Document UZ
30 ноябр 2020

Ўзбек форуми: Кўп ишлар қилинди, лекин ҳали тўхташга асос йўқ

Ўзбекистон пахтачилик тармоғида болалар меҳнатига барҳам берилиши, катталар мажбурий меҳнатининг сезиларли даражада камайишида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми (собиқ Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми – ЎГФ)нинг ҳам жуда катта хизматлари бор. 

“Ўзбекистон пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнат бўйича 10 йиллик мониторинг ва ҳисобот”да ташкилотнинг, таъбир жоиз бўлса, ўн йиллик меҳнати натижалари хулосаланган. 

Ташкилотнинг 2010 йилги ҳисоботи болаларни меҳнатга жалб этишнинг оғир оқибатларига бағишланган эди

Унда ташкилотнинг ҳар бир йил бўйича қилган ҳисоботларининг асосий жиҳатлари, бажарилган ишлар, бу йўлдаги баъзи қийинчиликлар, марралар ва ютуқларга эътибор қаратилган.

Айниқса, ташкилот ўзига мониторинг ўтказишда яқиндан ёрдам берган жасур маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг ишларини, халқаро ташкилотларнинг қўллаб-қувватловларини эслатиб ўтган. 

“Ҳанузгача мажбурий меҳнат тизимининг жамият ва иқтисодиётга етказган улкан оқибат ва йўқотишлари, шу билан бирга, сон-саноқсиз шахсий фожеалар билан курашишга Ўзбекистоннинг қурби етмаяпти”, дейилади “Ўзбекистон пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнат бўйича 10 йиллик мониторинг ва ҳисобот”нинг кириш қисмида. 

Ташкилотнинг 2009 йилда ўтказилган мониторинг натижаларига бағишланган ҳисоботида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари фаоллари ва Ўзбек форуми ташаббуси билан имзоланган ва ўзбек пахтасини бойкот қилишга чақирилган петиция ушбу масаладан хабардорликни оширгани билдирилганди. 

Суратда: Фаолияти учун таъқиб қилинган ҳуқуқ фаоллари Малохат Эшонқулова ва Елена Урлаева

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми (қисқача – Ўзбек форуми) нодавлат нотижорат ташкилотлар, олимлар, инвесторлар, саноат ва касаба уюшмаларидан иборат “Пахта кампанияси” (Cotton Campaign) халқаро коалициясининг яқин ҳамкорига айланди. Ўзбек форумининг пахта йиғим-теримини мустақил равишда мониторинг қилиши “Пахта кампанияси” тарғибот ва коммуникация стратегиясининг асосини ташкил этади.

2010 йилги мониторинг натижалари сарҳисоб қилинган ҳисоботда “еттинчи синфдан юқори бўлган болалар узоқ вақт оиласидан ажралган ҳолда ачинарли жойда яшаб, кўпинча сувсиз, иссиқлик манбаисиз ва озиқ-овқат етишмайдиган шароитда ётоқда қолиб” пахта тергани айтилади. 

Айнан ўша йили Ўзбек форуми пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиш кўлами тўғрисида биринчи видеорепортажини чиқарганди.

2011 йилги ҳисоботида Ўзбек форуми давлат томонидан уюштирилган мажбурий меҳнат тизимини фош қилади. Болалар меҳнатидан фойдаланишни мониторинг қилиш жараёнида расмийлар мустақил журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини таъқиб қилишгани ва ҳибсга олишгани баён этилади.

Мазкур ҳисоботда “Ўзбекистон ҳукумати болалар ва мажбурий меҳнат мавжудлигини инкор этиши баробарида халқаро ҳамжамиятнинг аксарияти муаммонинг жиддийлигига енгил қарагани” ҳам қайд этилганди.

Суратда: Ўзбек форуми рахбари Умида Ниёзова

2012 йилги қўшма ҳисоботда Ўзбек форуми ва “Пахта кампанияси” Ўзбекистон ҳукуматини болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнатига барҳам бериш учун тезкор чоралар кўришга чақириб, Халқаро меҳнат ташкилотига юқори даражадаги уч томонлама кузатувчилар миссияси тузишни тавсия қилганди. 

