Асосий мавзулар
9 ноябр 2021

ТИВ ходими Ўзбекистонда афғон қочқинлари йўқлигини айтмоқда

Ўзбекистон расмийлари мамлакатда афғон қочқинлари борлигини рад этишмоқда. Ҳуқуқ фаоллари эса, ўз навбатида, уларнинг сони юзлаб эканини айтишмоқда. Термиз ва Тошкент шаҳарларида сафарда бўлган «Немис тўлқини»   (Deutsche Welle) мухбири шундай оилалар билан учрашиб суҳбатлашгани ҳақида ёзди.

Уларнинг бири, мақола муаллифига кўра, афғонистонлик журналист ва аёллар ҳуқуқи фаоли, икки ўғилнинг онаси, 26 ёшли Марина исмли аёлдир. Август ойининг ўрталарида Афғонистонда ҳокимиятни толиблар босиб олган пайтда у икки фарзанди, эри, опаси ва унинг оиласи билан биргаликда Мозори Шарифни тарк этиб,  қочишга муваффақ бўлган.

Ҳозир улар Тошкентда, бир қанча халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари кўмагида олинган квартирада яшашмоқда. Шу пайтгача Маринанинг оиласи руҳларини чўктирмасликка ҳаракат қилиб келишган, бироқ кейинги кунларда бу жуда қийин бўляпти, дея ёзади DW журналисти.

«Бутун оиламиз мени дея қўрқишади. Чунки мен ҳамиша толибларга қарши гапириб келганман. Мозори Шарифда қаттиқ отишмалар бўлган. Қандайдир тасодиф билан ўзбек визасини олишга муваффақ бўлдик, биз кетишимиз билан чегараларни ёпишди», дея ҳикоя қилади Марина DW билан суҳбатида.

“Биз қолишни хоҳлардик, лекин улар бизни топишарди”

Афғонистонда Маринанинг тўрт опа-синглиси ва ота-онаси қолган, шу боис исми шарифини айтишга қўрқади, қариндошларидан қасд  олишлари мумкинлигидан қўрқади. Унинг журналистика ва фаоллик билан шуғуллангани унга Афғонистонда толибларнинг ўлим ҳукми чиқаришига асос бўлиши мумкин.

«Биласиз-ку, Афғонистонда ҳозир журналистларга қарши вазият қандайлигини. Уларни отишяпти, ўлдиришяпти, уришяпти, қийнашяпти… Биз қолишни хоҳлардик, лекин бу жуда хатарли бўларди. Улар бизни топишарди», дейди Марина DW мухбири билан суҳбатида.

Мақола муаллифига кўра, ҳозир Марина ва унинг оиласи хатардан йироқда, бироқ бу фалокат ортда қолганини англатмайди. Аёл Тошкентдаги квартирасидан ташқарига чиқишга қўрқади. Чунки у ҳукумат одамлари ёки «Толибон»га яқин шахсларга дуч келиши мумкин.

Энг ёмони, яқин кунларда уларга берилган уч ойлик виза муддати тугайди. Ўзбекистон эса қочқинлик мақоми ҳақидаги БМТнинг Женева конвенциясини имзоламаган, ўз-ўзидан на унга ва на қариндошларига бундай мақом берилмаган.

«11 ноябрь куни бизнинг икки йўлимиз қолади. Қаршимизда икки эшик қолади. Ё биз янги ҳаётни бошлаймиз, ё Афғонистонга қайтиб кетамиз»,дейди Марина.

Ўзбекистонда қочқин мақомисиз 

Ҳуқуқ фаоллари ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистонда бир неча юз афғон қочқини бор. Улар ҳам Марина ва унинг оиласи каби қийинчиликларни бошдан кечиришмоқда. Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш уюшмаси (AHRCA)га кўра, Афғонистондаги ҳокимият «Толибон»га ўтгач, у ердан камида 2000 одам қўшни Ўзбекистонга кўчган. Мантиқан олганда, бу одамларнинг ҳаммаси қочқиндир, лекин ўзбек қонунчилигида қочқинлик мақоми бериш кўзда тутилмаган», дея таъкидлайди AHRCA раҳбари Надежда Отава DW мухбири билан суҳбатда.

