касаллардан пул оларкин? Менинг-ку пулим етарли, пандемия даврида бор-будини бола-чақаси билан еб тугатган оилалар нима қилади бу аҳволда? Буларни тартибга соладиган ташкилот ё бирор амалдор бормикин? – дея куюнади И.

Андижон шаҳри касалхонаси карантин зона сифатида илк бор 17 август куни иш бошлаганди. Шу куни вилоят бўйича танлаб рўйхатга олинган 100 нафар тиббиёт ходими ковид беморларини даволашга жалб этилганди. 

Элтуз

Тағин ўқинг
26 ноябр 2022
Нукусдаги воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси таклифи ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, намойишларда қатнашиб Ўзбекистон мунтазам армияси ва ...
2 декабр 2019
Қирғизистон миллий тасвирий санъат музейи директори Мира Жангарачева феминнале кўргазмасини ташкил қилгани учун ишдан олинди. Бу ҳолатни қирғиз матбуотига ...
13 сентябр 2021
Эри, қайнатаси ва қайноғаси қотилликда гумонланиб тергов қилинаётган, Қашқадарё вилояти Миришкор туманининг Чандир қишлоғида яшовчи Муножат Эгамова бунга уларнинг ...
3 июл 2017
1-июлдан Ўзбекистонда интернетга расмий руҳсатсиз клип қўйиш тақиқланди. Озодбек Назарбеков ёшлар каналига рахбар бўлди. «Камолот» ҳаракати тугатилди. «Ёшлар иттифоқи» ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...