2012 йил июль ойида халқаро босимга жавобан ўша пайтдаги бош вазир Шавкат Мирзиёев болалар меҳнатини тақиқловчи миллий қонунчиликка мувофиқ, мактаб ўқувчиларини энди пахта теримига жўнатмаслик тўғрисида буйруқ чиқарганди. 

Бироқ ушбу илк қадам жуда ёш болаларни қамраб олиб, ўрта мактаб ўқувчилари ва коллеж талабалари  ҳануз давлат томонидан пахта теримига юбориларди. 

2013 йилда эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилотига (ХМТ) “Пахта кампанияси” кўп йиллардан буён амалга ошириб келаётган терим мониторинги учун мамлакатга киришга рухсат бергани, лекин ХМТ давлат хизматчилари ҳамроҳлигидаги иш жараёнида мажбурий меҳнатга жалб қилишга доир ҳеч бир ҳолатни аниқлай олмагани тилга олинганди. 

Мазкур ҳисоботда 2013 йилда мажбурий меҳнат тизими натижасида ўн битта фуқаро оламдан кўз юмгани, масалан, пахтани тераётган онасига ҳамроҳлик қилган олти ёшли бола ухлаб ётганида устига пахта юкланиши оқибатида бўғилиб ўлгани, жасади фақат тиркама бўшатилгандан сўнг топилгани қайд этилади.

Айни ўша йили юздан ортиқ компания ўзбек пахтасини сотиб олмаслик тўғрисидаги кафолатни имзолаганди.

2014 йилги ҳисоботда ўша куз мактаб ўқувчилари пахта йиғим-теримига бормай, мактабда қолишига рухсат берилган илк куз бўлгани айтилади. 

Бу ҳисоботда ҳукуматнинг пахта етиштиришдаги товламачиликлари кўлами ҳамда “Женерал моторс” ва “Телиа сонера” сингари трансмиллий компанияларнинг иштироки фош этилган.

2015 йилги ҳисобот “Ўзбекистоннинг оқ олтинини оқартириш” деб номланганди. Унда пахтадан келадиган даромадлар Қишлоқ хўжалиги жамғармасига келиб тушиши, аммо у миллий бюджетга киритилмаслиги айтилганди. 

2016 йил Ўзбекистонда янги президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимият тепасига келишига тўғри келди. Аммо ўша йилги ҳисоботда бу ўзгариш мажбурий меҳнат тизимини тубдан ўзгартиришга олиб келмагани қайд этилган.

2017 йил ёзида Ўзбек форуми талабаларни пахта теримига сафарбар қилишни тўхтатишга чақирилган петицияни бошлайди.

Ўша йили Ўзбек форуми Human Rights Watch билан ҳамкорликда 2015 ва 2016 йиллардаги терим ҳақида 115 саҳифали ҳисобот тайёрлади ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ярим миллиард долларлик лойиҳаларидаги болалар ва мажбурий меҳнат билан алоқаларни очиб берди. 

Бу саъй-ҳаракатлар президент Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида БМТ минбаридаги нутқида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш тарихий равишда жамоатчилик томонидан тан олинишига олиб келди.

Мирзиёевнинг нутқидан сўнг Жаҳон банкининг ўша пайтдаги президенти Жим Ёнг Ким Мирзиёевни мажбурий меҳнатга барҳам бериш учун ислоҳотларни амалга оширишга чақирди. 

Эртаси куни Ўзбекистон талабаларни ҳамда соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг бир қисмини пахтадан қайтаради. Ўшандан бери талабалар пахта теришга мажбурланмаган.

Ўзбек форумининг 2017 йилги “Биз қўрқувдан пахта терамиз” (“Wе Pick Cotton out of Fear”) сарлавҳали ҳисоботи доимий равишда олиб борилаётган мажбурий меҳнатни тасдиқлаб, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва мажбурий меҳнатни Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар билан қайта боғлайди. 