Тошкентда истиқомат қилувчи фаол, сиёсий таҳлилчи Анвар Назировнинг сўзларига кўра, афғон қочқинлари мақомининг ноаниқлиги уларнинг Ўзбекистон ҳукумати олдида заифлигини англатади. Ахир визалари тугагач, улар де-факто ноқонуний муҳожирларга айланишади. 

“Кейин ноқонуний ҳуқуқий мақомда бўлиб, улар босим, товламачилик, коррупция ва ҳоказоларга дуч келишлари мумкин”, дейди у. Назировга кўра, афғон қочқинлари учинчи давлатдан қочқин мақомини олгунча Ўзбекистон ҳукумати уларнинг визаларини янгилашига рухсат бериши керак.

«Бу ерда ҳеч қандай қочқинлар йўқ»

Ўзбек матбуотига кўра, мамлакат ТИВ раҳбари виза муддати тугаган афғонларни ватанига депорт қилмасликни ваъда қилган. Бироқ мақола чоп этилиши керак бўлган пайтга келиб ҳам DW Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни тасдиқламаганинини билдиради.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукумати Афғонистондан янги келганларга нисбатан ўз позициясини билдирди, дея ёзади мақола муаллифи. 

“Мамлакатимизда қочқинлар йўқ, биз уларни қабул қилмадик. Дастлаб қочқинлар оқими бўлганида, биз «Толибон» билан гаплашганмиз. «Толибон» улар билан гаплашиб, ҳамманинг уйига қайтишини сўраган ва уларнинг барчаси ўз ихтиёри билан мамлакатларига қайтишган, Ўзбекистонни тарк этишган”, дея иқтибос келтиради DW ТИВ матбуот котиби Юсуф Қобулжоновдан.

Қобулжоновнинг фикрича, Ўзбекистонга келган афғонларнинг бир қисми «Толибон»нинг ҳокимиятни эгаллаб олганини баҳона қилиб, яхши ҳаёт излаб ватанларини тарк этишган. «Балки Афғонистондан одамлар оқими кучайган дастлабки пайтда келганида уларнинг бирлари ҳақиқатан ҳам қочқин бўлгандир, айримлари эса бу вазиятдан яхшироқ ҳаёт излаб фойдаланмоқчи бўлганлардир. Ғарб давлатлари Ўзбекистондан олиб кетишларини истаб, улар Афғонистонни тарк этишган”, дея ҳисоблайди у.

Қочқинлар ҳақида ўзбеклар нима демоқда

Амударё бўйида, Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида жойлашган Термиз шаҳри турғунлари ҳам мамлакат ҳукуматининг сўзларини такрорлайди. 

«Бу ерда қочқинлар йўқ. Бу ерда узоқ йиллардан бери яшайдиган афғонлар бор. Уларнинг кўпини биламан», дейди бозорда уй-рўзғор буюмлари сотувчи аёл. 

Фақат бир харидор DW нашрига баъзи афғон қочқинлари шаҳардаги қурилиш майдончаларида ишлаётганини айтди.

Шу билан бирга, ҳаммаси бир овоздан Ўзбекистон ҳукуматининг қўшни Афғонистон билан муносабатларни ривожлантириш борасидаги ҳаракатларига ишонишини таъкидлашди. 

«Ўзбек аскарлари бизни ҳимоя қилиш учун кечаю кундуз чегарада навбатчилик қилмоқда. Шу боис бехавотир шу ерда ўтириб савдо қилпяпмиз», деди ёнғоқ ва қуритилган мевалар сотувчи аёл DW нашрига .

Термизда нима гаплар?

Афтидан қўшни Афғонистондаги янги ҳукумат ҳақида гап кетганда, Тошкент кескинроқ гапиришдан қочишга уринаётганга ўхшайди. Бир томондан, аҳолисининг аксарияти мусулмонлар бўлган Ўзбекистон ҳукумати узоқ вақтдан бери мамлакатдаги мусулмонларнинг радикаллашуви эҳтимолидан қўрқади. Катта эҳтимолда Кобулдаги исломчилар Ўзбекистон ҳукуматини хавотирга солмоқда. Тошкент ҳали «Толибон» ҳукуматини расман тан олмаган.

