Газчи қарздорлиги сўндирилмаган уй эгаси томонидан ўлдирилди
Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги “Дўстлик” МФЙда яшовчи 29 ёшли Фарруҳ Каримжонов уйига қарздорликни сўндиришни сўраб келган туман газ идораси ходими 50 ёшли Қаҳрамон Шомуродовни пичоқлади.
Айбланувчининг ИИБ вакилларига билдиришича, 9 октябрь куни 18:00 атрофида туман газ корхонаси ходими унинг уйига келади. Газдан қарзи борлигини, уни сўндириши зарурлигини айтади.
Ўртада келишмовчилик пайдо бўлади. Икки томон ярим соатдан ошиқроқ давомида тортишади. Ёнида пичоғи бўлган Фарруҳ Каримжонов совуқ қурол билан газ корхонаси ходимини дастлаб қўрқитмоқчи бўлади.
Бироқ шаштидан қайтмаган Қаҳрамон Шомуродовга кетма-кет пичоқ санчади. Юз, елка ва қорин қисмидан оғир жароҳат олган газчи воқеа жойида вафот этади.
“Элтуз” мухбири марҳумнинг яқинлари билан боғланди. Айбланувчи билан боғланиш имкони бўлмади.
Марҳумнинг рафиқаси улар асли Навоий вилояти Нурота туманидан бўлиб, Сирдарёга кўчиб келганидан буён эри туман газ идорасида ишлаётганини маълум қилди. Шу вақтгача эрида иш юзасидан пичоқланиш ҳолати кузатилмаган.
Марҳумнинг рақифаси эри бир-икки бор қарздорлиги бўлган фуқаролар томонидан калтакланганини айтди. У тўрт фарзанди борлигини, эрининг вафотидан сўнг оиласида моддий, маънавий қийинчилик бўлишини маълум қилди.
Сирдарё тумани ИИБга яқин мулозимнинг билдиришича, воқеа юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Суд-экспертиза ишлари бўйича дастлабки хулоса олинган.
Тўпланган маълумотлар асосида гумонланувчи Фарруҳ Каримжоновга Жиноят кодексининг 97-моддаси, яъни қасддан одам ўлдириш айби қўйилган.
Eltuz.com