Шунингдек, ҳисоботда марказий ҳукумат ҳудудий ва маҳаллий ҳокимликларга теримчиларни сафарбар қилиш бўйича кўрсатмалар беришда давом этаётгани айтилади.

Худди ўша йили Ўзбекистон ҳукумати давлатнинг азалий монополиясига чек қўйиш учун пахтачиликни хусусийлаштиришни бошлайди.

Ўзбек форумининг 2018 йилги ҳисоботида далаларга юборилган теримчилар сонини қисқартириш бўйича эришилган сезиларли ютуқлар тан олинса-да, ишлаб чиқариш режалари каби тузилмавий омиллар туфайли кенг тарқалган мажбурий меҳнат давом этгани таъкидланади.

Шу билан бирга, фермерларнинг вазияти тобора хавфли бўлиб бораётгани, пахта режаларини бажармагани учун улардан ерлари олиб қўйилаётгани, баъзан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари бўлаётгани ҳақида хабар берилади. 

Айнан ўша йили Ўзбек форум ташкилоти “халқаро эътирофга лойиқ муҳим иш”и учун Инсон ҳуқуқлари ва бизнес мукофотига номзод бўлиб, ташкилот рахбари Умида Ниёзова Ўрта ер денгизи журналистлари форумининг “Тинчлик учун репортёр” мукофотини олди.

Ўзбек форумининг 2019 йилги терим ҳисоботида хизматчиларни ишга ёллаш бўйича самарали усулларнинг етишмаслиги ҳукуматнинг мажбурий меҳнатдан фойдаланишда иштирок этишининг олдини олишдаги асосий тўсиқ сифатида келтиради.

Бундан ташқари, Ўзбек форуми фермерларнинг ерлари хусусий пахтачилик корхоналари фойдасига ноқонуний равишда мусодара қилинганлиги тўғрисида хабар беради. 

Бу пайтда Европа Иттифоқи парламенти Ўзбек форуми ва бошқа ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари ва мажбурий меҳнатни бекор қилиш борасидаги вазиятни яхшилаш бўйича тавсияларини маъқуллайди.

2020 йил март ойида Ўзбекистон ҳукумати ниҳоят Ўзбек форуми ва бошқалар йиллар давомида кузатиб келган мажбурий меҳнатнинг асосий таянчларидан бири бўлган давлат пахта режасини бекор қилди. 

Айни пайтда Ўзбек форуми Мирзиёев ислоҳотлари дастури самарадорлиги ва барқарорлиги учун синов бўлган 2020 йилги теримни мониторинг қилмоқда. 

Ҳали хулоса қилишга эрта бўлса-да, дастлабки далиллар мамлакат бўйлаб мажбурлаш ва товламачилик ҳолатлари учраганини тасдиқлайди.

Демак, Ўзбек форуми ва мажбурий меҳнатга қарши курашувчи турли ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари олдида ҳали бу йўналишда қилиниши керак бўлган анча ишлар турибди…

Иловада: Ҳисоботнинг тўлиқ PDF нусхаси

Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 ноябр 2019
Ўзбекистонлик инсон ҳақлари фаоли Аъзам Турғунов 31 октябрь куни Прагада ўтган тақдимотда People in Need халқаро ташкилотининг «Жасорат» мукофотига ...
10 октябр 2016
Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик ...
15 декабр 2023
Мана хафта айланиб сиз билан яна юзма юз, бетма бетман. Яхшимисизлар азизлар. Ташқарида қаҳратон совуқ бўлса ҳам, дийдорингиз иссиқ. ...
30 январ 2019
Швециядаги «Экспрессен» интернет нашри 28 январь куни мамлакатдан Ўзбекистонга депорт қилинаётган навбатдаги ўзбек оиласи ҳақидаги мақолани чоп қилди. Ғаффоровлар ...
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...