Сув хўжалиги идорасининг 20 миллиардлик танловсиз қурилиш шартномаси
Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги»нинг «Тошкент сув қурилиш инвест» давлат муассасаси ҳеч қандай тендер ва танловлар ўтказмай, Оҳангарон туманида 2 та кўтармали насос агрегати ўрнатиш ҳамда лоток тармоқларини реконструкция қилиш бўйича «GOLD PRINT MASTER» МЧЖ билан тўғридан-тўғри шартнома тузган.
Шартноманинг умумий қиймати қарийб 20 млрд сўмни ташкил этади.
Очиқ маълумотларга кўра, «GOLD PRINT MASTER» МЧЖнинг соҳавий қурилиш-пудрат ташкилотлари (умумқурилиш-ижтимоий объектлар) бўйича рейтинг баҳоси — DDD, яъни 1-қуйи даража. Корхонанинг устав фонди 3,5 млн сўм деб кўрсатилган.
Шунингдек, мазкур корхона тўғрисидаги маълумотлар Мелиорация ва ирригация рейтингида топилмади. Афтидан бундай қурилиш ишлари бўйича аввал ҳеч қандай буюртма олмаган ва бажармаган. Қурилиш ишларини амалга ошириш учун корхонада ҳеч қандай махсус транспорт воситаларига эга эмас.
PS. Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги давлат муассаси қандай мезон ва ўлчовлар асосида мазкур корхонага йирик қурилиш объектини ишониб топширганлиги ҳақида очиқ манбаларда бирорта маълумот йўқ.