Бошқа томондан, Ўзбекистон расмийлари ва «Толибон» ўртасида аллақачон музокараларнинг бир қанча раундлари бўлиб ўтган. Афғонистон Ўзбекистон учун муҳим савдо шериги ҳисобланади. Ҳар куни Афғонистондан келаётган юк машиналари Термиздан ўтиб, турли товарлар, жумладан, картошка ва ловия олиб ўтади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беради ва Афғонистон орқали Покистонга ўтувчи темир йўл линияси қуришни режалаштирмоқда, бунинг натижасида Ўзбекистон денгиз портларига чиқиш имкониятига эга бўлиши мумкин.

«Афғонистон Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга. Аввало, миллий хавфсизлигимиз, минтақавий хавфсизлигимиз, иқтисодий манфаатларимиз нуқтаи назаридан», дейди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Юсуф Қобулжонов ва Афғонистондан жанубий денгизларга чиқиш, яъни транзит йўли муҳимлигини урғулайди.

«Биз реал ҳақиқатдан келиб чиқиб ҳаракат қиляпмиз. Бугунги кунда бошқа муқобил йўл йўқ», дейди у Ўзбекистон ҳукуматининг Қобулдаги «Толибон»га нисбатан позициясини шарҳларкан.

Тушкун бир ноаниқлик

Сиёсий таҳлилчи ва ҳуқуқ фаоли Анвар Назиров фикрича, Ўзбекистондаги афғон қочқинлари айни сиёсий муросанинг гаровида қолишмоқда. “Уларнинг ҳаёти хавф остида, барчаси «Толибон»нинг қора рўйхатига киритилган.

“Улар тасодифий одамлар эмас, сўнгги ўн-ўн беш йил ичида Афғонистон тараққиётига чинакам ҳисса қўшган инсонлар”, дея давом этади Назиров афғон қочқинлари орасида фуқаролик жамияти фаоллари, журналистлар ва санъаткорлар кўплигини назарда тутиб.

«Ўзбекистон ҳали бу юзадан муносабат билдирмади. Тушунишимча, Ўзбекистон «Толибон»дан қўрқади. Ўзбекистоннинг бу мавзуга тортилишни истамайди», дея таъкидлайди сиёсатшунос.

Ўз навбатида, Тошкентда қолиб кетган Марина ўзи ва оиласи учун ноаниқлик тез орада барҳам топишига умид қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, унинг учун оиласи қаерга кўчиб ўтишга мажбур бўлиши унчалик муҳим эмас, лекин у бир нарсани билади: Афғонистонга, «Толибон»га қайтиш мумкин эмас.

«Агар мени Афғонистонга депорт қилишса – шундай хатар кутилмоқда – улар мени шунчаки ўлдиришлари мумкин, тамом, – дея тушунтиради у. – Мен ҳар дақиқа ўйлайман, уйғониб телефонимга тикиламан, календарга қарайман. Яна қанча кунимиз қолди экан».

Манба: DW.com

Тағин ўқинг
9 июн 2020
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси расмий сайти 8 июнь куни “Шўрданак” кўрсатуви муаллифларининг ДАН ходимларидан кечирим сўрагани акс ...
3 ноябр 2015
Улуғбек Ашур Eltuz.com 2 ноябр куни Наманган вилоят радиосининг «Радиомақола» дастурида Озодлик радиоси хақида гап борди. деб хабар берди ...
23 август 2018
«2000 йилларда, зоналарда хизмат қилаётган мелиса ходимлари ҳам аранг рўзғор тебратишаётгани, бунинг оқибатида Каримов олиб бораётган сиёсатга норози эканликлари ...
1 март 2021
Муаллиф: Линн Швейсфюрт, 2021 йил 9 февраль Кийим-кечак ишлаб чиқарувчилар, айниқса, Хитойнинг Шинжон пахта сектори АҚШ санкциялари остида қолганидан сўнг Ўзбекистонни ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...